Мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик муҳитини мустаҳкамлашга катта эътибор берилмоқда. Бу жараёнда фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги янгилик ва енгилликларни алоҳида қайд этиш, хусусан, икки муҳим ҳужжатни эслаб ўтиш лозим.
Биринчиси, “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун.
Иккинчиси, Президентимизнинг “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони. Ушбу икки муҳим ҳужжат том маънода диний-маърифий соҳа самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлди.
Ҳозир кўпконфессияли жамиятларда давлат ва дин муносабатларининг тўғри йўлга қўйилиши турли дин вакиллари ўртасида бағрикенглик муҳити барқарорлигини таъминлайди. Бу тинчлик-осойишталикнинг муҳим омилларидан бири. Айниқса, дунё миқёсида экстремизм ва терроризм муаммоси хавф солиб турган, диндан сиёсий мақсадда фойдаланишга уринишлар кучайган бир пайтда аксар мамлакатларда давлат ва дин муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга асосий масала сифатида қаралмоқда.
Ҳозир ахборот олиш ва узатиш имконияти кенгайиб, маълумот тарқатувчи ресурслар тобора кўпайиб боряпти. Булар аҳолининг ижтимоий, ахлоқий ва диний қарашларига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу жараёнда давлат ва дин муносабатларининг тўғри ва соғлом белгиланиши — энг асосий принцип. Зеро, бу масала мамлакат тинчлиги, фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи каби жуда нозик ва долзарб жиҳатларга тегишли. Шунинг ўзиёқ фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва давлатнинг диний соҳадаги сиёсати концепциясини замонга мослаб ишлаб чиқиш заруратини пайдо қилди.
Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси диний ташкилотлар билан алоқалар, жамиятда диннинг ўрни каби масалаларда давлатнинг аниқ ва тизимли қарашлари ҳамда йўналишларини ўзида мужассам этган, давлатнинг диний соҳадаги сиёсатини очиқ ва шаффоф акс эттирувчи ҳамда стратегик вазифаларни қамраб олган муҳим ҳужжат сифатида амалиётга жорий этилди.
Мазкур концепцияда виждон эркинлиги ҳуқуқи, Ўзбекистон дунёвий давлат эканига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш масаласи, шунингдек, давлатнинг диний соҳадаги сиёсати мақсади ва вазифалари, принциплари ва устувор йўналишлари аниқ қилиб белгилаб берилди. Зеро, замонавий жамиятда ҳар қандай давлатнинг диний соҳадаги сиёсатида асосий таянч принциплар бўлиши шарт. Шу боис, концепцияда мамлакатимизнинг диний соҳадаги сиёсати қонунийлик, виждон эркинлиги, диннинг давлатдан ажратилгани, тенглик, эркин танлов, динлараро мулоқот ва ўзаро тушуниш каби принципларга таяниши кўрсатилди.
Давлатнинг диний соҳадаги сиёсати Конституция ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Фуқаролар хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқидан эркин фойдаланади. Шунингдек, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир. Улар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга. Турли конфессияларга оид ташкилотлар диний бағрикенглик, муроса, ҳурмат ва ўзаро тушуниш асосида мулоқот ўрнатади. Буларнинг барчаси янги концепцияда принципиал жиҳатлар сифатида замонга мослаб очиб берилган.
Шу ўринда умумжамият манфаатлари ва виждон эркинлиги уйғунлигининг асосий шартларини англаш ва англатиш масаласи ҳам жуда муҳим эканини эслаб ўтиш лозим. Шунга кўра, бу жиҳатларни “уч макон” тамойили мисолида кўриб чиқсак.
Биринчиси, фуқароларнинг ўз шахсий макони доирасида бошқа шахсларнинг манфаатига дахл қилмай, хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслиги.
Иккинчиси, диний жамоа маконида фуқаролар қонунчиликда белгиланган тартибда ўз диний қарашларини ифодалаши, ибодатларни, расм-русумларни якка ҳолда ёки гуруҳ бўлиб бажариши.
Учинчиси, ижтимоий-сиёсий маконда ақида ва қарашларни қонунга хилоф равишда тарқатишга ҳамда диний белгиларга кўра сиёсий партияларни ва сиёсий мақсадларни кўзловчи оммавий жамоат ҳаракатларини ташкил этишга йўл қўйилмаслиги.
Яна бир эътиборли жиҳат — концепцияда дунёвий давлатни ривожлантиришнинг устувор йўналиши ва механизмлари аниқ ва тушунарли баён этилганидир. Келинг, ушбу йўналишлар ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.
Биринчидан, давлат бошқаруви йўналишида давлат бошқарувига оид қарорлар қабул қилиш ҳамда амалга оширишда Конституция ва қонунларга мувофиқ иш тутилади. Бунда умуммиллий ва умуминсоний қадриятлар, маданий меросни ҳурмат қилган ҳолда умумжамият манфаатларини кўзлаш, илмий асосланган ёндашувларга таяниш белгиланган. Концепцияда аниқ механизмлар орқали бу йўналишнинг ҳар бир жиҳати батафсил қамраб олинган.
Иккинчидан, иқтисодиётни тартибга солиш йўналишида эса давлат иқтисодиётни, иқтисодиёт субъектлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда эмпирик далиллар, оқилона таҳлил ва объектив кузатувларга асосланган иқтисодий қонуниятлар, принциплар ва институтларга таяниши таъкидланади.
Учинчидан, таълим йўналишида ўқитиш жараёнида, уни ташкил қилишда ва таълим хизматлари кўрсатишда таълим олувчиларда диний ақида ва қарашлардан холи тарзда илмий билимларни, мантиқий фикрлаш кўникмаларини, миллий ва умуминсоний қадриятларни шакллантириш, қарашлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, умумжамият манфаатларига ҳисса қўшиш ғоялари белгиланган.
Тўртинчидан, тиббиёт йўналишида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, тиббий хизматлар кўрсатиш ва тиббий маданиятни шакллантиришда илмий тадқиқотлар, далиллар, тиббий одоб қоидалари, фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқлари устуворлиги принципларига амал қилиш қайд этилади.
Бешинчидан, маданият йўналишида жамиятнинг маданий ривожланиши жараёнида, жумладан, урф-одатлар, бадиий ва амалий санъат (адабиёт, мусиқа, хореография, театр, кино ва бошқалар) соҳаларини ривожлантиришда инсонпарварлик, табиатга ғамхўрлик, миллий ва умуминсоний маданий меросга ҳурмат ғояларига таяниш таъкидланади.
Олтинчидан, никоҳ институтини тартибга солиш йўналишида никоҳ муносабатларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, фуқаролик ва оила тўғрисидаги қонунчиликка алоҳида урғу берилган.
Еттинчидан, ижтимоий ахлоқ ва хулқ-атвор нормаларини шакллантириш йўналиши ҳам бугун кўплаб долзарб масалаларни тартибга солиш ва ҳуқуқларни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Жумладан, ушбу йўналишда шахснинг бошқа шахслар ва жамият билан муносабатларда, шахсий эътиқодидан қатъи назар, уларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини, шунингдек, виждон эркинлиги ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда ўзини оқилона тутиши, инсонпарварлик ғоялари, миллий ва дунёвий қадриятларга таяниши каби масалалар моҳиятини англаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.
Концепция юртимиз давлатчилиги ривожининг бой миллий-тарихий тажрибасига ва умуминсоний қадриятларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган. У кўпмиллатли ва кўпконфессияли мамлакатимизда умумжамият манфаатларини рўёбга чиқариш, демократия, дунёвийлик, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик асосида ўзаро тотув яшаш, барқарор муҳитни таъминлашга қаратилган.
Илҳом МАЪРУПОВ,
Дин ишлари бўйича қўмита
раиси маслаҳатчиси









