Муассасада “электрон поликлиника” тизими йўлга қўйилди

    “Электрон поликлиника” тизими рўйхат ва маълумотларни автоматлаштириш, ягона электрон амбулатория тиббий картасини юритиш каби афзалликларга эга. Беморлар масофадан туриб, ўзи учун қулай вақтда шифокор кўригига навбат олиши мумкин.

    Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, хусусан, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасалари инфратузилмасини яхшилаш, тизимнинг бирламчи бўғинига замонавий коммуникация технологияларини жорий этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Зеро, Президентимиз ташаббуси билан 2021 йилни «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши замирида ҳам ана шундай эзгу мақсад мужассам.

    Давлатимиз раҳбари раислигида 2020 йил 6 ноябрда соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш, уларга ёрдам бериш мақсадида тиббиёт бригадалари ташкил этиш, оилалар кесимида «тиббий харита»ларни шакллантириш, аҳоли билан манзилли иш олиб бориш, улар саломатлиги ҳолатини баҳолаш ва электрон базасини яратиш, тиббиёт муассасаларини ходимлар ва диагностика воситалари билан таъминлаш борасида қатор вазифалар белгиланди.

    Ана шундай вазифалардан келиб чиққан ҳолда, аҳоли айни пайтда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда, улар орасида тиббий маданият ва соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинмоқда. Пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган 15-оилавий поликлиника 9 та маҳалла фуқаролар йиғинига хизмат кўрсатади. Маҳаллаларда истиқомат қилаётган 40 мингга яқин аҳолининг 38 минг 958 нафари хатловдан ўтказилди. 26 минг 412 нафар катта ёшдагилар, 12 минг 546 нафар болалар саломатлиги муфассал текширилди.

    Бунинг учун 24 та тиббиёт бригадаси ташкил этилди. Оила шифокори, ҳамшира ва тор соҳа мутахассисларидан иборат бригадалар ҳар бир уйга кириб, унда яшовчиларнинг бўйи, вазни, бел айланаси, пульси, босими, сатурациясини ўлчади, саломатлик ҳолатини белгилади. 5 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шахслар скрининг текширувидан ўтказилди. Касалликка мойиллар индивидуал патронажга олинди. Касалликларнинг олдини олиш, эрта босқичда аниқлаш, касалланиш даражасини пасайтириш ва профилактик тадбирлар воситасида аҳоли саломатлиги кўрсаткичи янада яхшиланди.

    — Аҳоли орасида хавф гуруҳларини баҳолашдан асосий мақсад — касалликни эрта аниқлаш ва олдини олиш, профилактик ишларни йўлга қўйиш, улар учун диспансер назоратини белгилашдан иборат, — дейди 15-оилавий поликлиника бош шифокори Гулноз Маматқулова. — «Ғалаба» маҳалла фуқаролар йиғинида 40 ёшдан ошганлар орасида юрак қон-томир касалликлари 55,5 фоизни ташкил этаётгани аниқланди. Шу боис, жорий йилнинг 6 январида маҳалла фуқаролар йиғини идорасида мақсадли тиббий кўрик ўтказилди.

    Хавф гуруҳига кирувчилар кардиограмма қилинди, улардан лаборатория таҳлиллари олинди. Аниқланган касалликларга даво чоралари тавсия қилинди. Бундай тадбирларни келгусида барча маҳаллада ўтказиш кўзда тутилган. Муассасада «Электрон поликлиника» тизими йўлга қўйилган. Ушбу тизим рўйхат ва маълумотларни автоматлаштириш, ягона электрон амбулатория тиббий картасини юритиш каби афзалликларга эга. Беморлар масофадан туриб, ўзи учун қулай вақтда шифокор кўригига навбат олиши мумкин.

    — Аҳолининг тўғри овқатланиши, оммавий спорт билан шуғулланиши ҳамда соғлом турмуш тарзига риоя қилиши касалликларнинг олдини олиш ва умрни узайтиришда муҳим омил саналади, — дейди оилавий поликлиника бўлим бошлиғи Маъмура Хидирова. — Оилавий шифокор қабулига келган ҳар бир бемор билан тўғри овқатланиш, бадантарбия, пиёда юриш, очиқ ҳавода сайр қилишнинг аҳамияти хусусида суҳбат ўтказилади. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки миллат саломатлигини мустаҳкамлаш, халқ генофондини сақлашга соғлом турмуш тарзи орқали эришилади.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимларидан иборат ишчи гуруҳ поликлиникада меҳнат қилаётган шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш, уларнинг замонавий тиббий технологияларни ўзлаштиришига кўмаклашиш мақсадида ўқув-семинарлар ташкил этди. Бундай машғулотлар, тиббиёт ходимларини соҳадаги энг сўнгги ютуқлар билан танишиш, тажриба алмашиш, билим ва малакасини оширишга хизмат қилади.

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates