Интеллектуал мулк Конституция ва суд ҳимоясида

    Фикр 23 октябр 2025 611

    Бугунги глобаллашув ва рақамли трансформация даврида инновация ва технологик ривожланиш иқтисодий ўсишнинг асосий омиллардан бирига айланди.

    Бу жараёнда интеллектуал мулк объектларининг айрим турлари, хусусан, сунъий интеллект, дастурлаш, маълумотлар базасини яратиш ҳамда уларга бўлган муаллифлик ҳуқуқлари ҳимояси ҳар бир давлатнинг илмий-техникавий салоҳияти ва рақобатбардошлигини белгилаб берувчи белгилардан бири ҳисобланади.

    Интеллектуал мулк объектлари бугун фуқаролик муомаласига энг кўп киритиладиган, айниқса, ривожланган давлатларнинг катта даромад манбаи бўлган, иқтисодиётни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш корхоналарини янги технологиялар билан жиҳозлашга кўмаклашадиган, инсон тафаккури ва янги билимларга асослангани билан ажралиб туради.

    Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 27-моддасига мувофиқ, “Ҳар ким ўзи муаллиф бўлган илмий, адабий ёки бадиий асарлардан келиб чиқадиган маънавий ва моддий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳақлидир”. Шунга кўра, бутун дунёда муаллифлар ва уларнинг ҳуқуқий ворислари манфаатларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Зеро, интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари жорий этилиши ривожланган давлатлар иқтисодиёти пойдеворини ташкил этади. Бутун дунёда интеллектуал мулкка оид халқаро шартномаларнинг маъмурий бошқаруви БМТнинг махсус ихтисослашган ташкилоти - Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон 1991 йил 25 декабрь кунидан мазкур ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Ташкилот 1970 йил 26 апрелдан расман фаолият бошлаган. 2000 йилдан эса 26 апрель Халқаро интеллектуал мулк куни сифатида бутун дунёда кенг нишонлаб келинади.

    Ўзбекистонда ҳам кейинги йиллардаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларда интеллектуал мулк ҳуқуқини самарали ҳимоя қилиш тизимини яратиш миллий инновацион тараққиёт стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

    Мамлакатимизда интеллектуал мулкни ҳимоя қилишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, бугунги кунда Фуқаролик кодекси, “Интеллектуал мулк тўғрисида”ги, “Патент тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар соҳани тартибга солади.

    Соҳани ривожлантиришдан тўхтамасдан, интеллектуал мулкни ишончли тарзда ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар давом этмоқда.

    Хусусан, 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза қилиш, илмий ва бадиий ижод эркинлиги, шахсий мулк дахлсизлиги каби меъёрлар алоҳида ўрин олди. Бу эса интеллектуал мулк соҳасини конституциявий ҳуқуқлар тизимида алоҳида ўринга чиқарди. Хусусан, Конституцияда ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи, интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши кафолатланган.

    Шу нуқтаи назардан, интеллектуал мулк эгалари, ижодкорлар, тадбиркорлар ва ташкилотлар ўз ҳуқуқлари бузилганда давлатнинг юқори ҳуқуқий институцияларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

    Бу борада Конституциявий суднинг роли алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш орқали фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим функцияни бажаради. Ушбу суднинг қарорлари мамлакатимизда ҳуқуқий барқарорлик ва аниқликни таъминлашда, фуқароларда одил судловга ишончни оширишда муҳим ўрин тутади.

    Конституциявий суд фуқаролар, юридик шахслар, Олий суд, омбудсман ва бошқа субъектлар томонидан келиб тушган мурожаатлар асосида қонун ва қарорларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш орқали интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

    Масалан, агар амалдаги бирор қонун интеллектуал мулк эгалари ҳуқуқларини чекласа ёки уларга нотенг муносабатда бўлса, бундай ҳолатда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонунда кўрсатилган субъектлар томонидан қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш ҳақида Конституциявий судга мурожаат қилинади. Бу каби ҳолатлар Конституциявий суд томонидан қайта кўриб чиқилади ва ҳуқуқбузар нормаларни конституцияга мувофиқ эмас, деб топиш орқали ҳуқуқий аниқлик таъминланади.

    Шунингдек, 2024 йил 10 сентябрда Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган “Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун ҳуқуқ эгасининг талабига кўра ҳуқуқбузар томонидан товон тўлаш тартиб-таомили жорий этилишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

    Жумладан, қонунга мувофиқ, патент эгаси ўзининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахсдан зарарларнинг қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилиши мумкин. Бунда товон зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусиятидан ва патент эгасининг мутлақ ҳуқуқини бузган ҳолда саноат мулки объектидан фойдаланаётган шахснинг айби даражасидан келиб чиқиб, иш муомаласи одатлари ҳисобга олинган ҳолда тўланади. Товон миқдори тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки суд томонидан белгиланадиган механизм бўйича белгиланади.

    Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси сифатини ошириш, ҳуқуқбузарликлар сонини камайтириш ҳамда интеллектуал мулк ҳимоя қилинишини кучайтириш ва рақамли муҳитда ижодий фаолиятга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари тизимини шакллантиришни назарда тутади.

    Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар давомида одил судловга эришиш, ҳуқуқий ёрдам кафолатланиши, шахс дахлсизлиги, ҳуқуқий аниқлик ва ҳуқуқ устуворлиги принциплари интеллектуал мулк соҳасида ҳам амалиётга татбиқ этилмоқда.

    Судларда кўрилаётган ишлар статистикаси кўрсатмоқдаки, соҳадаги низолар йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Масалан Олий суддан олинган маълумотга кўра, иқтисодий судларда 2023 йилда шундай мазмундаги 94 та иш кўрилган бўлса, 2024 йилда улар сони кескин камайиб, 25 тани ташкил этди. Бироқ 2025 йилнинг олти ойида 78 та иш кўрилгани низолар сони яна кескин ортиб бораётганини кўрсатади. Бу ҳолат интеллектуал мулк билан боғлиқ иқтисодий низолар тобора кўпаяётганидан ва уларни ҳал қилиш зарурати ошиб бораётганидан далолатдир.

    Маъмурий судларда ҳам интеллектуал мулкка оид ишлар муттасил ўсишда. Агар 2023 йилда 20 та иш кўрилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 30 тага етди. 2025 йилнинг ярим йиллигида эса 15 та иш қайд этилган. Бу ҳолат суд ишлари барқарорлигини англатади. Бироқ рад этилган даъволар улуши (жами 44 та) юқорилиги мурожаатларда асосли далилларни тақдим этиш даражаси етарли эмаслигини кўрсатмоқда.

    Фуқаролик судларида ҳам интеллектуал мулк соҳасидаги ишлар сони кўпаймоқда. 2023 йилда 28 та, 2024 йилда 29 та, 2025 йилнинг олти ойида эса 31 та иш кўрилди. Бу тенденция фуқаролар ва ташкилотларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишга интилиши кучайганини яққол ифодалайди.

    Юқоридаги таҳлил кўрсатадики, интеллектуал мулк соҳасидаги низолар нафақат иқтисодий муносабатларда, балки маъмурий ва фуқаролик судларида ҳам тобора кўпаймоқда. Бу эса қуйидаги муҳим ҳолатларни тасдиқлайди.

    Биринчидан, фуқаролар ва бизнес субъектлари интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда.

    Иккинчидан, судларга мурожаатлар сони ортиши аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти юксалаётгани, суд ҳокимиятига ишонч мустаҳкамланаётганидан далолат бермоқда.

    Учунчидан, айрим ишлар рад этилгани эса ҳуқуқий саводхонликни янада ошириш ва мурожаатларни тайёрлашда профессионал ҳуқуқшунослар ёрдамини кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

    Умуман олганда, интеллектуал мулк соҳасида суд ишлари кўпайиши ҳуқуқий муносабатлар жонланаётганидан, ҳуқуқий кафолатларга эҳтиёж ошиб бораётганидан далолат беради. Бу эса келгусида интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, суд амалиёти самарадорлигини ошириш ҳамда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирларни талаб этади.

    Аммо бунинг ўзи етарли эмас. Келгусида интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоялашга оид суд амалиётини такомиллаштириш, соҳадаги мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, инновацион маҳсулотлар учун маҳаллий патент бозорини шакллантириш, халқаро ҳуқуқий тажриба асосида қонунчиликни мувофиқлаштириш, жамиятда интеллектуал мулкка бўлган ҳурматни ошириш каби ишларни кучайтириш лозим.

    Хулоса қилиб айтганда, интеллектуал мулк ҳуқуқини самарали ҳимоя қилиш фақатгина иқтисодий манфаатларни эмас, балки инсоннинг шахсий, ижодий ва мулкий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган мураккаб ва стратегик аҳамиятга эга масаладир. Интеллектуал мулк соҳасидаги муносабатлар давлатнинг ҳуқуқий сиёсати, суд мустақиллиги ва қонун устуворлиги билан чамбарчас боғлиқ.

    Ҳозирги кунда интеллектуал мулк соҳасида рақамлаштириш, электрон рўйхатга олиш, онлайн патентлаш тизимлари жорий этилиши соҳа учун муҳим имкониятлар яратмоқда. Бироқ ҳуқуқни ҳимоя қилиш механизмлари самарадорлигини ошириш, махсус судлар ёки суд ҳайъатлари ташкил этиш, ҳуқуқий таълимни кучайтириш, жамоатчилик онгини юксалтириш каби йўналишлар ҳам ҳозирги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиши лозим.

    Инновацион иқтисодиётнинг ҳуқуқий пойдевори бўлган интеллектуал мулк соҳасига конституциявий ёндашув суд амалиётида тенг ва холис қарорлар қабул қилиниши, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш билан бирга ривожланади. Шу боис, бу соҳани ҳуқуқий, институтционал ва маърифий жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва халқаро нуфузи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

    Козим КОМИЛОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси,

    Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates