У бошқа шахслар билан тил бириктириб, Кореяга меҳнат мигранти сифатида кетаётган фуқаролардан ортиқча пул ундирганликда айбланганди.
Маълумот учун, Афзал Ирматов 2022 йил 17 мартдан 27 майга қадар Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи, 2022 йил 27 майдан 2023 йил 2 январгача эса агентлик бошлиғи лавозимида ишлаган.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 13 майдаги ҳукми билан Афзал Ирматов Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари (жуда кўп миқдорда фирибгарликка суиқасд), 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари (жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 243-моддаси(жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилганди. Унга 3 йил масъул мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 30 июлдаги ажримига кўра, биринчи инстанция суди ҳукмининг Афзал Ирматовга оид қисми ўзгартирилиб, у жиноий ҳодиса юз бермагани сабабли Жиноят кодексининг 243-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбсиз деб топилди ва оқланди.
Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари, 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари билан унга 3 йил миграция соҳасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 180 млн сўм жарима жазоси белгиланган.
Қамоқда сақланган 576 куни тайинланган жазодан чегирилиб, жарима жазоси 93 млн 600 минг сўмга туширилган ҳамда Ирматов дарҳол суд залида қамоқдан озод қилинди.
Суд ҳукми билан танишган Kun.uz‘нинг маълум қилишича, Афзал Ирматов 2022 йил январ-декабр ойлари давомида фирибгарлик йўли билан бойлик орттириш мақсадида Кореяга меҳнат мигранти сифатида кетиши аниқ бўлган фуқаролардан авиачипта учун ортиқча пул маблағларини қўлга киритиш борасида уюшган гуруҳ ташкил этгани келтирилади.
У гуруҳ аъзолари билан 2022 йилнинг 6 январ кунидан 19 декабрига қадар бўлган вақт оралиғида Кореяга кетган фуқаролардан ортиқча йиғилган жами 14 млрд 416 млн сўмни қўлга киритиб, тақсимлаб олгани айтилади.
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 8 апрелдаги ҳукми билан Афзал Ирматов айбсиз деб топилди ҳамда реабилитация қилинди. Жиноят ишининг унга оид қисми тугатилди.
Афзал Ирматовнинг қамоққа олингани 2023 йил март ойида маълум бўлганди. У 2010 йилдан 2013 йилгача ҳам Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида раҳбар бўлиб ишлаган.