Мирзо Сирожиддин — ёш маърифатпарвар

    Кишилик жамиятида комил инсон тарбияси доимо ривожланишнинг муҳим омилларидан бири бўлиб келган. Зеро, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир.

    Шу боис, ХХ аср бошларида жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намояндалари бўлган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фит­рат, Исҳоқхон Ибрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Ҳожи Муин каби кўплаб тараққийпарвар шахс­лар жаҳолатга қарши илм, маърифат ва таълим-тарбияни ривожлантириш орқали курашиш, инсон онги ва тафаккурини ўзгартириш, мустамлака бўлган Туркистонни мустақил ҳамда дунёнинг мутараққий мамлакатлари сафида кўриш йўлида ҳатто ўз жонларини ҳам фидо ­этганлар.

    Афсуски, аксарият маърифатпарвар ва миллатпарварларнинг ҳаёт ва фаолияти, илмий мероси, фалсафий қарашлари етарли даражада ўрганилмаган. Шу боис ҳам Президентимиз 2020 йилнинг 30 сентябрида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бу борада алоҳида тўхталиб, жумладан, бундай деди: “Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Бунинг учун олим ва мутахассисларимиз, ҳурматли уламоларимиз бу маънавий хазинани бугунги авлодларга содда ва тушунарли, жозибали шаклларда етказиб беришлари зарур”.

    Бухоролик шифокор ва шоир Мирзо Сирожиддин тарихнинг мураккаб даврида маърифат машъаласини баланд кўтариб чиққан, таълим тизимини ислоҳ этиш, халқ маънавиятини юксалтириш йўлида қизғин саъй-ҳаракат ва амалий ишлар қилган маърифатпарвар шахслардан бири саналади. Гарчи унинг ҳаёти ва фаолиятига оид айрим маълумотлар шу кунгача тадқиқотчилар томонидан тарқоқ ҳолда баён этилган бўлса-да, лекин унинг маърифатпарварлик ғояси билан суғорилган тарихий-оммабоп, адабий мероси батафсил ўрганилмаган ва ёритилмаган.

    Мирзо Сирожиддин 1877 йил 23 октябрда Бухоро шаҳрида йирик савдогар ва сарроф Ҳожи Мирзо Абдурауф оиласида таваллуд топади. Беш ёшидан Бухоро мадрасаларидан бирида таҳсил ола бош­лайди. Дарсдан ташқари уйида махсус ўқитувчилар ёрдамида араб, форс, рус, француз ва немис тилларини мукаммал ўрганади. Ахлоқшунослик, маданиятшунослик ва тарихга оид китобларни кўп мутолаа қилади. Бухоронинг маърифатпарвар кишиларидан сабоқ олади. Ёшлигиданоқ Садриддин Айний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Садр Зиё ва Аҳмад Донишнинг ижоди ва фаолияти билан яқиндан танишиб чиққан. Бухоро маърифатпарварларидан бири Садриддин Айнийнинг тавсияси билан Аҳмад Донишнинг “Наводир ал-вақое” (“Нодир воқеалар”) асарини, Қори Раҳматуллоҳ Возеҳнинг “Савониҳ ал-масолик ва фаросих ал-мамолик” (“Йўлларнинг қулайликлари ва мамлакатларнинг масофалари”) китобини мутолаа қилади.

    Сирожиддин дастлаб отасининг кичик саррофлик дўконида ишлайди, кейинчалик мустақил равишда пахта савдоси билан шуғулланади. Савдогар ва саёҳатчилардан Россия империяси, Усмонийлар давлати, Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон, айниқса, Европа мамлакатлари тўғрисида кўп маълумотлар олади ва у ерларни бориб кўришни ният қилади. Савдогарлик фаолияти унинг сафарга чиқиш режасини амалга ошириши учун қулай имконият ­яратади.

    Мирзо Сирожиддин 1902 йилдан 28 ёшида узоқ сафарларга чиқа бошлайди. Ана шу хотираларини “Туҳафи аҳли Бухоро” (“Бухоро аҳлига туҳфалар”) номли асарида ёзиб қолдирган. У ўз асарини 1910 йилда ёзиб тугатади. Асар форс тилида, европа қоғозида биографик-мемуар услубда ёзилган бўлиб, 193 саҳифадан иборат. 1912 йилда Когон босмахонасида тошбосма усулда нашр этилади. Асарнинг қўлёзма ва тошбосма нусхалари бугунги кунда Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

    Асардан ўрин олган сафар маълумотларини шартли равишда икки қисмга ажратиш мумкин. Биринчи қисмдаги маълумотлар Бухоро амирлиги, Фарғона, Туркистон, Тошкент, Самарқанд, Авлиёота ва бошқа шаҳарларга оид бўлиб, муаллиф у ердаги ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётни ёритишга савдогар нуқтаи назари билан қарайди.

    Иккинчи қисмдан, асосан, Европа, Россия, Туркия, Эрон, Ҳиндистон ва Афғонистон каби давлатларнинг ижтимоий ва маданий ҳаёти тасвири ўрин олган. Унда муаллиф Австрия, Англия, Германия ва Франция таълим тизими, ижтимоий ҳаёт тараққиёти, меъморлик, шаҳарсозлик, кутубхоналар, шифохоналар, одамларнинг кийиниш маданияти ва кундалик ҳаётини батафсил ёритади. 1909 йилда сафардан қайтганидан сўнг Бухорода европача услубда шифохона очиб, халққа хизмат кўрсата бошлайди.

    Мирзо Сирожиддиннинг “Туҳафи аҳли Бухоро” мемуар асаридан ташқари бизгача ўзбек ва тожик тилларида ёзилган 200 дан ортиқ ғазал, қасида, мухаммас ва рубоий киритилган 2 та тўплами ҳам етиб келган.

    Ўз даври зиёлилари таълимоти ва китоб­лари мутолаасидан таъсирланган Мирзо Сирожиддин жамиятни қийнаб келаётган долзарб масалалар тўғрисидаги мақолалари билан даврий матбуотда ҳам мунтазам иштирок этади. Бунга унинг Бухорода чоп этиладиган “Турон”, Эрондаги “Тусий” ва “Навбаҳор” газеталари, Самарқандда чиқадиган “Ойина” журналида маърифий, фалсафий мавзуларда эълон қилинган илмий-оммабоп мақолалари ёрқин далил бўла олади.

    Мирзо Сирожиддин Бухорода газета таъсис этиш ишларида ҳам жонбозлик кўрсатган. Хусусан, 1912 йилда бухоролик маърифатпарвар Мирзо Муҳиддин билан бирга Когон (Янги Бухоро)да форс тилида чоп этилган “Бухорои шариф” номли газетанинг асосий ташкилотчиси ва ҳомийларидан бири бўлган. Бунинг натижасида Бухоро амирлигида илк бор газета чиқа бошлайди. Миржалол Юсуфзода муҳаррирлиги остида 1912 йилнинг 14 июлига қадар ҳафтада бир марта, ке­йинчалик эса ҳафтада тўрт марта нашр этилади. 1912 йилнинг июлидан “Бухорои Шариф”га илова тарзида эски ўзбек (туркий) тилида “Турон” газетаси нашр қилина бошланди. “Турон” дастлаб илова тарзида ҳафтада икки марта чоп этилган, ўша йилнинг сентябридан эса мустақил нашр сифатида фаолият юрита бошлаган. Ҳар икки газета 2600 (“Бухорои Шариф” — 800, “Турон” — 1800) нусхада нашр этилган. “Бухорои шариф” газетаси орадан бир йил ўтиб, 153-сонидан сўнг ёпиб қўйилади.

    Мирзо Сирожиддин “Бухорои Шариф”нинг илк сонларидан бошлаб “Ҳаким Бухорий” тахаллуси билан мақолалар эълон қилиб боради. Масалан, “Рўзноманинг баъзи фойдалари” мақоласида газеталар халқ дунёқарашини ўзгартириши, китоб мутолааси, қандай яшашни ўрганиш, дунё янгиликлари ва халқлари аҳволидан хабардор бўлиш учун энг муҳим восита эканини очиб ­беради.

    Мирзо Сирожиддиннинг маснавий усулида ёзган “Ёд бод” (“Ёдда бўлсин”) номли шеъри 1913 йилда “Ойина” журналининг 2-сонида чоп этилади. Муаллиф ўз чиқишларида тарихий тафаккурни шакл­лантириш масаласига алоҳида эътибор қаратади, алломалар юрти бўлган Марказий Осиёда илм нуфузи пасайиб кетгани, аҳолини саводли қилишдаги камчиликлар ва таълим тизимидаги муаммоларни жиддий танқид қилади. “Биз ўтмишда қанчалик ривожланган эдик, цивилизация бобида ўзимизга яраша ўринда эдик, тараққийпарварлик, илм-фан кашфиёти, давлатчилик ривожида ҳам илғор эдик. Биз ҳозир ғафлатдамиз, илмдан узоқлашдик. Бизнинг таназзулимиз таълим ва илмни кучсизланганлигидандир”, деб ачиниб ёзади. Буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлиш учун тарихдан тўғри сабоқ чиқаришимиз, илм-фанни ривожлантириш, китоб ўқиш лозимлигини баён этган.

    Мирзо Сирожиддин 1914 йилнинг февралида “Ойина” журналида “Ақл” сарлавҳали мақоласини эълон қилган. Муаллиф “ақл”нинг луғавий маъноси ва фалсафий категориясига алоҳида эътибор қаратиб, у инсонни ҳайвонот оламидан ажратиб турувчи зийнат экани, ақлсиз шахс жамиятнинг тўлақонли, маънавий баркамол аъзоси бўла олмаслигини қайд этади. Инсоннинг ақл-заковати, идроки тушунчаларини фалсафий талқин этиш билан бирга, идрок ва шуур (сезиш-ҳиссиёт) каби зийнатларга ҳам таъриф беради. Муаллиф шу ўринда инсонни икки тоифа — ноқис ва комил шахсларга ажратади. Ноқис ақл инсонга туғилиши билан ато этилса, комил ақлга кўп китоб ўқиш, тинглаш, илм олиш ва ҳаётий тажриба асосида эришиш мумкин. Шу билан бирга, инсонда тарбия воситасида хулқий ақл, меҳнат қилиш ёрдамида касбий ақл шакл­ланиши юзасидан ҳам фикр юритади. Ҳар бир инсон ўз юриш-туриши, муомаласи, зеҳни билан ажралиб туради. Ақлли одам нодондан фарқли равишда ҳаётда ўз фик­ри, танлови ва мақсадига эга бўлади. Мақола муаллифи бешикдан то қабргача илм олиш мазмунидаги ҳадиси шарифни асосий ғоя сифатида олиб, ҳар бир шахс илм олиш, ўз устида мунтазам ишлаш, меҳнат қилиш, касб эгаллаш орқали комил инсон бўлиб етишиши мумкинлигини ёқлайди.

    “Ойина” журналининг 1915 йил 9-сонида Мирзо Сирожиддиннинг “Бухорода таҳсил” мақоласи эълон қилиниб, муаллиф унда мадрасалардаги таълим тизими, талабаларнинг ҳаёти, йилма-йил ўтиладиган фанлар кетма-кетлиги масаласида сўз юритади. Ушбу узоқ муддатли таълим мазмун жиҳатидан давр талабларига мос келмай қолганини танқид қилади. Муаллиф берган маълумотга кўра, Бухоро мадрасасидаги таълим мезон ойидан бошланиб, баҳор байрами — Наврўзгача, яъни октябрдан март ойи охиригача 6 ой давом этган ва ҳафтада 4 кун (шанбадан-сешанбагача) дарс ўтилган.

    Мадрасани 18-20 йил ўқиб битирган илми толиблар фақат бирор масжидда имом, мадрасада муддарис, маҳаллага раис, камдан-кам ҳоллардагина қози этиб тайинланган.

    Мирзо Сирожиддин 1913 йилда Эронга сафари чоғида Рашт шаҳрида сил (шиш) билан касалланиб, Бухорога қайтиб келади ва орадан бир ой ўтиб, 1914 йилнинг 17 январида 37 ёшида вафот этади.

    Ёш маърифатпарварнинг бевақт ўлимидан қаттиқ таъсирланган Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ойина” журналининг бир нечта сонида унинг хотирасига бағишлаб мақолалар эълон қилади. Садриддин Айний эса шу журналнинг 14-сонида Мирзо ­Сирожиддинга бағишлаб марсия ёзади. Унга илм-заковатли, сайёҳ, маърифатпарварлик ғояларини илгари сурган, Бухорода биринчи бўлиб газета очган ношир сифатида қарайди.

    Мухтасар айтганда, маърифатпарвар инсон Мирзо Сирожиддиннинг илмий-­ижодий мероси ва фаолиятини ўрганиш, тадқиқ қилиш ва унга муносиб баҳо бериш бугунги кун талабидир.

    Муҳайё ИСОҚОВА,

    ЎзФА Тарих институти бўлим бошлиғи, тарих фанлари доктори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates