«Тошшаҳартрансхизмат»нинг хабар беришича, 101-сонли йўналишда қатновчи MAN русумли автобус соат 05:40 ларда ботиб қолган.
Йўлнинг қатнов қисмида олиб борилган (сув қувурлари ўтказилган ва сув оқиб чиқиши натижасида ер чўкиши кузатилган) таъмирлаш ишларидан сўнг йўл қатнов қисми автобуснинг оғирлигини кўтара олмасдан, транспорт воситаси ўнг томони ерга чўкиб ҳаракатдан тўхтаган.
Воқеа жойига «5-Автобус саройи» филиали раҳбари ва масъул ходимлар етиб бориб, автобусни ердан олиб чиқиш чораларини кўрган ва соат 10:10 ларда автобус чўкиш жойидан олиб чиқилган. Мазкур ҳодиса оқибатида йўловчиларга тан жароҳати етмаган.
Ҳозирда автобус соз ҳолатда бўлиб, санитар ҳолати тартибга келтирилиб, қайта йўналишда хизмат кўрсатиш учун тасарруф этилган.
«Тошкент шаҳар сув таъминоти» хабарига кўра, бу ерда 400 диаметрли қувур янгиланмоқда. Ишлар тизимли равишда амалга оширилиб, кавланган чуқурлар кўмиб борилмоқда.
Қурилиш ҳудудига яқин жойдан ўтган тармоқда юзага келган носозликдан сизиб чиққан сув кўмилган чуқурларнинг тупроқ қисми кескин чўкишига сабаб бўлган. Транспорт воситалари ана шу чуқурга бир тарафи билан тушуб қолган», — дейилади хабарда.
Ҳозирда туман сув тармоқлари бўлими ҳамда бу ерда иш олиб бораётган қурилиш ташкилоти билан биргаликда ҳосил бўлган чуқурлар бартараф этилмоқда. Ҳолат такрорланмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда.









