Бирлашган Араб Амирликларида “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” халқаро саммити бўлиб ўтмоқда. Ҳафталик доирасида Зайд Барқарорлик Мукофоти (Zayed Sustainability Prize) ҳам топширилди.
Мазкур мукофот экологик барқарорлик ва инсон фаровонлигига хизмат қилувчи инновацияларни рағбатлантиришга қаратилган бўлиб, 2008 йилда БАА асосчиси Шайх Зайд бин Султон ал-Наҳайён меросини давом эттириш мақсадида таъсис этилган.
Эътиборлиси, Тошкент шаҳридаги Президент мактаби барқарор ривожланиш бўйича Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги нуфузли мукофотнинг "Глобал ўрта мактаблар" номинациясида ғолиб деб топилди.
Мукофотни Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён топширди.
Абу-Дабидаги тақдирлаш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Давлатимиз раҳбари мактаб вакиллари билан учрашиб, уларни ғалаба билан қизғин табриклади.
Маълумот ўрнида: ушбу мукофот соғлиқни сақлаш, таълим, энергия, сув ва глобал мактаблар каби 5 йўналишда берилади. Ҳар бир йўналишда ғолиблар барқарорлик лойиҳалари учун молиявий ёрдам олади.
Жами фонд — 3 миллион доллар. Мукофот миллионлаб одамларнинг ҳаётини ўзгартириб, ижобий таъсир кўрсатган.
Бу йил мукофотга 156 давлатдан 5980 та лойиҳа аризаси келиб тушган. Ғолиб жамоа 150 минг АҚШ доллари грант олади.