Муаммонинг ечими – илм-фан ривожида

    Фикр 17 апрел 2023 4076

    Жуда кўплаб янгидан янги маълумотлар билан тўлиб-тошган, тезлашган ва кўп қиррали бўлиб бораётган замонда ўзини, ўзлигини йўқотмаслик учун инсон нимага суяниши керак, нимани ўзи учун дастуриламал деб билиши керак.

    Мен бу кучни бир сўз билан билим деб атаган бўлардим. Айнан билимнинг инсонга берадиган англаш, тафаккур қилиш имконияти билангина оқни қорадан, яхшини ёмондан ажратади. Айнан билим мудом ўрганишга, изланишга, янгилик ва кашфиётлар қилишга ундайди. Бутун умри давомида янги нарсаларни ўрганиб бориш, масаланинг моҳиятини англаш ўта муҳим, чунки бу ҳаётни ўзгача, бой ва қизиқарли тарзда яшаб ўтиш имконини беради.

    Муаммо шундаки, бугунги кун ёшлари маълумотларнинг қайси бирини қабул қиляпти, билимни қай усулда бериш талаб этиляпти? Олий таълим муассасаларида билим беришнинг янги усуллари жорий этиляптими? Фақат вербал коммуникацияга асосланган таълим бугун ўзини оқламаётгани аниқ. Чунки бугун - замонавий технологиялар даври бўлиб, техника асри ўзининг мўъжизавий қудратини намоён этаётган даврдир.

    Олий таълим қамровининг кенгайиши, олий таълим муассасаларининг таркибий тузилмаси ва фаолият мазмуни ўзгариши каби кўрсаткичлар, иқтисодиётнинг ўсиши таълим сифатини юксалтириш заруратини келтириб чиқаради. Олий таълим – янгиланган жамият қурилишида ривожланиб бораётган ва ҳал этувчи кучга эга соҳа ҳисобланади. Айниқса, 2017-йилдан буён ўтган вақт даврида олий таълимга қизиқиш ва интилиш карраларга ортганини кўришимиз мумкин. Олий таълим муассасалари сонининг кескин ортиши, хусусий секторнинг олий таълимга кириб келиши, хорижий ҳамкорликнинг ривожланиши, олий таълим муассасалари моддий-техник базасининг яхшиланиши олий таълим нуфузини оширади.

    Ҳар бир муаммо қаърида имкониятлар ётади

    Мен ўзим раҳбарлик қилаётган олий таълим даргоҳи ҳамда ўзим фаолияти билан яқиндан хабардор бўлган университетлар мисолида фикр юритмоқчиман. Ҳақиқатдан ҳам олий таълим профессор-ўқитувчилари ўз соҳаси бўйича илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланади, соҳасининг мавжуд муаммоларига илмий асосланган ечим излайди ва олий таълим муассасасидаги талабаларга маълум фанлардан дарс беради. Уларнинг келажакда маълум бир мутахассислик бўйича ихтисослашувига кўмаклашади. Олий таълим муассасалари ҳар иккала функцияни бажармоқда. Республика олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингларда муносиб ўринларни эгаллаётганлиги, нуфузли илмий нашрлардаги мақолалар сонининг ва сифатининг ортиб бораётганлиги, соҳага оид муаммолар билан ишлаётганлиги ва бунинг натижасида кўплаб ихтиро патентлари, фойдали моделлар учун гувоҳномалар олинаётганини айтиш мумкин. Бугун профессор-ўқитувчи қуруқ, енгил-елпи билим билан талабанинг олдига боролмайди. Боиси чуқур билим, асосланган ахборот, янги илмий маълумотга эга бўлмасангиз, аудиториянинг ўзи сизни сиқиб чиқаради. Истаган одам олий таълимга кира олмаслиги аниқ, профессор-ўқитувчи билан тузиладиган бир йиллик меҳнат шартномаси ўқитувчи зиммасига масъулият юклайди. Яна бир гап, йилдан-йилга билимли, хорижий тилни мукаммал эгаллаган, чет элда таҳсил олган, ҳимоя қилган ёш кадрлар кўпаймоқда. Бу эса рақобат ва танловни кучайтиряпти. Бундан ташқари олий таълим муассасаларида ишга қабул қилиш бўйича танлов ҳайъатлари фаолият юритади ва улар саралаб ишга олишади. Маълумки, тюторлик (мен гуруҳ раҳбари, мураббийи деган бўлардим) фаолияти йўлга қўйилган. Бу эса профессор-ўқитувчини қоғоз, жадвал, тадбирлардан озод қилиб, анча енгиллик берди, фақат таълим жараёни билан шуғулланишига имконият яратмоқда.

    Албатта, ҳақиқий олий таълим тамойиллари устувор бўлиши керак, ҳеч ким мажбуран олий таълимда ўқимаслиги керак, ўзлаштира олмаган талаба жойни банд қилмаслиги керак. Имтиёзлар ўз чегарасида бўлиши керак. Фикримча, имтиёзлар ўзлаштира олмаётган талабага эмас, иқтидорли талабага қўшимча рағбат сифатида берилиши керак.

    Мақсад юксак, ҳаракат жиддий

    Албатта ҳар қандай давр ўз ҳисоботи, эришилган натижалар кўлами билан аҳамиятлидир. Тоғ-кон саноати ривожи кадрлар тайёрлаш тизими олдига катта вазифаларни қўймоқда. Дунё бозорида қора ва рангли металларга талабнинг ортиши ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайишига олиб келмоқда. Шунингдек рақамлаштириш ва автоматлаштириш бугунги кунда металлургия соҳасининг долзарб вазифаси сифатида кўрилмоқда. Бундан келиб чиқиб, тоғ-кон саноати мутахассисларини тайёрлаб бераётган олий таълим муассасалари зиммасида масъулият ҳам ортмоқда.

    Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиалида ишлаб чиқариш корхоналарининг йилдан йилга модернизацияси ҳисобига янги таълим йўналишлари ташкил этилмоқда. Жорий ўқув йилида янги Металлургия ва кимёвий технологиялар факультети иш фаолиятини бошлади. Магистратура мутахассисликлари – металлургия, фойдали қазилма конларини қазиш (очиқ усулда), кончилик ишларини электрлаштириш ва автоматлаштириш йўналишларида ҳам талабаларга юқори салоҳиятли ўқитувчилар таълим беришмоқда. Филиал илмий салоҳиятидан келиб чиқиб металлургия йўналишида докторантура ташкил этилди. Таълим жараёнида меҳнат қилаётган 159 нафар профессор-ўқитувчидан 61 нафари илмий даражага эга, улардан 7 нафари фан доктори, 54 нафари фан номзоди илмий даражасига эга. Илмий салоҳият бугунги кунда 38,4% ни ташкил этади. 40 ёшгача илмий даражалиларнинг улуши 18,6%дан иборат. Бугунги кунда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида 5061 нафар талаба таҳсил олмоқда. 2022-йил профессор-ўқитувчилар илмий салоҳиятини ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди - 10 нафари фалсафа доктори (PhD) диссертациясини ҳимоя қилди, 1 нафари профессор, 4 нафари доцент ва 1 нафари катта илмий ходим илмий унвонини олди. 2023-йилда филиал профессор-ўқитувчилари томонидан жами 20 та (шундан, 2 та DSc, 18 та PhD) диссертацияларни ҳимояси режалаштирилган. Маълумот учун: 2017-йилда 2 та (1 та DSc, 1 та PhD), 2019-йилда 3та (3 та PhD), 2020-йилда 3 та (1 та DSc, 2 та PhD), 2021-йилда 2 та (2 та PhD) диссертациялари ҳимоя қилинган.

    Филиал профессор-ўқитувчилари томонидан илмий-тадқиқот ва илмий-услубий ишлар натижалари бўйича 288 та республика ва хорижий илмий журналларда (шундан, 43 таси “Scopus” маълумотлар базасидаги журналларда) мақолалар, хорижий ва республика ҳамда ОТМ миқёсида ўтказилган анжуманларида 215 тадан ортиқ тезислар чоп этилган, 3 та дарслик, 9 та ўқув қўлланма, 13 та монография нашр қилинган. Шунингдек, 22 та ЭҲМ дастури учун гувоҳнома, 5 та ихтиро ва фойдали модель учун патент олинган. “ОКМК” АЖ билан 6 та лойиҳа ҳамда «Ўзиккиламчирангли металл”АЖ, “INTACT” МЧЖ, “Asia Element Star” МЧЖ билан жами лойиҳа миқдори 1 380 550 000 сўмлик 9 та хўжалик шартномалари бажарилмоқда.

    Филиал профессор-ўқитувчилари томонидан давлат илмий-техника дастурлари доирасида умумий қиймати 592 млн. сўмлик “Маҳаллий хомашёлар асосида агрессив муҳитда ишлатиладиган керамик кислотага бардошли маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш” мавзусида стартап лойиҳа (лойиҳа раҳбари УлуғбекУмуров) бўйича илмий тадқиқот ишлари бажарилди. Ҳозирда ишлаб чиқарилаётган кислотабардош ғиштларни “ОКМК” АЖ корхоналарига сотиш устида ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, Давлат илмий-техника дастурлари доирасида умумий қиймати 150 млн сўмлик “Қовун пашшасига қарши феромонли тутқичлар ишлаб чиқариш технологиясини яратиш” мавзусида инновацион лойиҳа (лойиҳа раҳбари к.ф.н. Турғунбой Джумақулов) амалга оширилди. Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали докторанти Элёр Масидиқов томонидан тайёрланган “хомашёларни кремнийсизлантириш” ускунаси ишлаб чиқариш шароитида синовдан ўтказилди ва металлургия корхоналари чиқиндиларидан фойдали компонентлар ҳамда кремний хомашёси олинди.

    Йилдан йилга профессор-ўқитувчилар сафини ёш, билимли олимлар тўлдираётгани қувонарли. Ана шундай ёшлардан бири Сарвар Пармонов (PhD) жорий йил февраль ойида Ҳиндистонда бўлиб ўтган ШҲТ ёш олимларининг 2-Конклавида металлургия соҳасидаги илмий изланишлари бўйича маърузаси билан иштирок этди.

    Олий таълим ва ишлаб чиқариш узвийлиги таъминланиши керак

    Ислом Каримов номидаги ТДТУ Олмалиқ филиали ҳудуддаги энг йирик металлургия корхонаси “Олмалиқ КМК” АЖ билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйган. Беш йиллик фаолиятга эга ёш жамоамиз малакали, етук кадрлар тайёрлаш, замонавий металлургия муаммоларига ечим топиш, илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришда улкан саноат салоҳиятига эга, дунёдаги йирик тоғ-кон корхоналаридан бири ОКМК тажрибасига суянади. Филиал фаолияти давомида моддий-техника базасини такомиллаштириш, лаборатория ва ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, профессор-ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш комбинат раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ҳамкорлик ишларидан намунадир. Таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси бугунги кунда ҳар икки томон диққат марказида турган асосий масала ҳисобланади.

    Филиалимизнинг инновацион ҳамкорлик алоқалари “Олмалиқ КМК” АЖ, “Навоий КМК” ДК, “ТEХНОПАРК“ ОАЖ “Тошкент ИEС” АЖ, “Оҳангаронцемент” АЖ, “Тошкент металлургия заводи”ОАЖ ҚК, «Ўзметкомбинат»АЖ, “Деҳқонобод калий кони” АЖ “Аммофос-Максам” АЖ каби корхоналар билан йўлга қўйилган. Ҳамкорликнинг малака ошириш, ўқув амалиёти, докторлик, номзодлик, магистрлик диссертациялари, битирув малакавий ишлари, курс ишлари илмий-тадқиқот ишларида ҳамкорлик, хўжалик шартномаси каби шакллари амалга оширилмоқда.

    Корхонада кафедра аудиторияси

    Таълим, илм-фан ва саноат интеграцияси таълимий, илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятларининг муштарак мақсад сари йўналтирилганлигидир. «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030-йилгача ривожлантириш Концепцияси”да юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига кадрлар буюртмачиларини фаол жалб этиш белгиланган. “Олмалиқ КМК” АЖ асосий кадрлар буюртмачиси сифатида ТДТУ Олмалиқ филиали билан ҳамкорликда талабаларнинг тегишли соҳа бўйича таълим жараёнидан ташқари вақтда меҳнат фаолияти олиб боришлари учун шароитлар яратмоқда. Комбинатнинг ишлаб чиқариш корхоналарида кафедра аудиториялари ташкил этилган бўлиб, талабалар учун таълим жараёни бевосита ишлаб чиқариш ҳудудида ташкил этилган. Профессор-ўқитувчи томонидан ўтилаётган дарс машғулотига корхона етакчи мутахассиси ҳам жалб этилади. Бу эса таълим самарадорлиги ошишига олиб келади. Қалмоққир кони бошқармасида ташкил этилган кафедра аудиториясида талабалар коннинг геологик тузилиши, кон рудаларининг таркиби, қазиб олиш ва ташиш усуллари ҳақида ишлаб чиқариш ҳудудининг ўзида билимларини янада бойитмоқда. Шунингдек, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг “юраги” саналувчи Мис бойитиш фабрикасида ташкил этилган кафедра аудиториясида рудани қайта ишлаш, металлни ажратиб олиш технологик жараёнларини бевосита кузатиш, хавфсизлик техникасига риоя этган ҳолда иштирок этиш талабаларга ихтисосликни чуқур ўрганишга имконият яратмоқда. Мазкур амалиётнинг татбиқ этилиши билан ОКМКнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълим ва илмий муассасалар билан ҳамкорликни кучайтириш, қаттиқ рақобатчилик шароитларида тармоқнинг самарали фаолият юритишини таъминлай оладиган ёш ва истеъдодли мутахассисларни жалб этиш вазифасини ҳам ҳал этилади.

    Ишлаб чиқаришдан дуал таълимга

    Олий таълим муассасаси ва кадрлар буюртмачилари билан ўзаро ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш бўйича тизимли ишлар натижасида дуал таълим филиалимизда самарали йўлга қўйилган. Илмий даражаси бўлмаса-да, лекин катта касбий тажрибага эга, “металлургия пири” ҳисобланган кучли мутахассислар таълим жараёнига кенг жалб этилмоқда. Албатта, ОКМК - улкан тажриба, меҳнат, билим ва маҳорат маскани. Техник ва технологик жараёнларни пухта эгаллаган комбинат мутахассисларининг олий таълим мазмунини шакллантиришдаги иштирокини янада кенгайтириш - режадаги лойиҳаларимиздан бири. Мақсадимиз, биз тайёрлаган мутахассислар малакавий даражаси меҳнат бозорининг талабларига етарлича жавоб бера олсин. Маълумки, бакалавр таълимида талаба амалиёт учун ишлаб чиқариш корхоналарига юборилади. Илгари номига амалга оширилган амалиёт дарслари ҳозирда сон жиҳатдан кўпайтирилиб, сифат даражаси ошишига катта аҳамият берилмоқда. Талабаларнинг амалий иш вазифалари ҳам дуал таълим жараёнида, корхонада амалга оширилади. 2-3-босқич талабалари амалиёт даврида стажёр сифатида расмийлаштирилиб, унга маош тўланишини жорий этиш ОКМК раҳбарияти билан режалаштирилган яна бир лойиҳадир.

    Битирувчи стажёр сифатида ишга қабул қилинса...

    Олий маълумотга эга бўлган ёшларни иш билан таъминлаш йўлида ТДТУ Олмалиқ филиали “Олмалиқ КМК” АЖ билан ҳамкорликда яна бир лойиҳани амалга оширмоқда. Олийгоҳни тугаллаган бакалавр битирувчилари стажёр сифатида комбинат корхона ва ташкилотларига ишга қабул қилиниши режалаштирилган. Бунинг натижасида бугун қўлига ихтисослик дипломини олган ёш мутахассис стажёр сифатида иш ўрганади, маош олади. Эртага комбинат ишчи-ходими сифатида ишга жойлашиши учун малакасини ошириб, муҳим қадамларни қўяди.

    Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан иқтисодиёт тармоқларида ишлаб, 5 йил иш стажига эга бўлган ишчи-ходимлар учун махсус сиртқи таълим шакли жорий этилган бўлиб, ТДТУ Олмалиқ филиалида ОКМКда меҳнат қилаётган 200 нафардан ортиқ ишчи-ходим таълим олди. Юқори малакага эга бўлган комбинат ишчилари энди олий маълумотга ҳам эга бўлишди. Филиалимизда ташкил этилган кечки ва сиртқи таълим шаклида ўқиётган, магистратура мутахассислиги бўйича таълимни давом эттириш ниятида бўлган ёшлар учун ҳам имкониятлар яратилади.

    Илм-фан саноат ривожи йўлида

    Маълумки, ҳар қандай ривожланиш, юксалиш асосини илм-фан, унинг қай даражада тараққий этганлиги белгилайди. Миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг инновацион ва юқори технологик форматга ўтиши ҳар бир амалга оширилаётган илмий-тадқоқот ишларининг мазмун-моҳиятини ташкил этади. ТДТУ Олмалиқ филиалида фаолият юритиб, илмий-тадқиқот ишларини олиб бораётган профессор-ўқитувчилар “Олмалиқ КМК” АЖ корхоналарининг ишлаб чиқариш муаммоларини тадқиқ этиш ва ҳал этиш йўлида изланмоқдалар. Илмий тадқиқот ишлари натижасида “Мис фосфориди олиш технологиясини ишлаб чиқиш” (т.ф.д, профессор М.М.Якубов), “Гидрометаллургик усулда рух кекларини қайта ишлаш технологиясини ишлаб чиқиш (т.ф.д., дос.Д.Б.Холиқулов), “Олмалиқ КМК” АЖ МОФ-2 темир сақловчи чиқиндиларидан (хвост) темир оксидини ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш” (PhD Н.М.Аскарова), “Эскирган резина-техника маҳсулотлари асосида модификацияланган полимер-битум маҳсулотларини олиш технологиясини яратиш” (PhD В.Н.Жураев) каби грант лойиҳалари амалга оширилди. Шунингдек, “Оксидланган мис рудаларини комплекс қайта ишлаш технологиясини яратиш” мавзуси бўйича амалий лойиҳа (т.ф.д., доцент Д.Холиқулов раҳбарлигида), “Рух сақловчи пўлат эритиш чангларини қайта ишлаш технологиясини ишлаб чиқиш (т.ф.д. профессор А.Самадов раҳбарлигида), «Кўмир конини комплекс усулда қазиб олиш шароитида содир бўладиган хавфли геомеханик ва геодинамик жараёнлар таъсирини прогнозлаш ва кўмир разрез бортларининг устуворлигини баҳолаш, 3Д-моделини яратиш (т.ф.д.,профессор С.С.Саййидқосимов раҳбарлигида), “ Ер ости гази ва кўмирдан фойдаланган ҳолда Ангрен кўмир конидан чиқариб ташланувчи иккиламчи каолиндан алюминий оксиди ишлаб чиқаришнинг янги тежамкор технологиясини яратиш (PhD Н.М.Аскарова раҳбарлигида), “Энергия ва ресурс тежовчи янги инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ва қўллаш асосида бурғилаш ускуналарини автоном энергия билан таъминлаш қурилмаларидан чиқариб юборилаётган иккиламчи иссиқлик манбаидан электр энергияси ишлаб чиқарувчи қурилма яратиш” (т.ф.н., дос. Д.А.Рисмухамедов раҳбарлигида) мавзусидаги амалий лойиҳалар, албатта, улкан металлургик корхонанинг самарали фаолиятига хизмат қилади.

    Олий таълим тизими янгиланиш босқичида. Ҳар бир соҳада кенг кўламли ислоҳотлар самараси яққол кўринаётганидек, ишонамиз, Ўзбекистон олий таълим тизими ҳам дунё рейтингларида тан олиниши яқин. Бу жараёнга ҳар бир олий таълим муассасаси, ҳар бир жамоа ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшишга қодир.

    Алишер Самадов,

    Ислом Каримов номидаги ТДТУ Олмалиқ филиали директори,

    Техника фанлари доктори,

    профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates