Миллий архив фондида сақланаётган энг ноёб ва антиқа ҳужжатлар қайсилар?

    Ижтимоий ҳаёт 9 июн 2020 11003

    9 июнь – Халқаро архивлар куни

    Мамлакатимиз архивларида сақланётган энг қадимий ҳужжат IX асрга тегишли бўлиб, у Бухоро амири Исмоил Сомонийнинг ўз авлодларига атаб вақф қилинган ерлар ҳақидаги ҳужжатидир. Архивларда 1500 дан ортиқ вақф ҳужжати коллекцияси сақланиб, уларнинг энг узуни 83 метр, энг қисқаси 20 сантиметрни ташкил этади.

    Ҳужжатлар тери, қоғоз, калькага битилган. Сақланаётган қадимий ҳужжатлар, асосан, араб, форс-тожик, эски ўзбек ва рус тилларида битилган. Архив ҳужжатлари даврийлик нуқтаи назаридан уч даврни қамраб олдаи: 1917 йилгача бўлган тарихий давр, 1917–1991 йиллар ва 1991 йилдан ҳозирги кунгача бўлган мустақиллик даври. Архивларда 800 минг сақлов бирлигидан ортиқ алоҳида қимматли ҳужжатлар сақланмоқда. “Вақф ҳужжатлари коллекцияси”, “Хива хонлари канцелярияси”, “Бухоро амирлиги”, “Қўқон хонлиги” ва бошқалар шулар жумласидандир.

    Сақланаётган ҳужжатларнинг ноёблиги ва дунё тамаддунидаги аҳамиятли инобатга олиниб, ЮНЕСКО томонидан 2017 йилда 20 минг сақлов бирлигидан ортиқ “Хива хонлари канцелярияси” ҳужжатлари “Жаҳон хотираси” дастурининг Халқаро рўйхатига киритилди. МДҲ мамлакатлари архивлари орасида Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт миллий архиви биринчи бўлиб ва бугунги кунда ягона ISO 9001:2008 сифат менежменти тизими сертификати ҳамда ISO 37001:2016 коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими сертификатига эга бўлди.

    Архив мутахассисларининг иши ниҳоятда масъулиятли ва машаққатли. Тарихнинг тилсиз гувоҳлари бўлган, вақт синовлари натижасида увадаланиб, сарғайиб кетаётган қўлёзма, дурдона манбаларни тиклайди. Ҳужжатларни асраб-авайлайди, келгуси авлодга безавол етиб бориши учун жон куйдиради.

    Битта мисол. Шу кунгача Иккинчи жаҳон урушида 1 миллион 500 минг ўзбекистонлик иштирок этган деб ҳисобланар эди. Архив ҳужжатларини ўрганиш асносида фашизмга қарши курашда 1 миллион 951 минг нафар ватандошимиз қатнашгани маълум бўлди. Бу бир қарашда шунчаки рақамлар ўзгаришига ўхшашиши мумкин. Бироқ бунинг учун миллионлаб архив ҳужжатлари қайта ўрганиб чиқилган.

    Ўзбекистонда архивларнинг пайдо бўлиши уч минг йиллик давлатчилик тарихи билан боғлиқ. Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш шароитида анъанавий сарой, диний ва шахсий архивлар билан бир қаторда девон, кутубхона ва мадрасаларда ҳам ҳужжатларни жамлаш ҳамда сақлаш ривожланган. Марказий Осиё ҳукмдорларининг бугунги кунгача сақланиб қолган архив ҳужжатлари, асосан, мукофотлар бериш тўғрисидаги қайдлар, солиқларнинг тўлов қоғозлари, иқтисодий мазмундаги ёзишмалар ва камдан-кам ҳолларда ҳужжатлар нусхасидан иборат. Саройларда иш юритиш ва ҳужжатларни сақлаш билан шуғулланувчи девонбеги, парвоначи, китобдор, шотир каби лавозимлар бўлган.

    Ватанимиз ҳудудида қадимдан архивларнинг мавжуд бўлгани Тупроққалъа харобасида олиб борилган археологик қазишмалар пайтида исботланган. Бу ерда милодий III-IV асрларга оид қадимги хоразм тилида ёзилган юзга яқин ҳужжат топилди. Улар Хоразм ҳукмдорлари архивига тегишли экани аниқланди. Ҳужжатларнинг 18 таси ёғочга, кўпи ошланган чармга ёзилган. Саккизта ҳужжат яхши сақланган. Ҳозирги кунга қадар юзга яқин ҳужжатдан атиги 26 тасини олимлар ўқишга муваффақ бўлди.

    Бугун биз билган шаклдаги архив эса 1919 йили ташкил этилган. Ўтган асрнинг 30-йилларида марказий архивлар тармоғи шакллана бошлади. Бу эса миллий аҳамиятга эга ҳужжатларни жамлаш имконини таъминлади.

    Миллий архив фондига тегишли йиғмажилдларнинг 170 мингдан ортиғи алоҳида кимматга эга. Улар орасидаги Хива хонлиги архив ҳужжатлари “Жаҳон хотираси” дастурининг Халқаро рўйхатида 3-ўринда эътироф этилиб, дунё аҳамиятига молик бебаҳо мерос сифатида қайд этилган. Йиғмажилдда хоннинг ёрлиқлари, халқаро дипломатик алоқалар, ходимларни мансабга тайинлаш, фуқароларни рўйхатга олиш ва масалалар қамраб олинган.

    Ноёб фондда Хива хонлигининг маъмурий-ҳудудий жойлашиши, давлат бошқаруви, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, савдо алоқалари, халқнинг турмуш тарзи ва маданиятига оид кенг қамровли маълумотлар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивида сақланаётган ушбу ҳужжатлар 1268 та йиғма жилддан иборат бўлиб, 20 минг варақни ташкил этади. Хива хони Ануш Муҳаммад Баҳодирхоннинг фуқаро мулла Маҳмуд ва унинг фарзандларига берган тархон ёрлиғи фонддаги энг қадимий ҳужжат бўлиб, милодий 1664 йилга тааллуқлидир. Хива хонининг Англия консули билан турли масалалар хусусидаги ёзишмалари 1846 йилга тегишли. Хатдан икки давлат ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, савдо-сотиқни ривожлантириш ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш масалалари қамраб олинган.

    Шунингдек, Хива хонига ёзилган мурожат кўпчиликнинг эътиборини тортади. Ушбу мактуб хонликда анча йиллар хизмат қилган қул томонидан ёзилган бўлиб, ҳукмдордан уни қулликдан озод қилишини сўраган. Унинг ёзишича, “Қирққулоқ” деган мавзеда ота-боболари яшаб ўтган ва қариндош-уруғлари ҳам шу манзилда истиқомат қилади. Хизматкор ўз мактубида шу манзилга бориб ҳаётини давом эттириш учун хондан изн сўраган.

    Хива хонлигидан Россия давлатига боришга ижозат берувчи ҳужжат, аниқроғи, паспорт фуқаро Шайх Назар Муҳаммадназар ўғли ва Бекжон Бобожон ўғилларига берилган. Бу ҳужжат берилган кундан бошлаб фуқаронинг уч ой мобайнида Россиядаги турли шаҳарларга бориб, ўз ишини битириб келиши учун рухсатнома вазифасини ўтаган. Паспортда фуқаронинг исми, отасининг исми, ёши, бўйи, кўзининг ранги, қоши, бурни, соқоли, юзи, тоифаси (миллати), қавми (қайси уруғдан экани), яшаш манзили, паспорт серия рақами, берилган санаси аниқ кўрсатилган. Паспорт рус ва туркий-чиғатой тилларида ёзилган. Унинг пастки қисмида муҳр, марка ва имзо мавжуд. Ушбу ҳужжат 1908 йилга тааллуқли.

    Санобар ЖУМАНОВА тайёрлади.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates