Президент мактаблари ташкил этила бошлаганда давлатимиз раҳбари улар бошқа муассасалар учун андоза бўлиши, таълим муҳитини ўзгартиришини айтган эди. Шундай бўляпти ҳам. Замонавий таълим тенденцияларини ўзида мужассам этаётган бу ўқув даргоҳларидаги илғор тажриба бугун умумтаълим мактабларига татбиқ этилаётир.
Интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш, илмий ва инновацион фаолият ҳамда халқаро ҳамкорликни самарали ташкил этиш мақсадида фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш олдимизда турган долзарб ва кечиктириб бўлмас вазифадир.
Ахборот технологиялари асрида илм-фанни ривожлантириш, ўқитишга эътибор қаратиш давр талаби бўлиб қолмоқда. Бу эса шунчаки ўз-ўзидан бўладиган, осон, жўн иш эмас. Бунинг ортида кўпчиликнинг катта меҳнати ва машаққатли заҳмати ётади.
Президент, ихтисослаштирилган мактабларда математика, физика, кимё, биология, ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади. Бундай ўқитиш тизими орқали болада креативлик, қунт, қизиқувчанлик каби қобилиятлар ривожланади.
Юксак натижа берган ижобий тажриба, халқаро метод юртимизнинг барча туманида амалиётга татбиқ этилиши назарда тутилган. Бугун Президент мактаблари бу борада локомотив вазифасини бажаряпти.
Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ёшларнинг жаҳон андозаларига мос шароитда замонавий билим олиши ва касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш, қобилияти ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук инсонлар бўлиб вояга етишини таъминлаш, ўғил-қизларимиз қалбида она юртга садоқат ва фидойиликни камол топтириш борасида муайян ишлар бажарилмоқда. Мактабларимиздаги таълим тизими қанчалик самара бераётганини ўқувчиларимиз эришаётган ютуқларга қараб баҳолаш мумкин.
Миллион долларлик грант — одатий гап
Ҳар қандай давлат учун тараққиёт йўлидаги асосий таянч билимли кадрлардир. Замон ўзгаряпти, таълимдаги тенденциялар ҳам шундай бўлиши зарур. Президентимизнинг ўтган йил 14 апрелдаги фармонига биноан, халқ таълими тизимидаги 193 та ихтисослаштирилган мактаб Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказилди.
Баъзи сайтларда ўқувчиларимиз хорижий таълим муассасаларининг 300, 400, 600 минг долларлик грантини ютгани ҳақида ёзилади. Бу каби ҳолатлар фаолиятимизда деярли ҳар куни кузатилади. Буни ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларимизни кузатиб бораётганлар жуда яхши билади.
Шу сабабли бўлса керак, бу каби янгиликларга одам ўрганиб ҳам қолди. Мақсадимиз бундай янгиликларни янада кўпайтириш ва грантлар миқдорини оширишдир. 2022 йилда Президент мактаблари битирувчиларининг 90 фоиздан ортиғи дунёнинг нуфузли 100 талигига кирадиган олий ўқув юртларидан таклиф олди.
Бу йил Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Жаъфар Орифжонов дунё рейтингида 6-ўринда турувчи Калифорния технологиялар институти грантини ютган ўзбекистонлик биринчи талаба бўлди.
Наманган шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси Гўзалхон Ҳайдарова АҚШнинг дунё рейтингида 7-ўринда турувчи Принстон университетига 100 фоизли грант асосида ўқишга қабул қилинди. Нафақат Президент мактаблари, балки ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари ҳам бир пайтнинг ўзида хорижнинг бир неча нуфузли университетлари талабалари сафига қўшилган.
Тил билиш халқаро сертификатини қўлга киритаётган ўқувчилар сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда. Кўрсаткичларини янада яхшилаш мақсадида улар ўз устида тинимсиз ишламоқда.
Жумладан, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг 10-синф ўқувчилари FLEX — Келажак лидерлари алмашинуви дастури бўйича финал босқичининг 100 фоизли таълим грантини қўлга киритди. Энди улар келгуси ўқув йилида АҚШда билимини ошириб келади. Бундан ташқари, битирувчиларнинг 75 фоизи агентлик тасарруфидаги “Янги Ўзбекистон” университетида ўқишни давом эттиряпти.
Халқаро мақомга интилиш
Айни пайтда Президент мактабларининг Халқаро мактаблар кенгашига аъзо бўлишига доир белгиланган талаблар кўриб чиқилмоқда. Мазкур талаблар таълим муассасаси фаолиятининг сифатли ташкил этилгани, ўқув дастурининг муваффақиятли жорий қилингани, ўқувчилар учун зарур шароитлар яратилгани ҳамда мактаб жойлашган бинонинг хавфсизлик талабларига жавоб беришидан иборат.
Президент мактаблари дастлабки икки офлайн босқичдан муваффақиятли ўтди. Энди кенгаш вакиллари Тошкент, Нукус, Хива ва Наманган шаҳарларидаги Президент мактабларини онлайн ўрганмоқда. Ўрганиш натижасига кўра, Президент мактаблари Халқаро мактаблар кенгашига аъзо бўлиши мумкин.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги мутахассислари хориж тажрибасини ўрганган ҳолда ихтисослаштирилган мактаблар учун интеграциялашган таълим дастурларини ишлаб чиқди.
Жумладан, АҚШ, Россия сингари давлатларнинг таълим дастурлари, International Baccalaureate, SAT каби имтиҳонлар, PISA, TIMSS, PIRLS халқаро баҳолаш дастурлари мазмуни таҳлил қилиниб, миллий таълим дастурининг энг афзал жиҳатлари билан уйғунлаштирилди.
Рақобатга муносиблик масъулияти
Президентимиз 2019 йилда Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева номини абадийлаштириш, истеъдодли ёшларга шароит яратиш мақсадида ижод мактабини ташкил этиш таклифини билдирган эди. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилиниб, ўша йили декабрда шоира номидаги таълим маскани фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбари яқинда Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида ушбу таълим муассасасида ҳам бўлди. Муаллим ва зиёлилар билан суҳбатда таълим сифати, соҳадаги ислоҳотлар ҳақида сўз борди.
— Биз биринчи кундан таълим сифатини яхшилашга, муаллимларнинг мақоми ва обрўсини кўтаришга ҳаракат қиляпмиз. Бу ҳақдаги меъёрларни Конституцияга ҳам муҳрлаяпмиз. Кўряпсизлар, замон мураккаб бўлиб кетяпти. Қачон биз бу рақобатга муносиб бўламиз? Билимли бўлсак. Шунинг учун таълим мазмунини ислоҳ қилиб, ёшларга шароит яратяпмиз. Замонлар ўтади, муҳит ўзгаради. Бугунги пойдевор натижасини халқимиз албатта кўради. Ёшларимиздан яна кўплаб Бухорийлар, Берунийлар, Улуғбеклар чиқади, — деди Президентимиз.
Ижод мактабларини университетларга бириктириш, вилоятдаги мактаблар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, истеъдодли ёшларнинг китобларини чоп этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мактабда умумтаълим фанлари билан бирга, она тили ва адабиёт чуқур ўргатилади. Бугун 7–11-синфларда таълим олаётган 180 нафар иқтидорли ўғил-қизнинг пухта билим олиши учун барча зарур шароит этилган. Жумладан, барча ўқув синфлари, компьютер, лаборатория хоналари, спорт зали ва ётоқхона замонавий жиҳозланган. Мактаб кутубхонасида 3 минг 500 дан зиёд бадиий адабиёт жамланган.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларда ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, дарсдан ташқари машғулотлар самарадорлигини ошириш мақсадида мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинган.
Ушбу вазифада фаолият юритаётган ходимлар ўқувчиларни мустақил ҳаётга тайёрлаш билан бирга фан ва спорт тўгаракларига мунтазам қатнашини назорат қилади. Шунингдек, болаларнинг қизиқишига қараб, муайян касб ёки фан тўгаракларига йўналтиради. Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида ҳам шундай шароитлар яратилган.
Чет эл даражасидаги маҳаллий университет
Бугуннинг илмга чанқоқ ёшлари таҳсил олиши учун барча шароитга эга ОТМлардан бири, шубҳасиз, “Янги Ўзбекистон” университетидир. Эгаллаган билим ва кўникмасини мустаҳкамлашни истаган баъзи ўқувчилар мактабдан кейин ўқишни хорижда эмас, балки юртимизда давом эттиришни истамоқда.
Айни вақтда “Янги Ўзбекистон” университетида таҳсил олаётган ёшлар жамоавий ишлаш, биргаликда фаолият юритишни ҳам амалиётга татбиқ этмоқда. Хорижий олийгоҳлар билан йўлга қўйилган самарали алоқалар туфайли билимли, зукко талабалар бошқа мамлакатлардаги таълим жараёнида иштирок этиш, билим алмашиш имконини қўлга киритмоқда.
Университетда дарслар тўлиқ инглиз тилида ташкил этилган. Талабалар тадқиқотларини янада ривожлантириш учун чет давлатларга бориши ҳам мумкин. Уларнинг харажати университет томонидан тўлиқ қопланади. ОТМни битирган ҳар бир талаба миллий кадрлар захирасига олиниб, беш йиллик иш тажрибасидан сўнг раҳбарлик лавозимига тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади.
“Янги Ўзбекистон” университетида таълим жараёни дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда олиб борилади. Университет ва дунё олий таълим муассасалари рейтингига киришга йўл-йўриқ кўрсатадиган THE (Times Higher Education) ташкилоти ўртасида меморандум имзоланган. Яқин 2 йилда университет кўрсаткичини юқори поғонага кўтариш ва 2030 йилга бориб, мазкур олий ўқув юрти дипломини чет мамлакатларда тан олинадиган даражага олиб чиқиш кўзда тутилган.
2023-2024 ўқув йили учун ҳозир кимё ва материалшунослик муҳандислиги, механика муҳандислиги, электр муҳандислиги, дастурий таъминот муҳандислиги, киберхавфсизлик, сунъий интеллект ва робототехника, амалий математика, иқтисодиёт ва маълумотлар таҳлили, педагогика ҳамда саноат бошқаруви йўналишига ҳужжатлар қабул қилинмоқда.
Бугун олийгоҳда 396 талаба таҳсил оляпти. Дарслар хорижлик малакали профессорлар томонидан ўтилади. Уларнинг сони ҳозирги ОТМдаги жами профессорлар сонининг 66 фоизини ташкил этади. Жумладан, кимёга доир дарсларни германиялик, ахборот технологияларига оидларини ҳиндистонлик ҳамда жанубий кореялик, иқтисодиёт хусусидаги машғулотларни туркиялик профессорлар ўтади.
Қабул низомига кўра, университетда иқтидорли талабаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш учун давлат гранти Президент мактабларининг халқаро даражадаги тегишли дастурлар дипломи ёки сертификатига эга битирувчиларига, Ўзбекистон Республикасининг кириш имтиҳонида юқори балл тўплаган фуқароларига, халқаро математика, физика, кимё, биология, информатика олимпиадаларининг синовлардан муваффақиятли ўтган ғолибларига, шунингдек, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилаларнинг университетга кириш имтиҳонидан муваффақиятли ўтган фарзандларига нисбатан татбиқ этилади.
Хорижда ўқиётган ёшлар орзуси
Бугун эзгу ниятда қадалган, яхши парвариш қилинган ниҳол эртага, албатта, ўз мевасини берганидек, ёшларга қаратилаётган юксак эътибор келгусида самара беради. Зеро, уларга ишонч ва қаратилаётган эътибор замирида ҳар томонлама етук, дунёқараши кенг, тезкор ва аниқ қарор қабул қила оладиган авлодни тарбиялаб вояга етказиш мақсади бор. 2019-2020 йилларда Нукусдаги Президент мактабида директорлик қилганман.
Мактабимизни тамомлаб, хорижда ўқиётган ўқувчилар билан ҳозиргача интернет орқали хат ёзишиб турамиз. Улар “Яратилган имкониятлар туфайли биз ҳозир мамлакатимиздан йироқда билимимизни оширяпмиз. Ўқиш давомида бу ердаги ташкилотлардан иш таклиф этилаётган ҳолатлар ҳам кўп бўлади.
Лекин биз бу ерда қолмаймиз. Билим ва тажрибамизни ошириб, жонажон Ватанимизга қайтамиз. Билдирилган ишончни оқлаб, юртимиздаги ишларда камарбаста бўламиз”, дейди. Ёшларнинг ўзидан бундай гапларни эшитгач, ушбу мактабларни очиш ғояси нақадар тўғри ва оқилона қарор бўлганига ишонч ҳосил қилади киши.
Алишер УББИЕВ,
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори.
(“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 4 май, 86-сони)