Миллий ғурур — ватанга муҳаббат ҳосиласи

    Биз мард, танти, муҳими, эл-юрт қайғуси билан яшайдиган инсонларни Алпомишга менгзаймиз. Хўш, Ҳакимбек исмли бола қандай қилиб Алплик мақомига эришди?

    Гап шундаки, алплик ҳам жисмонан, ҳам руҳан камолотга етиш билан белгиланади. Яъни, алплик комил инсон тушунчасининг муқобилидир. Шу боис, Ҳакимбек етти ёшгача барча илмларни ўзлаштирди. Сўнг жисмоний машқлар бажаришга ўтди. Алп бобосидан мерос қолган ва ҳали ҳеч ким кўтара олмаган ёйдан ўқ узди. Шу тариқа Ҳакимбек илм ўрганиб, жисмонан чиниқиб, аждодлар меросига муносиб авлод – Алпга айланди.

    Аждодлар закосидан сабоқ берадиган ушбу достонда комил инсон тарбиясида илм-маърифат биринчи ўринга қўйилган. Шу нуқтаи назардан, бугун мамлакатимизда ҳар жиҳатдан етук авлодни камол топтириш сиёсати юритилаётгани бежиз эмас. Бу сиёсатнинг таг замирида аждодлар юрган йўлдан оғишмай кетаётганимизни кўриш мумкин.

    Хўш, комил инсон мезонларига мос келадиган авлодни тарбия қилиш учун нималарга эътибор бериш зарур? Таъкидланганидек, аввало, ёшлар илмли, жисмонан бақувват бўлмоғи керак. Бундай ёшлар эл-юртга наф келтирадиган кучга айланиши учун эса улар қалбида миллий ғурур туйғуси шаклланиши шарт.

    Бу ўринда миллий ғурур нима, деган савол туғилиши табиий.

    Шу кунларда ижтимоий тармоқларда тахминан 5-синфда ўқийдиган ўқувчи билан боғлиқ лавҳа тарқалди. Унда ўқувчи устозининг саволига жавоб бериб, отаси машина тузатадиган уста, онаси уй бекаси эканини айтади. Синфдошлари уни мазах қилиб кулади, боланинг кўзига ёш келади. Аммо бошини тик тутиб, ота-онам билан фахрланаман, дейди. Унинг мана шу гапи миллий ғурурнинг ҳаётий ифодасидир. Миллий ғурури бор инсон ўша бола каби ёт қарашдаги одамлар орасида, танг аҳволда ёлғиз қолсада, бошини тик тутиб оиласи, ватани, миллати шаънини ҳимоя қила олади.

    Барча даврларда мафкуравий ҳужум энг хатарли кураш ҳисобланган. Тарихий китобларда мустаҳкам қалъалар душманга ичкаридан очиб берилгани ҳақида кўп ўқиганмиз. Масалан, Буюк Хитой девори билан боғлиқ асотирларда, девор тиклангач ҳам бир неча бор ғанимлар ҳужум қилиб ичкарига киргани, шундан сўнг император ватанни улкан девор эмас, юртсевар одамлар ҳимоя қилар экан, деган хулосага келгани айтилади.

    Бугун эса мафкуравий кураш кўлами жуда кенгайди. Глобаллашув сабаб уйдан чиқмай дунёнинг исталган нуқтасидаги инсонни йўлдан оғдириш мумкин бўлиб қолди. Бундай таҳликали замонда миллий ғурур кўзга кўринмас хуружларга қарши энг самарали ҳимоядир. Негаки, миллий ғурури баланд инсонгина ватанпарвар бўла олади. Юртсеварлик эса энг яхши мафкуравий иммунитетдир. Бундай ёшлар нафақат ўзини ташқи ҳужумлардан ҳимоя қилади, балки йўлдан адашиши мумкин бўлган тенгдошларини ҳам ортидан эргаштиради.

    Бойбўри ўғли Ҳакимбекни илм олишга беради. Достоннинг шу жойида ниҳоятда нозик ишора бор. Бойбўри Ҳакимбекка сабоқ берди дейилмайди. Ўқиб ўрганиш етарли бўлди. Энди салтанат ишларини ўргансин дея кураш, камондан ўқ отишни ўргатиш учун олиб келди, дейилади. Демак, дастлаб Алпомишга таълим-тарбияни устозлар ўргатяпти. Кейин у отасининг кўз ўнгида жисмоний машқ қиляпти. Буни Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур каби улуғ аждодларимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Улар ҳам гўдаклигидан устозлар қўлида таълим-тарбия олган.

    Янги Ўзбекистонда таълимга жиддий эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ўқитувчининг нуфузини ошириш борасидаги ишларни эътироф этиш керак. Шу ўринда ўқитувчининг ўқувчига берадиган тарбияси ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўриш шарт. Жамиятимизда қуш уясида кўрганини қилади, дея тарбияни оиланинг ўзига ташлаб қўйиш одат тусига айланмоқда. Шу қараш соясида бир болага етти маҳалла ота-она, деган тамойилни йўқотиб боряпмиз.

    Кўчада бирорта одобсиз ўқувчига дуч келсак, бировнинг боласи деб, кўз юмамиз. Фарзандимиз тарбиясизлиги ёки яхши ўқимагани учун ўқитувчи қулоғини чўзса, аюҳаннос соламиз, бутун мактаб олдида уни сазойи қиламиз. Ваҳоланки, боламизга сен хато қилгансан дея дакки бериб, унга сездирмасдан қаттиққўл ўқитувчидан болани урмаслигини талаб қилса бўлади. Биз эса билиб-билмай омма олдида ўқитувчи обрўсини тўкамиз. Шу орқали фарзандимиз тарбиясига салбий таъсир ўтказаётганимизни ўзимиз ҳам билмаймиз.

    Ўтган йили ўғлим мактаб ҳовлисида синфдошлари билан кўчат экканини айтиб, «Бизни ишлатиш мумкин эмас, а?!» деди. Бирдан ҳушёр тортдим. Ўғлимга мактаб ҳовлисидаги ободонлаштириш ишлари ҳашар эканини, унда ҳамма қатнашиши зарурлигини айтдим. Аммо дилим ҳуфтон бўлди, қаерда хато қилдим?! Эҳтимол, қачондир унинг ўқитувчиларига нописанд муомалада бўлгандирман. Лекин битта мен қиладиган хато бутун жамиятда такрорланиши керак эмас. Ахир омма ҳал қилувчи кучга эга. Биз эса ким ҳақ экани, ҳолатга қандай ҳуқуқий баҳо берилганидан қатъи назар, ўқитувчи ва ўқувчи орасидаги муносабатларни оммавий муҳокама қиляпмиз.

    Ахир бу устозлар обрўсига путур етказади. Бола ҳаётидаги муҳим шахс, устозини ҳурмат қилмаса, аста-секин дўстларига, яқинларига бўлган муносабати ҳам ўзгариб боради. Чунки унинг тарбияси мукаммал бўлмайди. Одоб қоидаларига тўлиқ амал қилмаслик унинг ахлоқи ўзгаришига олиб келади. Бундай ёшлар онгига миллий ғурурни сингдириш осон эмас. Негаки, ахлоқ – ўқ илдиз. Дарахтнинг касаллиги унинг илдизи, танасида бошланади. Аммо хасталик аломати дастлаб энг тепа баргларда намоён бўлади. Ахлоқ нормалари ҳам худди шундай. Дастлаб унинг илдизига болта урилади. Бу зарбанинг кучи эса эндигина тетапоя бўлаётган ёшлар ҳаётида кўринади. Худди дарахт учидаги барглар каби.

    Демоқчимизки, бола устозини ҳурмат қилса, ота-онасининг гапига қулоқ тутади. Дўстларини, ён-атрофдагиларни тинглаш кўникмасини ўзлаштиради. Ахлоқи яхши болага насиҳат кор қилади. Унга интернетдан тўғри фойдаланишни ҳам, билим олиш зарурлигини ҳам уқтира оласиз. Шу боис, жамиятимизда бир болага етти маҳалла ота-она, деган қарашни кенг ёйиш зарур. Бу қараш нафақат бефарқликка барҳам беради, балки инсонлар орасида ўзаро ҳурмат, меҳр каби туйғулар кучайишига сабаб бўлади.

    Шу ўринда бир мулоҳаза. Биз ватанпарварлик деганда юртнинг байроғини баланд тутишни, оламшумул ишларни бажаришни тасаввур этамиз. Аслида, қўлидаги чиқиндини ўз жойига ташлаш ҳам, автобусда ёши улуғларга салом бериб жой бўшатиш ҳам юртсеварликдир. Негаки, юрт чегарасидаги жами инсонлар, тириклик олами жамланиб ВАТАН қиёфасини касб этади. Улардан бирини иккинчисидан ажратиб олиб яхши кўриб бўлмайди!

    Дарҳақиқат, ўзаро меҳр, тушуниш туйғулари инсон ҳаётини тубдан ўзгартиришга қодир. «Алпомиш» достонидан яна бир мисол келтирсак. Қоражон Алпомишни олиб келиш учун Қалмоққа борганида ошиқ ўйнаётган болаларга дуч келади. Битта бола бошқалардан айрилиб, йиғлаб ўтирганини кўриб ундан ҳол сўрайди. Бошқа болалар уни яккалаб, ошиқларини олиб қўйган эди. Шунда Қоражон боладан Алпомиш қаерда эканини сўрайди. У Алпомиш ётган чоҳнинг қаердалигини айтган одамни Қалмоқ шоҳи жазолашини айтади. Қоражон тенгдошлари айириб қўйган етим болага ошиқларини қайратиб олиб беради. Бунинг эвазига у чоҳнинг қаерда эканини айтади.

    Қалмоқ юрт учун муҳим стратегик объект ҳисобланган чоҳнинг қаерда эканини айтган бола етим эди. Демак, у қаровсиз, меҳрсиз. Айни пайтда жамият – тенгдошлари уни қабул қилмайди. Нописанд қараб устидан кулади. Оқибат, етим болада нафрат кучаяди. Бу эса миллий ғурурнинг синишига олиб келади. Илло, миллий ғурур, инсоннинг инсонга, бутун оламга бўлган муҳаббати ҳосиласидир.

    Янги Ўзбекистонни барпо этиш ташаббуси илгари сурилгач, ижтимоий ҳимояга алоҳида эътибор берилди. Ҳатто бош қонунимизга Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деган тушунча киритилди. Камбағалликни қисқартиш учун масъул вазирлик ташкил этилди.

    Қолаверса, деярли барча йиғилишларда Президентимиз мазкур масалани кун тартибига қўяди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Ижтимоий ҳимоядан тўғри фойдалана оляпмизми? У ҳақиқий муҳтожларга етиб боряптими?

    Яна бир ҳаётий мисол. Яқинда Республика ишчи гуруҳи ижтимоий тармоқлардаги ўрганишлар натижаси бўлган видео лавҳаларни тарқатди. Унда тўрт мучаси соғ, икки-уч йилдан буён муттасил ёрдам олиб келаётган оилалар яна мурожаат қилган. Улар олган ёрдамларини тасдиқлаб турибди. Яна уялмай кўмак берилмаса юқори ташкилотларга арз қилишини айтяпти.

    Бу ерда боқиманда оилалар таълим-тарбияси алоҳида мавзу. Аммо улар нега шу аҳволга келиб қолди, деган савол бизни қийнаши керак. Шу пайтгача уларга моддий ёрдам берган маҳалла, туман ҳокимлиги наҳотки боқимандаларни кўпайтираётганини билмаган бўлса?! Меҳнат қилишни истамай текин нонга кўз тикканларга ҳақиқий муҳтож, аммо бировга арз қилмайдиган оилалар ҳаққини беришда виждони қийналмаганми?!

    Бундай саволлар ҳар бир масъулни қийнаши керак. Уларнинг виждонини уйғотиш, ҳушёрликка чақириш эса зиёли қатламнинг вазифасидир. Умуман олганда, бугунги глобал, мафкуравий курашлар даври зиёлилар зиммасига ҳар доимгидан ҳам кўра кўпроқ масъулият юклайди. Сабаби, айнан улар ўқитувчи нуфузини оширишда, жамиятда ўзаро ҳурмат, меҳр туйғуларини юксалтириб, ҳукумат даражасидаги топшириқлар ижроси тўғри бажарилишини назорат қилишда масъулиятли ҳисобланади.

    Шиддатли замонда мафкуравий, ахборий хуружлар қуршовида яшаяпмиз. Бунга муносиб жавоб бериш зиёлилар зиммасида. Шу боис, Президентимиз жорий йил 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратиш керак, деган ғояни илгари сурди. Бу ғоя ҳаётий зарурат туфайли юзага келди. Четдан қилинадиган мафкуравий хуружлар барчамизга аён. Бу борада муттасил таъсир чоралари кўриб бориляпти. Аммо бу етарли эмас. Масалан, битта хабарни оммага улашсангиз, аксарият одамлар масаланинг фақат салбий жиҳатига урғу беради. Негаки, миллий медиа маконимизда ахборотни танқидий тақдим этиш одат тусига айланди. Албатта, мамлакат тараққиёти учун танқидий, таҳлилий фикрлар зарур. Сўз эркинлигининг бирламчи талаби ҳам шу. Аммо сўз эркинлиги оғзига келган гапни айтиш эмас, айтилиши шарт бўлган фикрни билдира олишдир. Миллий контентнинг аҳамияти мана шу жойда сезилади.

    Халқимизда кўраверса кўз кўникар, деган нақл бор. Бу бежиз айтилмаган. Бизга тақдим этилаётган хабарларнинг катта қисми, қонунбузарлик, жиноий ишлар билан боғлиқ. Бундай хабарлар жамоатчилик назоратини кучайтириш учун керак. Лекин хабарнинг ўзи билан кифояланиш хато. Зеро, омма истеъмолчи, унга бундай ахборотни таҳлил қилиб етказиш лозим. Таҳлилга муҳтож ахборотнинг хабар тарзида берилиши эса салбий тусда қабул қилиниши табиий.

    Онг салбий ахборотга тўйина борса, одам пессимист, жаҳлдор бўлиб қолади. Жамиятда шундай иллат илдиз отмаслиги учун миллий контент сув ва ҳаводай зарур. Назаримда, миллий контент кенг кўламли тушунча. Уни фақат ижтимоий тармоқлар ёки ОАВ билан боғлаш хато. Аслида, қўшни боланинг қилиғи учун дакки бериш ҳам, ўқитувчисидан ҳафа бўлган фарзандингизга тўғри тушунча бериш ҳам миллий контент. Демак, уни яратишда ҳар бир онгли фуқаро қатнашиши керак.

    Миллий ғурур ўзликни англаш ва фахрланиш экан, уни шакллантиришда миллий контентнинг аҳамияти беқиёс. Бинобарин, маънавият ва маърифат тарғиботи фақат оммавий тадбирлардан иборат бўлиб қолмаслиги керак.

    Масалан, маҳаллаларда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлганларни жамлаб, ижодий клублар ташкил этиш мумкин. Бунинг учун Қорақалпоғистон ёки олис воҳа маҳаллаларига пойтахтдан тарғиботчилар бориши ҳам шарт эмас. Маҳалла аҳли йиғилиб, ўқиган китобини муҳокама қилса, ўзлари яшаётган ҳудуд, аждодлар тарихи ҳақида суҳбатлар қурса, етарли. Ўйин-кулги эмас, одамлар суҳбатлашадиган муҳит яратилса, Навоийхонлик, Бобурхонлик кечалари ташкил этилса. Бу маҳалладошлар бир-бирининг кўзига қараб гурунглашадиган, қувонч ва қайғусини бўлиша оладиган даврага айланарди.

    Кундуз иш, кечки пайт телевизор ва телефон билан банд ота-оналар ўша ерда боласининг сўзини тингласа ажаб эмас. Бундай даврада юқорида айтганимиз каби ўзаро ҳурмат, меҳр ҳисси янада кучаяди. Эҳтимол, бу энг самарали миллий контентлардан бири бўлар. Негаки, у бевосита миллий ғурурни, ватанпарвар ёшларни тарбиялашга хизмат қилади.

    Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates