Миллий ва маънавий қадриятларнинг юксалишида аёлларнинг ўрни

    Пойтахтимизда шу мавзуда республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди

    Асрлар давомида аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ўзбек халқига хос фазилат бўлиб келган. Шу маънода юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни давлат ва жамият бошқарувига кенг жалб қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.

    Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Миллий ва маънавий қадриятларнинг юксалишида аёлларнинг ўрни” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

    Ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиладиган анжуманни Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, филология фанлари доктори Зоҳиджон Исломов кириш сўзи билан очиб берди.

    – Аёл-қизларнинг эъзозланиши айниқса, ҳадиси шарифларда яққол кўзга ташланади, – дейди филология фанлари доктори Зоҳиджон Исломов. – Юртимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий, Имом Муслим, Имом Абу Ҳанифа, Имом Субазмуний каби юзлаб буюк муҳаддис алломаларимиз уларга бағишланган ҳадисларга алоҳида эътибор берганлар, уларнинг шарҳларида мазкур мавзунинг кенг қамровли изоҳли баёнини берганлар.

    ЗООМ платформаси орқали онлайн форматда ўтказилган конференцияда “Ҳадисларда аёлларга ҳурматли муносабатнинг ифодаланиши”, “Алишер Навоий ижодида аёл образи”, “Сухроб Сипехрий ижодида инсон ва эътиқод ўртасидаги мувозанат талқини”, “Аёл аталмиш илм”, “Жамият ривожида хотин-қизларнинг роли”, “Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш”, “Соғлом авлод тарбиясида аёлларнинг ўрни” каби мавзулардаги маърузалар тингланди.

    – Минг йиллар давомида ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланган, – дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар” кафедраси катта ўқитувчиси Юсупджан Садиков. – Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ўзбек халқига хос ва мос хусусиятдир. Бу Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида “Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” деб таъкидланиши ҳам юқоридаги фикримизнинг далилидир. Бундан ташқари, юртимизда аёлларга алоҳида берилаётган эътиборни 1999 йил “Аёллар йили”, 2000 йил “Соғлом авлод йили”, 2001 йил “Оналар ва болалар йили”, 2005 йил “Сиҳат-саломатлик йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили”, 2013 йил “Обод турмуш йили”, 2016 йил эса “Соғлом она ва бола йили” деб номланишидан кўришимиз мумкин. Мамлакатимизнинг сиёсий ҳаёти, давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиётимизнинг барча тармоқларида маданият, илм-фан, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, спорт каби ижтимоий соҳаларда аёлларимизнинг тутган ўрни беқиёсдир.

    Академия Хотин-қизлар бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда Тошкент давлат юридик университети Ахборот ресурс маркази вакиллари, Тошкент давлат юридик университети Ахборот ресурс маркази ходими Гулистон Шарипова, Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар” кафедраси ўқитувчиси Мўътабар Мадаева, “Ўзбек тили ва мумтоз шарқ филологияси кафедраси” доценти, филология фанлари номзоди Наргиза Шоалиева, Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирок этди.

    Конференцияда сўзга чиққанлар мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни эътироф этишди.

    Қизғин муҳокамалар, савол-жавоблар тарзида ўтган анжуман иштирокчиларда катта тааасурот қолдирди. Якунда конференция материаллари бўйича тўплам нашр этиш режалаштирилди.

    Элдор Қобилжонов

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates