Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий ўзлигимизни тиклаш, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида ғоят муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган эзгу анъаналарини муносиб давом эттиришга улкан эътибор қаратилмоқда. Ватанимизнинг қадимий тарихини чуқур ўрганиш, буюк аллома ва азиз авлиёларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, ноёб илмий меросини тадқиқ этиш ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари билан уйғун ҳолда олиб борилмоқда.

    Бу жараёнда, айниқса, билим ва маърифат, маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари улуғланадиган муборак Рамазон ойининг аҳамияти катта бўлаётганини таъкидлаш лозим. Мамлакатимиз мўмин-мусулмонлари ушбу муқаддас ойни доимо орзиқиб, катта хурсандчилик билан кутиб олади. Оила ва маҳаллаларда ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ёш авлодимизни билим-маърифат ва гўзал хулқ соҳиблари этиб камол топтириш, эҳтиёжманд инсонларга кўмак ва ёрдам кўрсатиш каби эзгу амалларни сидқидилдан, ихлос билан адо этишга интилади.

    Халқимиз учун эзгулик, бирдамлик, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида:

    1. 2024 йилда муборак Рамазон ойининг бошланиши 11 март кунига тўғри келиши ҳақидаги Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

    2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга оширсин.

    Мурувват, аҳиллик ва ҳамжиҳатликни улуғловчи ушбу фазилатли ойда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар, қабристонларни ободонлаштиришга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор берилсин.

    3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Рамазон ойини ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

    4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М. Камилов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти
    Ш. Мирзиёев

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates