Бундай ҳолларда кўпинча айрим манипуляторлар юртимизда тинч-тотув яшаб келаётган миллат ва элатлар ўртасига нифоқ солиш ҳамда жамиятни пароканда қилиш мақсад қилиниши кундек равшан. Аслида, ўзбек халқидек бағрикенг ва соддадил халқ бўлмаса керак. Хайриддин Султоннинг “Ҳақиқат жамоли” номли китобида бир фикр мени жуда таъсирлантирди :“Шоир Эркин Воҳидовнинг гувоҳлик беришича, Алишер Навоий юбилейида ёлғиз бир киши ўзбек тилида гапирган, у ҳам бўлса ленинградлик олим ва таржимон Сергей Иванов бўлган экан”.
Сўнгги пайтларда мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш бўйича қатъий қадамлар ташланмоқда. Халқимиз, айниқса фидойи зиёлиларнинг ўзбек тилининг муносиб ўрнини эгаллашига оид уринишлар умумхалқ ҳаракатга айланди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони давлат тили ривожида муҳим қадам бўлди. Унга асосан ўзбек тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, унинг софлигини сақлаш, унинг рақамли технологиялар асосида фаол интеграциялашувини таъминлаш каби реал вазифалар асосида давлат тилини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди. Ҳужжатга асосан, 2020 — 2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Мақсад ўзбек тилини узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш ва уни изчил амалга ошириш.
Кези келганда таъкидлаш жоизки, давлат тилининг изчил тараққиёти мустақил давлатчилигимизнинг ривожланиш, миллий ўзликни англаш йўлидаги олдинга ташланган яна бир мустаҳкам қадамдир.
Бутун дунёда глобализация сабаб айрим давлатларда иккинчи халқ тилидан фойдаланишга уринаётгани боис тиллар йўқолаётганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз. ЮНЕСКО вакилларининг сўзларига қараганда, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди.
Бугунги кунда дунё мамлакатларининг 75 фоизида миллий тилни ҳимоя қилиш мақсадида тилга оид давлат сиёсати мавжуд. Аксарият давлатларда муайян халқ тилини давлат тили деб эътироф этилиши давлат тилининг давлат бошқарувида, суд иш юритувида ҳамда иш юритишда мажбурий тартибда юритилишини англатади.
Масалан, Германия Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунда маъмурий органга фақат немис тилида мурожаат қилиш шартлиги тўғрисидаги норма белгиланган. Германия фуқаролиги тўғрисидаги қонунда фуқаролар “немислар” деган тушунча билан ифодаланади. Немис тилини лозим даражада билиш Германия фуқаролигига қабул қилинишнинг муҳим шарти сифатида белгиланган.
Украинада 2019 йилда қабул қилинган қонунга кўра, депутат ва мансабдор шахслар давлат тилидан бошқа тилда чиқиш қилганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Украинада “Тил омбудсмени” лавозими ҳам жорий этилган бўлиб, унинг асосий вазифаси украин тилини давлат тили сифатида фаолият юрилишини таъминлаш ҳисобланади.
Латвияда давлат тили нормаларини бузганлик учун жавобгарлик доираси анча кенг. Жумладан, оммавий тадбирларда ёки иш жараёнидаги мажлисларда давлат тилига таржима йўлга қўйилмаганлик учун жарима жазоси кўзда тутилган. Шунингдек, давлат тилини лозим даражада билмайдиган ходимни ишга олган иш берувчига ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланган. Латвияда давлат тилида иш юритилмаганлик учун жавобгарлик учун 140 евро миқдоридаги жарима белгиланган бўлиб, Латвия парламенти томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳасига кўра мазкур ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдорини 1400 еврогача белгилаш таклиф этилмоқда.
Европанинг “маданий маркази” бўлган Франция учун француз тили миллий қадрият кабидир. Шу сабабли фаранглар юртида кўча-куйда давлат тилидан бошқа ёзувни кўрмайсиз. Қўшимчасига бу қадрият қонун билан мустаҳкамланган. Давлат тилига оид нормани бузиш жисмоний шахсга оилавий бюджетнинг 700 евросидан маҳрум бўлишга олиб келади. Табиийки, меҳнат муносабатларида ҳам фаранглар тўлиқ она тилида иш юритишади.
Албатта, мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатлар тилларининг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш, уларга давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш бундан кейин ҳам давлатимиз учун устувор бўлиб қолади.
Зеро, буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Бекзод НАРИМОНОВ,
Тошкент давлат юридик университети доценти в.б.