Унда мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг миграция соҳасида мавжуд масалаларни комплекс ўрганиш, муаммоларни бартараф этиш ҳамда соҳани янада тартибга солиш бўйича “йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ахборотлари эшитилди.
Ўзбекистоннинг Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорлик алоқаларини фаоллаштириш, ривожланган ва етакчи хорижий мамлакатларнинг рекрутинг ташкилотлари ва салоҳиятли иш берувчилари билан ҳамкорликни жадаллаштириш назарда тутилгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, норасмий миграцияга кетаётган фуқаролар сонини кескин камайтириш ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолиятини тартибга солиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, мажлисда “йўл-харитаси”нинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишида тизимли муаммо ва камчиликларга йўл қўйилгани ҳам айтиб ўтилди.
Хусусан, миграция соҳасида хусусий консалтинг агентликлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари фаолиятини тартибга солиш учун ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни такомиллаштириш, одам савдосига қарши курашиш ва ноқонуний миграциянинг олдини олиш зарурлиги билан боғлиқ камчиликлар санаб ўтилди.
Устувор йўналишларда белгиланган мақсад ва вазифаларни лозим даражада амалга ошириш учун мамлакатимизнинг хорижий ҳамкор давлатлар билан миграция соҳасида ҳамкорлик алоқаларини янада фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Мажлис якунида Сенат аъзолари томонидан соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди ва Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.