Муаммолар таҳлил қилиниб, имкониятларни тўлиқ ишга солиш бўйича вазифалар белгиланди

    Президент Шавкат Мирзиёев 26 март куни Наманган вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди.

    Одамларнинг меҳнати ва тадбиркорлиги билан Наманганда ҳаёт ўзгараётгани қайд этилди. Охирги етти йилда вилоят иқтисодиёти 2 баробар, экспорт 3 карра ўсиб, аҳоли жон бошига даромад 15,5 миллион сўмга етган. 65 триллион сўм инвестиция ҳисобига 600 минг иш ўрни яратилган.

    Лекин ҳали кўп имкониятлар ишга солинмаган, жойларда камчиликлар ҳам бор. Масалан, вилоят экспортининг 86 фоизи тўқимачилик ва мева-сабзавотчилик ҳиссасига тўғри келади. Поп, Чортоқ, Норин ва Янгиқўрғонда саноатлашиш даражаси паст. Вилоятда 56 минг томорқада маҳсулот етиштирилмаяпти.

    Танқидий руҳда ўтган йиғилишда шу каби муаммолар таҳлил қилиниб, имкониятларни тўлиқ ишга солиш бўйича вазифалар белгиланди.

    Давлатимиз раҳбари энг асосий масала аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш эканини таъкидлади.

    Сайхунобод тажрибаси асосида Наманганда ҳам катта ҳаракат бошланган. Вилоятнинг 14 та туманидаги 788 та маҳаллага банк филиаллари бириктирилган. Улар “маҳалла еттилиги” билан бирга хонадонлардаги имкониятларни, оиланинг хоҳиш-истакларини ўрганмоқда.

    Биринчи босқичда кам даромадли 4 мингта хонадон танлаб олиниб, оила аъзолари жон бошига ойлик даромадни 2 миллион сўмгача ошириш чоралари кўрилади. Кейинги босқичда яна 4 мингтасига молиявий, техник, маслаҳат ва бошқа кўринишдаги амалий ёрдам берилади. Маҳаллаларда гулчилик, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай ва картошка етиштириш имконияти, айниқса, яхши. Бунга имтиёзли кредитлар ажратилади.

    – Бу ишларни ким қилиши керак? Президент вакили бўлган ҳокимлар, сектор раҳбарлари, 5 мингдан ортиқ иқтисодий идора ходимлари, маҳалладаги “еттилик” қилиши лозим. Бунинг учун барча масъуллар ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлайдиган тизимни йўлга қўйиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.

    Сўнгги йилларда тўқимачиликда хомашёни тўлиқ қайта ишлаш йўлга қўйилиб, экспорт ҳажми 1 миллиарддан 4 миллиард долларга кўпайди. Худди шундай, заргарликда ҳам салоҳият ҳозиргидан анча юқори. Юртимизда йилига 100 тонна олтин қазиб олинмоқда. Лекин унинг атиги 6 фоизи қайта ишланиб, бор-йўғи 78 миллион доллар экспорт бўлган.

    Шу боис тадбиркорлар учун алоҳида шароитларга эга заргарлик зоналари ташкил қилиниши айтилди. Соҳага хомашё етказиш, мутахассис тайёрлаш, ишлаб чиқариш занжири ва сотиш тизими бутунлай қайта кўриб чиқилади. Бу борада қонунчиликка ҳам таклифлар киритилади.

    Тўла фойдаланилмаётган имкониятлар яна йўллар ва туризмдир. Ангрен шаҳридан то Тўрақўрғонгача 100 километр юрилади, автомобиль оқими кунига 10 мингдан ошади. Тадбиркорлар бу йўл бўйида ошхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўпайтириб, 10 минг аҳолини доимий банд қилишга тайёр. Буни тартибли ташкил қилиш учун мастер-режа ишлаб чиқиб, ерларни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди.

    Наманган вилоятининг тоғли ва хушманзара ҳудудларида туризмни ривожлантириш, сайёҳларга қулайлик яратиш учун авиа ва темирйўл қатновларини кўпайтириш зарурлиги айтилди.

    Вилоятда саноат салоҳияти ҳам юқори. Сўнгги йилларда 72 та кичик ва ёшлар саноат зоналари ишга тушди.

    Лекин 16 та саноат зонасида 78 гектарда қўшимча лойиҳа жойлаштириш имконияти бор. 29 та норуда конига саноат кириб бормаган. Вилоятнинг қўшни давлатларга экспорти 568 миллион доллар. Бу бор имкониятга мутлақо тўғри келмайди.

    Шу боис конларни савдога чиқариш, қўшимча божхона постлари ва савдо уйлари очиш, Наманган халқаро аэропортида юк терминали ва Қамчиқ довонига яқин жойда логистика маркази ташкил этиш чоралари белгиланди. Тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, электр техникаси, қурилиш материаллари тармоқларидаги лойиҳалар бўйича кўрсатмлар берилди.

    Куни кеча Норин дарёсида ГЭСлар каскади, Поп туманида минг мегаваттли 2 та қуёш электр станцияси қурилиши бошланди. Келгуси йилда Катта Андижон каналида 51 мегаваттли кичик ГЭСлар каскади ҳам ишга туширилиши режалаштирилган. Буни давом эттириб, гидроэнергетикани ҳар бир сой, ҳар бир маҳаллага олиб кирадиган тизим қилиш муҳимлиги қайд этилди.

    Қишлоқ хўжалигидаги масалалар муҳокама қилинар экан, каналларни бетонлаш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишлари мутлақо қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.

    Учқўрғон, Поп, Уйчи ва Мингбулоқда Словения тажрибаси асосида интенсив балиқчилик йўлга қўйилиши, бу тармоқда 4 та йирик лойиҳа ишга туширилиши айтилди.

    Наманганда 1,5 миллион тонна мева-сабзавотдан 10 фоизи экспорт қилинган. Агар иш тўғри ташкил қилинса, экспортини 3-5 баробар ошириш мумкин. Шу мақсадда вилоят мева-сабзавот экспорти географияси Хитой, Германия, Италия, Испания ва Араб давлатларига кенгайтирилади. 54 минг гектар ернинг агрокимёвий харитаси ишлаб чиқилиб, 18 минг гектари “GSP+” талабларига мослаштирилади.

    Вилоятда мева-сабзавот, гўшт ва сутни қайта ишлаш даражаси ҳам кам. Масалан, Косонсой ва Чортоқ мева-сабзавотчиликка ихтисослашган бўлса-да, бирорта қайта ишлаш корхонаси йўқ.

    Шу боис бу йўналишда 141 миллион долларлик 62 та лойиҳа ишга туширилади. Косонсой ва Попда йирик чорвачилик кластерлари ташкил этилади.

    Шаҳар ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш вазифалари ҳам жуда муҳим. Бугунги кунда 200 минг аҳоли учун Янги Наманган шаҳри қурилмоқда. Энди Чуст ва Поп туманида 10 минг аҳоли учун “Янги Ўзбекистон” массивлари, яна 20 минг хонадонли турар жойлар, IT-парк ва боғ барпо этилади.

    Туманларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, йўллар қуриш ва таъмирлаш вазифалари белгиланди.

    Вилоятдаги 16 та ихтисослашган тиббиёт маркази негизида иккита – биринчи ва иккинчи Наманган тиббиёт марказлари ташкил этилади. Бунда шошилинч ва бошқа тиббий хизматлар, диагностик текширувлар ҳамда тор соҳа мутахассисларини бир жойга жамлаш, аҳолига туну кун хизмат кўрсатиш имкони яратилади.

    Олий ўқув юртларида таълим сифатини ошириш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш вазифаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

    Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан вилоят ва туман ҳокимлари, вазирлар ахборот берди. Видеоалоқа орқали туманлар жамоатчилиги билан самимий мулоқот бўлди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates