Ўзбекистон таълими тизими ютуқлари халқаро майдонда яна бир бор эътироф этилди. Тошкент шаҳридаги Президент мактаби Шайх Зоид Ол Наҳаён номидаги нуфузли мукофотнинг «Глобал ўрта мактаблар» номинациясида ғолиб деб топилди.
Мактаб ўқувчилари Паҳлавон Ғуломов ва Асилбек Ашрапов ҳамда уларнинг устози Соҳибхон Азизовнинг ёмғир сувини ичишга яроқли даражагача қайта ишлаш лойиҳаси ғалабани қўлга киритди. Танловга 156 та давлатдан жами 5980 та ариза келиб тушган эди.
Абу-Дабида мукофотни ўқувчиларга Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён шахсан топширди.
"Ёшларимизнинг бу ажойиб муваффақияти барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди, шунингдек, Президентимиз танлаган барқарор ва «яшил» ривожланиш йўли нақадар тўғри эканлигини яна бир бор тасдиқлайди. Биз ўқувчиларимизга янада юксак ютуқлар ва янги зафарлар тилаймиз," — деб ёзади Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.