Ўзбекистон Қуролли кучлари жамоаси “Кембрия патрули 2024” халқаро мусобақасида кумуш медални қўлга киритди

    Ҳарбий 8 октябр 2024 1427

    Шу йил 4-7 октябрь кунлари Ўзбекистон Қуролли кучлари жамоаси Уэльсда (Буюк Британия) ўтказилган дунёнинг энг мураккаб ва нуфузли халқаро ҳарбий мусобақаларидан бири – «Кембрия патрули»да юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

    Жорий йилдаги мусобақаларда 30 дан ортиқ мамлакатлардан, жумладан, Буюк Британия, АҚШ, Франция, Ҳиндистон, Германия, Латвия, Қозоғистон, Туркманистон, Италия ва бошқа давлатлардан 100 дан ортиқ жамоа иштирок этди. Ҳар бир жамоа 70 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, энг мураккаб табиий ва тактик тўсиқларни енгди. Ҳар 8-10 километрда маршрутнинг турли жойларида иштирокчилар кимёвий ва биологик таҳдид шароитида ҳаракат қилиш, ҳужум операциялари ва мураккаб жойларда йўналишни топиш каби жанговар вазифаларни бажардилар.

    Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси юқори даражадаги профессионализм ва жамоавийликни намойиш этиб, ўз гуруҳида 13 жамоа орасида биринчи ўринни эгаллади. Улар барча босқичларда муваффақиятли тарзда зарарланган ҳудудлардан ўтиб, тактик операциялардаги маҳоратини кўрсатиб, маршрутни биринчилар сафида якунладилар.

    Умумий натижаларга кўра, Ўзбекистон жамоаси кумуш медалга сазовор бўлди.

    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, британиялик ҳарбий мутахассислар Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг тайёргарлик даражасини юксак баҳолаб, уларнинг профессионализми ва жанговар вазифаларни бажаришдаги мукаммал кўникмаларини эътироф этдилар, деб хабар беради “Дунё” АА.

    “Кембрия патрули” 60 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинади. Мусобақа дунё бўйлаб ҳарбий бўлинмаларни ҳақиқий жанговар шароитларда уларнинг жанговар кўникмалари ва чидамлилигини синовдан ўтказиш учун бирлаштиради. Унда иштирокчи бўлинмалар 48 соатдан камроқ вақт ичида 70 км масофани босиб ўтиб, кўплаб ҳарбий манёврлар ва патруллик вазифаларини бажарадилар. Машғулотлар Уэльснинг марказий қисмидаги тоғлар ва ботқоқликлар каби ўтиш қийин бўлган ҳудудларда ўтказилади.

    “Кембрия патрули” биринчи марта 1959 йил августда генерал-майор Льюис Пью томонидан ташкил этилган бўлиб, ўша вақтда бўлинмалар Уэльснинг ғарбий қирғоғидаги Тонфанау шаҳридан Кембрия тоғлари бўйлаб узоқ масофага марш-бросок ўтказган. Шундан буён машғулотлар доимий равишда янгиланиб, замонавий шароитларга мослаштирилди.

    Мусобақаларда жамоалар саккиз нафар эркак ёки аёллардан ташкил топган ҳолда мураккаб ҳудудларда патруллик қилади. Бу синов лидерлик қобилияти, ўз-ўзини бошқариш, жасорат, жисмоний чидамлилик ва қатъиятликни талаб этади.

    Одатда машғулотлар жамоалар учрашув жойига етиб келгандан кейин бошланади, бу ерда уларнинг жиҳозлари текширилади ва зарур барча анжомлар бор-йўқлиги аниқланади. Шундан сўнг, жамоа командири буйруқни қабул қилади, қолган аъзолар эса тезда ўзларига бошпана тайёрлайдилар, жанговар тайёргарлик кўрадилар ва буйруқни олишга ҳозирлик кўрадилар, яъни улар патруллик қиладиган ҳудуднинг макетини тайёрлайдилар. Кўплаб жамоалар мусобақани якунлай олмайди, маррага етиб борганлар эса учта мукофот – олтин, кумуш ёки бронза медалларидан бирини қўлга киритади.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates