Ўзбекистон мустақилликка эришиши билан унинг маънавий ҳаётида янги – уйғониш, ўзликни англаш даври бошланди. Аввалги маъмурий буйруқбозлик тизими манфаатларига бўйсундирилган тарихни сохталаштириш, нотўғри талқин этишга барҳам берилди. Миллий мафкурамизнинг асоси бўлмиш миллий тарихни қайта тиклаш имконияти туғилди. Табиийки, бу жараён осон кечмади...
НКВД қамоқхонаси музейга айлантирилди
Бу борада қилинган энг хайрли ва энг савобли ишлардан бири совет ҳокимияти йилларида “халқ душмани”, “аксилинқилобчи”, “миллатчи”, “қулоқ” сифатида қатағон этилган юртдошларимизнинг пок номлари оқланиши бўлди. Тарихий ҳақиқат ва адолатни тиклаш бўйича ишлар, энг аввало, ҳуррият йўлида жон фидо қилган ватандошларимиз хотирасини абадийлаштиришга қаратилди. Тошкентда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилиб, унинг ҳудудида Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ташкил этилди.
2017 йил 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан Президентимиз “ушбу музей – музейларнинг музейи” деб юксак баҳо берар экан, вилоятларда ҳам унинг бўлимларини ташкил этиш таклифини киритиб, улар халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун муқаддас зиёратгоҳ, маънавият ва маърифат ўчоғи бўлиб қолиши кераклигини таъкидлади.
Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида 2017 йил 22 ноябрда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан музей фаолияти янада такомиллаштирилди. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги 13 та олий таълим муассасаси тузилмасида Қатағон қурбонлари хотираси музейлари ташкил этилди. 2021 йилда Қарши шаҳридаги Одина масжидида Қашқадарё вилояти Қатағон қурбонлари хотираси музейи янгидан яратилди. Советлар даврида НКВД қамоқхонасига айлатирилган ушбу тарихий обидада ташкил этилган музей 2021 йилнинг 11 октябрида тантанали равишда очилди.
Сенсор киосклар ва мониторлар тарих синоатларидан сўзлайди
2020 йил 8 октябрда Президентимизнинг “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотираси абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилиниши эса тарихий адолат тикланиши ва шаҳидлар хотирасини абадийлаштирилиши борасидаги ишларни янги сифат босқичига кўтарди. Фармойиш асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри кесимида жами 14 та “Қатағон қурбонлари” хотира китоблари тайёрланди. Уларга қатағон қурбони бўлган 40 мингга яқин ватандошимизга оид маълумотлар киритилди.
Шунингдек, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи экспозицияси “Янги Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс асослари” концепцияси асосида тубдан янгиланди. Замонавий сенсор киосклар ва мониторлар билан жиҳозланди.
Музей ҳамда ҳудудий музейларнинг асосий вазифаси ташрифчиларни қатағон сиёсати тарихи билан таништириш, қатағон қурбонларини ёд олиш, ёшларни уларнинг энг яхши анъаналари асносида тарбиялашдан иборат. Уларнинг илмий-маърифий мақсади эса мустамлака давридаги сиёсий, иқтисодий, маданий жараёнларни ўрганиш, англаш, қатағон сиёсатининг фожиали оқибатларини тадқиқ қилиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашдир.
Бу борада Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи томонидан Ватан ҳимоячилари куни, Халқаро музейлар куни, Хотира ва қадрлаш куни, Қатағон қурбонларини ёд этиш куни, мустақиллик байрами муносабати билан мунтазам равишда ўтказиб келинаётган илмий-амалий, маънавий-маърифий, маданий тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, музей томонидан турли маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда 2002-2022 йиллар мобайнида 50 га яқин конференция, 700 дан ортиқ илмий, маънавий-маърифий тадбир, семинар ўтказилди. Албатта, бу тадбирлар ҳисобот учун эмас, юрт-миллат шаъни, қиммати тикланаётган муҳим даврда ўтказилгани боис ҳам катта таассурот қолдирди.
“Киндик қонинг тўкилган юрт шарафини ҳимоя қила олмаслик – бу ўлимдир!”
2022 йил 7 апрель куни Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази билан ҳамкорликда “Озарбайжон ва Ўзбекистон халқларининг қатағон фожиаси: бир тарих, бир тақдир” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Ушбу анжуманда мазкур икки халқ маърифатпарварлари кўтариб чиққан оламшумул лойиҳалар борасида қизғин муҳокама ҳам бўлиб ўтди.
“Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди билан ҳамкорликда таваллудининг 120 йиллигига бағишлаб “Моҳир таржимон, публицист Санжар Сиддиқ меросининг янги Ўзбекистон давридаги аҳамияти” мавзусида республика илмий анжумани ҳам ўзига хос воқеликларга ва мулоҳазаларга бой бўлди. Мазкур анжуман сентябрь ойидаги энг яхши анжуман сифатида тадқиқотчилар томонидан ҳам эътироф этилди.
Жорий йил 17 майда “Янги Ўзбекистон тарихшунослигида Туркистон мухторияти тарихининг ўрганилиши: янгича ёндашув ва тадқиқотлар” мавзуидаги республика илмий-амалий конференциясида эса иштирокчиларга янги маълумот ва хулосалар тақдим этилди.
2022 йилда ўтказилган яна бир анжуманга тўхталиш ўринли. Самарқанд шаҳрида Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг етук вакилларидан бири, маърифатпарвар, тилшунос олим Сайид Ризо Ализода таваллудининг 135 йиллигига бағишлаб 11 октябрда катта илмий анжуман ўтказилди. 1937 йилда қатағон қилинган ушбу шахс ҳам ўз умри ва жонини Ватан учун, унинг ҳур, озод бўлиши, халқнинг фаровон, тинч яшаши учун фидо қилган инсон ҳисобланади. Унинг 1920 йил “Ҳуррият” газетасида эълон қилган “Туркистон бизнинг Ватанимиз” мақоласидаги қуйидаги фикрлар бугунги ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамият касб этади: “Шу ернинг об-ҳавосидан баҳраманд бўлиб камол топсанг-у, унинг шарафини ҳимоя қилмасанг, (она диёринг) оёқ ости бўлиши, қадрсизланишига йўл қўйсанг, нобакор ажнабий ўз ватани шон-шавкати учун сенинг ота-боболаринг киндик қони тўкилган ерингни ваҳшийларча топтаб, қонингни симирса ва уни ахлатхонага айлантирса-ю, сен ҳиссизларча қараб турсанг ёки ундан қочсанг, ўзинг унинг ғоратланишига кўмаклашсанг, унда сен бу Ватаннинг фарзанди эмассан!”. Айнан шу сингари фикрлари учун Сайид Ризо Ализода совет тузуми томонидан мавҳ этилди.
Музей ташкил топгандан буён фондни бойитишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дастлабки йилларда фондда бор-йўғи 1000 дан ортиқ материал жамланган бўлса, бугунги кунда келиб экспонатлар сони 17146 донага етди ва бу кўрсаткич йилдан йилга ошиб бормоқда.
Музей фонди илмий ходимлар изланишлари натижасида, қолаверса, қатағон бўлган шахсларнинг оилаларидан олинган маълумотлар, ҳужжатлар, фото, газета-журнал, китоб ва буюмлар билан тўлдирилиб, янгилаб келинмоқда.
“Ўттиз еттинчи йил турналари”нинг “катта қирғин”и
Музей томонидан қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш, номларини оқлаш, жадидлар меросини ўрганиш борасида қилинаётган ишлар турли оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, телеканалларда ёритилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, 2019 йилдан “O’zbekiston tarixi” телеканали билан ҳамкорликда музей техник базасидан фойдаланган ҳолда қатағон қурбонлари бўлган 200 дан зиёд ватандошимиз ҳаёти, фаолияти ва фожиали тақдирига бағишланган “Миллат фидоийлари” туркум кўрсатувлари тайёрланди ва эфирга узатилди.
Музей фаолиятида илмий тадқиқот ҳамда нашр ишлари алоҳида ўрин эгаллайди. Ўтган давр мобайнида музей илмий жамоаси тадқиқотлари натижасида 55 та монография, 35 та илмий мақолалар тўплами, 5 та ўқув қўлланма, газета ва журналларда 850 дан зиёд илмий, илмий-оммабоп мақола нашр этилган.
Музей томонидан 2009 йилдан буён нашр этиб келинаётган “Тарихнинг номаълум саҳифалари” тўпламини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. 2022 йилда мазкур тўпламнинг 10-китоби нашрдан чиқди. Президент фармойиши асосида эса биргина 2022 йилнинг ўзида қатағон қурбонлари ҳамда ўша давр тарихига бағишланган 10 га яқин китоб нашр этилди. “Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи. Йўлкўрсаткич” (ўзбек, рус, инглиз тилларида), “Миллатимиз фидоийлари” китоблари, “Ўттиз еттинчи йил турналари. 1937-1938 йиллардаги “катта қирғин” қурбонларига бағишланган очерк ва мақолалар” тўплами, “Жадидчилик феномени” монографияси, Ж.Султонмуродов ва М.Султонмуродова ҳаёти, фаолияти, ижодий ишлари, мактублари ва хотираларидан иборат “Чироқ кўтарган аёл” китоби, Ғози Юнуснинг ҳали нашр юзини кўрмаган танланган асарларидан иборат “Ғози Юнус. Кўз очинг Турон эли” китоби шулар жумласидандир.
Юқорида қайд этилган фармойишга биноан, мустабид совет тузуми даврида қатағон қилинган ва муайян сабабларга кўра оқланмай қолган ватандошларимизни оқлаш борасида ҳам муҳим ишлар қилинди. Музей томонидан Бош прокуратура ва Олий судга ёзилган аризалар натижасида Олий суд томонидан 2021 йил 25 августда совет даврида қатағон қилинган 115 нафар, 2022 йил 6 январда 105 нафар, 2022 йил 19 декабрда 173 нафар, 2023 йил 19 апрелда 208 нафар, жами 601 нафар шахс оқланди.
Оқланганларнинг аксарияти Туркистондаги жадидчилик ҳаракати намояндалари экани бежиз эмас. Бинобарин, мустабид совет даврида айнан маърифатпарвар, тараққийпарвар, зиёли инсонлар қатағон қилинган.
Яна 240 нафар шахс оқланди
Президентимизнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида қатағон қурбонлари меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилган. Қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлангач, уларнинг номларини аниқлаш борасида изланишлар кўлами кенгайтирилиб, масъулларга вазирлик ва идоралар архивларидан фойдаланиш имконияти яратилган. Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қилинмаган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи раҳбарияти томонидан музей илмий жамоаси, мамлакатимизнинг таниқли тарихчи олимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилган.
Ишчи гуруҳнинг изчил фаолияти, кўламли саъй-ҳаракати туфайли кейинги йилларда совет даврида қатағон қилинган 616 нафар ватандошимиз реабилитация қилиниб, оқланди.
Куни-кеча Олий судга Учлик Кенгашининг махсус йиғилиш қарорларига кўра, 1929-1931 йилларда ҳозирги Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида “босмачилик” ҳаракати аъзолари бўла туриб, қуролли тўда тузишиб, совет ҳукуматига қарши қуролли қўзғолон ёки аксилинқилобий ҳаракатларни амалга оширганликда айбланган Ўзбекистон ССР ва Қозоғистон ССР фуқаролари бўлган 240 нафар шахсга оид 5 та жиноят иши келиб тушиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиб чиқилди.
Бош прокурор ўринбосари томонидан юқорида кўрсатилган жиноят ишлари юзасидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция протестини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномалар ҳамда апелляция тартибида протестлар келтирилди.
2023 йил 24 август куни очиқ суд мажлисларида ушбу илтимосномалар ва протестлар кўриб чиқилиб, қаноатлантирилди ҳамда Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан, жами 5 та жиноят иши бўйича 240 нафар шахсга нисбатан Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг оқлов ҳукми чиқарилди.
Адолат қарор топди, йиллар мобайнида юзага чиқмай келган ҳақиқат тантана қилди. Мустақиллик йўлида фидокорона кураш олиб борган, ҳатто ўз жонини фидо қилган қатағон қурбонларининг пок номлари халқимиз қалбида мангу яшайди.
Маърифатпарвар боболаримиз инновацион ғояларни мақсад қилган эдилар
Президентнинг 2020 йил 9 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши мустабид тузум даврида ноҳақ қатағон этилган жадид тараққийпарварлари хотирасини абадийлаштириш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш имконини берди, десак муболаға бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари 2022 йилда Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида ҳам жадидчилик ҳаракатининг аҳамиятига яна бир бор эътибор қаратиб, “Биз қадимий ва бой тарихимизни, айниқса, ғоят оғир шароитда илм-маърифат, инсон эркинлиги, халқ озодлиги, Ватанга, миллий қадриятларга меҳр ва садоқат ғояларини дадил кўтариб чиққан жадид боболаримиз фаолиятини янада чуқур ўрганишимиз лозим. Уларнинг улуғ мақсадлар йўлидаги мардона кураши ва фидойилиги янги Ўзбекистонни қуришда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши зарур”, дея таъкидлади. Зеро, ХIХ аср охири ХХ аср бошларида Туркистонда вужудга келган жадидлик ҳаракатининг асосий мақсади жамият тараққиёти учун лозим бўлган барча соҳаларда инновацион ғояларни жорий қилиш эди.
Жадид тараққийпарварларининг ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этиш тўғрисидаги мазкур даъват бу борадаги илмий тадқиқот ишлари янада жадаллашишини тақозо этди.
Ушбу вазифалар ижроси ўлароқ, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, Туркий давлатлар ташкилоти, Республика маънавият ва маърифат маркази ҳамда бошқа ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида 2023 йил 6-7 март кунлари Тошкентда “Жадидларнинг маърифий фаолияти: ғоялари, мақсадлари, вазифалари ва Туркистон тараққиётига қўшган ҳиссаси” мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Анжуман Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги раислиги доирасида ўтказилгани унинг нуфузини янада оширди.
Конференцияда АҚШ, Туркия, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Швеция ва Германия каби мамлакатлардан 30 га яқин нуфузли жадидшунос олимлар иштирок этди.
Ўзбекистон Президенти халқаро конференция иштирокчиларига табрик йўллаб, унда тарихда икки буюк Ренессансга замин бўлган минтақамизда Учинчи Ренессансни айнан жадид аждодларимиз амалга оширишлари мумкин бўлгани, афсуски, мустабид тузум уларнинг эзгу ғоя ва амалий ҳаракатларини рўёбга чиқаришга имкон бермаганини қайд этди. “Биз бугун мамлакатимизда эркин фуқаролик жамияти, ҳуқуқий демократик давлат барпо этар эканмиз, жадид боболаримизнинг гуманистик қарашларига таянамиз, уларнинг меросидан маънавий куч-қувват оламиз”, деди Президент.
Табрик нутқидаги “Фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқ инсонлар этиб тарбиялашда тараққийпарвар аждодларимизнинг ақл-заковати, ирода ва матонати барчамиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади...
Биз халқаро илмий марказлар, дунё олимлари билан ҳамкорликда жадидлар фаолиятини янада чуқур ўрганишни долзарб вазифа деб ҳисоблаймиз. Бу ноёб мерос орқали бугунги кунда инсониятни ташвишга солаётган жуда кўп саволларга тўғри жавоб топа оламиз. Бу бебаҳо бойликни қанча фаол тарғиб этсак, халқимиз, айниқса, ёшларимиз бугунги тинч ва эркин ҳаётнинг қадрини англаб етади” каби фикрлар янги Ўзбекистонда ҳаққоний тарихимизни, жадид боболаримизнинг меросини чуқур ва атрофлича ўрганиш, халқимизга тарғиб қилишга катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
Тарихий хотираси бўлмаган, тарихни унутган, ўз аждодларининг қадрига етмайдиган миллатнинг истиқболи йўқ. Буюк келажак сари интилаётган она Ватанимиз – янги Ўзбекистонда эса тарихий анъаналар рўёбга чиқиб, миллий анъаналар, қадриятлар қадр топди, халқимизнинг орзу-армонлари ушалди.
Энг асосийси, юртимизда тинчлик ва осойишталик баробарида, инсон хотираси ва қадри шундай юксак даражада улуғланаётгани фарзандларимиз учун тенгсиз сабоқ ва муносиб ибратдир.
Бахтиёр ҲАСАНОВ,
Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори