Мен давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлигига таяндим

    Эътибор инсонни ҳаётга бўлган қизиқишини оширади, яхши яшашга, мақсад сари ундайди. Айниқса, юқори ташкилотлар раҳбарларининг олдингизга келиб, ҳол-аҳвол сўраши кўнглингизни кўтараркан.

    Оиласи тинч, турмуши обод, фарзандлари соғлом улғаяётган, севган касби ёки ҳунари билан шуғулланиб оилада, жамиятда ўз ўрнини топган ҳар бир аёл, назаримда, бахтлиман, деб бемалол айта олади.

    Аммо тақдир ҳаммани ҳам шундай неъматлар билан сийлайвермайди. Мен ҳам орзулари осмон бир қиз эдим. Катта оилада вояга етдим. Отам ҳайдовчи, онам 10 фарзанднинг ташвишу қувончи билан андармон, ҳаётини бизга бағишлаган мушфиқ бир аёл эди. Улар оламдан ўтиб кетишди. Бутунлигим, бунёдлигим ота-онам бағрида яшаган кунларимда экан.

    Турмушга чиққач, буни янада чуқурроқ ҳис қилдим. Тақдир экан, иккинчи фарзандим туғилганидан сўнг турмуш ўртоғим билан ажрашдик. Ўшанда фарзандларим 2-4 ёш атрофида эди. Бунга ҳам, мана, 18 йил бўлибди. Ҳозир катта ўғлим Равшанбек 21 ёшда. Қанотимга кириб қолган. Кичиги Асилбек 19 ёшда, у ногирон. Оёқ-қўли ишламайди. Ўғлимни даволатиш учун жуда катта маблағ керак. Бунга қурбим етмас, моддий қийинчиликлар ўзимнинг, фарзандларимнинг ҳаёти, саломатлиги, руҳиятида из қолдираётганди.

    Тақдир синовларини енгиб ўтиш, икки фарзандни тарбиялаш, бировдан кам қилмаслик учун меҳнат билан дўст тутиндим. Гоҳо пахта тердим, баъзан ошхонада идиш ювдим. Аммо топганим урвоқ ҳам бўлмасди. Шундан сўнг 2013 йилда хорижга ишлагани кетдим. Четда ишлашни ҳеч ким орзу ҳам, ҳавас ҳам қилмасин. Чунки ҳеч қаер ватанингга етмайди. Ҳамма ўзга юртда мажбурликдан ишлайди. Мусофирликнинг азоби яширин бўлади, дейишади. Оиламдан узоқда уйни, фарзандларимни соғинмаган куним, соатим бўлмади. Аммо бир она сифатида уларни бекаму кўст катта қилишга бурчлиман.

    Чет элда юрганимда фарзандларимга янгам қарарди. Болалар айни эътиборга, меҳрга муҳтож пайтида уларнинг ёнида эмаслигимдан ўкинардим. Айниқса, алоҳида парваришга муҳтож Асилбекнинг аҳволи қандай экан, деган ўй хаёлимдан кетмасди. Ҳамманинг ўз ҳаёти, ўзига яраша муаммо ва ташвишлари бор. Ногирон фарзанд парвариши б аъзан онанинг ўзига мушкуллик туғдиради, унга бошқа инсон қандай қарай олсин?

    Шу тариқа йиллар ўтди. Топган пулим бетоб ўғлимни даволатиш ва анча таъмирталаб бўлиб қолган уйимни эпақага келтиришга сарфланди. Шу йил ўғлимнинг аҳволи ёмонлашди. Мен “етар шунча сарсон-саргардончилик, юртга, оилам, фарзандларим ёнига қайтишим зарур”, деган хулосага келдим. Уйга қайтгач, биринчи қилган ишим бемор боламни даволатиш бўлди. Ўғлимнинг аҳволи ҳозир анча яхши.

    Мана, қайтганимга ҳам 5 ойга яқин вақт бўлди. Юртда катта ўзгаришлар, янгиликларни кўриб, кўнглим хотиржам бўлади. Маҳаллалар обод бўляпти. Ҳокимият вакиллари хонадонма-хонадон кириб, аҳолидан хабар олиб турибди. Боқувчисиз оилаларга ёрдам қилинмоқда. Ҳеч ким қаровсиз, эътиборсиз қолмаяпти.

    Эътибор инсонни ҳаётга бўлган қизиқишини оширади, яхши яшашга, мақсад сари ундайди. Айниқса, юқори ташкилотлар раҳбарларининг олдингизга келиб, ҳол-аҳвол сўраши кўнглингизни кўтараркан. Ҳокимият вакиллари эшик қоқиб уйга келишганида: “Мен ҳам шу юртга керак эканман-да”, деган ўй ўтди хаёлимдан. Шароитимни ўрганишгач, “Темир дафтар”га киритишди. Кредит олишимга кўмак беришди. Банкдан олган 20 миллион кредитга ўзим йиққан сармояни қўшиб, тадбиркорликни бошладим. Маҳалламиздаги икки қиз менга кўмакдош бўлди. Музлаткич, газ плита харид қилдим. Қатлама патир, турли ширинликлар тайёрлаб, сотувга чиқардим.

    Эрта тонгда қуёш заррин нурларини ёйишга улгурмаган бир пайтда иссиқ қатлама патир ва ширинликларни бозорга, маҳалламиз яқинида қад ростлаган катта-катта дўконларга олиб чиқаман. Маҳсулотимиз тез орада барчага манзур бўлиб, даромад келтира бошлади.

    Туманимиздаги озиқ-овқат дўконларининг кўпи биз тайёрлайдиган маҳсулотларга қизиқмоқда. Шу сабаб келгусида ишимни кенгайтириб, фарзандларим орзусини рўёбга чиқармоқчиман. Айниқса, ногирон боламни саёҳатга олиб чиқсам, унга Самарқанду Бухоронинг диққатга сазовор жойларини кўрсатсам, дейман.

    Аввалроқ “ўзга юртда ишлаб, тўплаган озгина маблағим ҳам сарфланиб боряпти, энди буёғига қандай яшайман”, деган оғир ўй елкамдан босиб турарди. Бугун ҳаммаси ўзгарди. Бунга давлатимиз томонидан яратилган шароит ва имкониятлар сабаб бўлди. Инсонга ақл ва ирода билан бирга ишонч ва эътибор ҳам зарур экан. Мен ана шу эътибордан ўсдим, шу яхшиликка таяндим. Юртимиздаги ўзгаришларни кўриб қаддимни тиклашим, молиявий аҳволимни ўнгл ашим лозимлигини англадим ва фарзандларим бағримда, муносиб ҳаёт кечиришим мумкинлигини ҳис қилдим.

    Зуҳра Эгамбердиева,

    Ғузор туманидаги “Обод” маҳалласи

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates