Миллатнинг улуғлиги тил, адабиёт ва санъат билан ёхуд "Инсон қасидаси"нинг бардавом умри

    Шундай даҳо ижодкорлар борки, улар яратган асарларни миллионлар қалб мулки, маънавиятимиз жавоҳирлари сифатида қадрлаймиз. Даврлар ўтади, улар таъсирида юзлаб истеъдодлар камол топиб юқори чўққиларни забт этади.

    Ўз навбатида, бу шахслар даҳо ижодкорларни ўзларининг устозлари деб билишади. Ҳайратланарлиси шундаки, ана шу устозлик ва шогирдлик муносабатларига ҳатто улар яшаган давр оралиғидаги юзлаб йиллар ҳам моне бўлолмайди.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларнинг кўлами ниҳоятда катта. Том маънода айтиш мумкинки, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари қадам ташладик. Бу юксалиш ва ўзгаришлар замирида илм-фан, адабиёт, санъатга улкан ­эътибор ётишини мамлакатимиз раҳбари ўзининг ҳар бир нутқида қайта-қайта таъкидлаб келмоқда. Миллатнинг борлигини, улуғлигини намоён этиб турувчи жиҳатлар, бу унинг тили, адабиёти ва санъатидир.

    Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти этиб сайлангач, имзолаган илк қарорларидан бири ҳам бевосита адабиёт соҳасига дахлдор бўлди. Яъни элимизнинг суюкли фарзанди, забардаст шоир, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида махсус қарор эълон қилинди.

    Халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Инсон қасидаси” Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилганлигининг 75 йиллигига бағишланган “UN75” онлайн-тадбирда ўзбек, қозоқ, турк, араб, инглиз, рус, итальян ва тожик тилларида баралла янгради. Бу дегани ўзбек шоири илгари сурган умумбашарий ғояга дунёнинг энг юксак минбаридан туриб кучли хайрихоҳлик билдирилди.

    Агар устоз Эркин Воҳидовнинг ижодий бисотида танҳо шугина шеъри бўлса ҳам эди, у зотнинг покиза руҳи барибир абадиятга дахлдор бўлиб қолаверарди. Зеро, бу муҳташам мис­раларни битиш учун шоиримиз жаҳон мутафаккирлари зеҳниятининг неча булоқларидан тўйиб-тўйиб симирган, неча дурдона асарларнинг маъно махзанларидан қувват олган ва уларни она тилимизга ўгириб, бутун ўзбек халқини ҳам баҳраманд бўлишига ҳисса қўшган.

    Донишманд ўзбек шоирини қаттиқ ташвишлантирган чўнг фалсафа бугун дунёнинг турфа миллат вакиллари қалбини ҳали-ҳамон титратиб турибди. Орада неча авлод туғилиб улғайди, неча сувлар оқиб ўтди.

    Олам буткул ўзгарди, лекин шоҳ асар — “Инсон қасидаси”нинг қадри ўзгармади. Мағзининг тўқлиги, мазмунига сингган ғоянинг бақувватлиги туфайли қасида замони ва маконини кенгайтириб яшаб келмоқда.

    Айниқса, бугун бани башар мана шундай кучли мафкурага ташна. ­Дун­ё­да кечаётган ғалати воқеалар тўфонида инсоният аслиятини, моҳиятини янгидан эслаб олиши бугун ниҳоятда зарур.

    Зуваласи пишиқ шеърнинг умри гўзал қўшиққа уланиб кетади. ­“Инсон қасидаси”ни устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Шерали ­Жўраев ижросида эшитиб улғайганмиз. ­Президентимиз тақдим этган ғоя асосида “Инсон қасидаси”ни умумбашарий қўшиққа айлантириш ишига жамоа бўлиб киришилди. Шеърга Нодир ­Умаров куй басталади, Азиз Холмуродов куйни сайқаллади, Дилмурод Маткаримов овозларни ёзиш ишига масъул бўлди, Санжарбек Маткаримов клип концепциясини ишлаб чиқди.

    Ёзувчилар уюшмасининг кўмаги билан шеър бошқа тилларга ўгирилди. Кейин ушбу лойиҳа бўйича ҳамкорлик юзасидан дунё юлдузлари жалб қилинди. Шу ўринда тилнинг, сўзнинг қудрати ҳақида яна бир гапни айтиб ўтиш ўринли. Ташаббускорлар турли мамлакатларнинг машҳур хонандалари билан боғланганида, аввалбошда катта-катта гонорарлар талаб қилишган экан. Албатта, “юлдуз” бўлгач, бунга ҳаққи бор. Лекин ушбу лойиҳа моҳиятини англаб етганидан кейин бирин-сирин гонорардан воз кечишган экан. Кўпчилик хорижлик хонандалар бу қўшиқни айтиш учун пул олиш айб, дейишган.

    Россиялик машҳур хонанда Олег Газманов лойиҳадаги иштироки учун олдиндан олиб бўлган гонорарини Тошкентдаги Меҳрибонлик уйларидан бирига ўтказди. Мана, инсонийлик қандай яралади. Мана, сўзнинг қудрати, маънонинг моҳияти...

    Шу зайлда Ўзбекистон ташаббуси билан халқаро лойиҳа дунёга келди. “Инсон қасидаси” ўзбек тилида Озодбек Назарбеков, қозоқ тилида Омирқул Айниязов, араб тилида Аҳмад Ал-Хурайбий, туркчада Рафет Эл-Роман, итальян тилида Алессандро Сафина, инглиз тилида Дилафруз Рустамова, тожик тилида Зафар Абдуалимов, рус тилида Олег Газманов лафзидан янг­ради. Ғоя ғояга уланди. Бу қўшиқ донишманд халқимизнинг умуминсоний қадриятларга оҳангдош мафкурасини тараннум этди.

    Шоирнинг ижодий маҳсули бўлган қасида айнан тил орқали жаҳон маданиятининг дурдонаси сифатида баралла жаранглади. Демак, бугун ҳар бир миллат вакиллари қатори, айниқса, ижодкор зиёлилар, шоир-ёзувчилар, таржимонлар, драматурглар, сценаристлар тилимиз софлигини сақлаш, бойитиш ва уни умумжаҳон тиллар доирасидаги қадриятини оширишга ­камарбаста бўлиши лозим.

    Қундуз НИШОНБОЕВА,

    Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

    санъатшунослик ва маданиятшунослик кафедраси доценти,

    тарих фанлари номзоди

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates