Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси технологиялар ва инновацияларнинг жадал ривожланиши билан боғлиқ глобал муаммолар ечимини топишга қаратилган. Бу йўналишдаги асосий вазифалардан бири нафақат ҳозирги муаммоларни аниқлаш, шу билан бирга, илм-фан ва технологияларнинг энг сўнгги ютуқларидан бохабар бўлиш, замонавий муҳандислик технологияларига доир билимларни эгаллаш, тизимли ва ижодий фикрлаш кўникмасига эга юқори малакали муҳандисларни мақсадли тайёрлашдир.
Муҳандислик жамият муаммоларига хавфсиз ечим топиш учун зарур бўлган бино ва иншоот, ускуна, мосламаларни таъмирлаш, лойиҳалаштириш учун илмий, математик, иқтисодий, ижтимоий ва амалий билимларни олиш ҳамда қўллаш билан боғлиқ тизимлар мажмуидир.
Ўқитиш ва ўрганиш қобилияти ҳар доим жамият ривожланишининг асосий қисми бўлиб келган, аммо илгари таълим олдига бундай жиддий вазифалар қўйилмаган, муҳандисларга нисбатан талаб ҳам ҳозиргидек юқори эмасди. Бугун техника университетларида бўлажак мутахассислар ҳали мавжуд бўлмаган меҳнат фаолиятига ўргатилмоқда. Аммо улар ихтиро қилинмаган техника ва технологиялардан фойдаланиш ҳамда муаммоларни ҳал қилиш кераклигини чуқур англаб етмаяпти.
Инсон фаолиятининг бирор-бир соҳаси технологик маҳсулот ва инновациялар каби тез ўсмаган, яъни бу соҳада ғоядан бозорга татбиқ этишгача бўлган вақт ҳафта ва ойлар билан ҳисоблаб чиқилган. Бу амалиётчи муҳандис эҳтиёжини қондириш учун шу соҳадаги таълимни ривожлантиришни талаб қилади.
Бу борада янги ташкилий масалалар ҳам кўзга ташланмоқда. Сўровларга кўра, муҳандислар иш вақтининг кўп қисми (60 фоизга яқини)ни бошқа вазифаларни бажаришга сарфлайди. Қолган вақтлардагина муҳандислик ишлари билан машғул бўлади.
Муҳандислик ечимлари кундан-кун мураккаблашиб боряпти. Кўпинча фанлараро ёндашув шарт бўлади. Аксар ҳолларда ишлаб чиқариш шароити унинг бошқа мамлакатлар тажрибаси билан интеграциялашувини талаб этади. Зотан, маҳсулотлар дунёнинг турли бурчакларида ишлаб чиқарилади ва барча ишлаб чиқариш ресурслари халқаро таъминот тизими билан боғланган. Шу боис, муҳандислар кўп маданиятли муҳитда турли мамлакатлардаги одамлар билан мулоқотда бўлиши зарур. Бу янги авлод муҳандиси мукаммал мулоқот қобилиятига эга бўлиши ва лойиҳаларни бош қариши, логистика ва тизимлар интегра цияси асосларини ўзлаштириши кераклигини англатади.
Ҳозирги глобал инновацион ривожланиш даврида чуқур илмий тадқиқотлар олиб бориш ва соҳаларни рақамлаштириш зарурати юзага келаётгани сир эмас. Мамлакатимизда муҳандислар сони етарлича, аммо сифати ҳақида ундай дея олмаймиз. Айни пайтда сифатли муҳандисларни кўпайтириш зарурати юзага чиқмоқда. Чунки креатив ёндашувчи инноватор муҳандислар саноат тармоқларидаги мавжуд муам моларга ечим таклиф этиши лозим.
Президентимиз навбатдаги Мурожаатномасида “...Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашни кенгайтирамиз. Кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Бу тизим бизда ҳозиргача бўлмаган. Лўнда айтганда, янги замон инженерлари тайёрлаш тизимини яратамиз”, деган эди. Бу бежиз эмас. Муҳандислик таълимини ривожлантириш Ўзбекистоннинг инновацион иқтисодиёти учун рақамли технологиялар ва инновацияларни ривожлантиришда замон талабига мос, дунёда вужудга келаётган глобал зид диятли мураккаб муаммоларга тўғри жавоб бера оладиган ва ҳал қила оладиган техник-муҳандислар тайёрланишига туртки бўлади.
Технологик тараққиёт, ишлаб чиқаришни ташкил қилишнинг замонавий усул ва воситаларини кенг жорий этиш, чет эллик шериклар билан ўзаро алоқалардан тўпланган тажриба, кадрлар малакасини ошириш масалаларига эътибор қаратилиши муҳандислик мактабларининг муваффақиятини таъминлайди.
Келажакда ўқитиш ишнинг ажралмас қисмига айланади, деб тахмин қилинмоқда. Бундан ташқари, иш жойидаги ўқувчилар нафақат таълим хизматларининг истеъмолчилари, балки уларни ишлаб чиқарувчилар ва драйверлар бўлади. Муҳандислик таълими сифатини ошириш замонавий ўқитиш дастурларини иммитация қила оладиган янги педагогик технологияларни жорий қилиш, интерфаол шаклларни ривож лантириш, лойиҳавий усуллар ва воситалардан кенг фойдаланиш йўли билан таъминланиши мумкин.
Бугун таълим инфраструктурасида етакчилик муҳандислик таълими соҳасида юқори даражали мутахассислар тайёрлашни таъминлайдиган олий ўқув юртларига тегишлидир. Бунда олий таълимнинг давлат таълим стандартини тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. У асосий таълим дастурларини ўзлаштириш натижалари ва ўқув дастурларининг бажарилиши, билим сифати назоратига бўлган талабларни белгилайди.
Давлат таълим стандартини ишлаб чиқишда асосий эътибор фан, ишлаб чиқариш ва таълим тизими интеграцияси ҳамда меҳнат бозори талабларига кўра, олий ўқув юрти фаолиятини яхшилашга қаратилади. ОТМ билан корхоналар орасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида иқтисо диёт тармоғига мувофиқ етакчи ишлаб чиқариш бирлашмалари билан икки томонлама ҳамкорлик ўрнатилади. Бундай алоқаларнинг мустаҳкамланиши туфайли олий ўқув юрти моддий-техник базасини яхшилаш ва ўқув дастурлари ҳамда илмий-технологик ишланмаларни такомиллаштириш имкониятига эга бўлмоқда.
Зумрад ҒОЙИБНАЗАРОВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,
иқтисодиёт фанлари доктори