Ўқувчилик кезларимиз мусиқа мактабларига борадиган йигит-қизларга ҳавасимиз келарди. Бола қалбимиз билан ҳам уларни профессионал устозлар ўқитишини билардик. Тадбирларимизда, айниқса, рақс тўгарагига қатнайдиган қизларнинг нафис ҳаракати диққатимизни тортарди. Рубоб, дутор, пианино чаладиганлар ҳам биз, ҳаваскорлардан анча устун эканини кўрсата оларди.
Биз эса мусиқа дарсларини жиддий деб билмас, 12 варақли дафтарга (кейин билсак, аслида номутахассис) ўқитувчимиз ҳижжалаб турган шеър матнини ёзиб олиб, уйда ёдлаб келардик. Кейинги дарсимиз шеър айтиш билан ўтарди. Кимларгадир вақт етмай қолган пайтлар ҳам кўп бўлган. Тан олиш керакки, умумтаълим мактаблари мусиқа фани ўқитувчилари билимининг етарли эмаслиги, чолғуни ишлатиш тажрибаси йўқлиги, ўқитиш услуби ўта жўн ва жайдарилиги туфайли чекка ҳудудларда яшовчи бир неча авлод ҳақиқий миллий мумтоз ва замонавий мусиқа ҳақидаги билимдан мосуво қолди. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолият юритаётгани мана шу бўшлиқни муайян даражада тўлдиришга хизмат қиляпти.
Мактаблар, мураббийлар салоҳияти ва шароит етарлими?
Айни пайтда мамлакатимиздаги 324 та болалар мусиқа ва санъат мактабида 85 минг атрофида ўғил-қиз эстрада ва анъанавий чолғу, халқ чолғулари, торли чолғулар, дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги каби 15 йўналиш бўйича таҳсил олмоқда. Ҳар йили ўқувчиларининг 500 нафардан ортиғи мамлакат, 100 нафарга яқини турли даражадаги халқаро танловларда иштирок этаётганини мазкур мактаблар фаолиятининг самараси дейиш мумкин. Эришилаётган натижалар болаларнинг юксак иқтидори баробарида мактаблардаги педагогик салоҳиятга ҳам боғлиқ. Зеро, ёшларга мусиқий чолғуни чалишда муҳим ҳисобланган сифатлар, хусусан, тинглаш қобилиятини ривожлантириш педагогдан юксак маҳорат талаб этади. Шу маънода, шиддатли давр етук кадрлар тайёрлашни талаб этаётган экан, болалар мусиқа ва санъат мактабларида ҳам бу масала бирламчи аҳамият касб этади.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳузуридаги Педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ марказида болалар мусиқа ва санъат мактаблари директори ўринбосарлари, бош бухгалтерлари ҳамда кутубхона ходимлари малакасини ошириш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат хореография академиясида болалар мусиқа ва санъат мактабларининг рақс бўйича 500 дан ортиқ мураббийи учун қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилган.
Тизимдаги таълим муассасаларини зарур ўқув қўлланмалар ва ноталар тўплами билан таъминлаш учун давлат бюджетидан 6 миллиард 400 миллион сўм ажратилган. Энг муҳими, сўнгги 10 йилда биринчи марта 19 номдаги ўқув қўлланма ва ноталар тўплами қарийб 159 минг нусхада чоп этилиб, болалар мусиқа ва санъат мактабларига етказилгани таълим сифати ва мураббийлар салоҳиятини ошириш борасидаги ишлардан далолат.
Янги йўналиш болаларга нима беради?
Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида муайян ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда бошқа таълим муассасаларида бахшичилик тўгараклари ташкил этиш белгиланган.
Республика бахшичилик санъати марказининг “Устоз-шогирд мактаби” бўлими маълумотларига кўра, бугун водий вилоятлари ва Тошкент шаҳридан ташқари ҳудудлардаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида 96 та бахшичилик синфи ташкил этилиб, икки мингга яқин ўқувчига 238 бахши-ўқитувчи бу ноёб санъат сирини ўргатяпти. Бахшичилик синфларини тажрибали мураббийлар — халқ бахши ва жировлари, умуман, соҳанинг асл кишилари билан таъминлаш марказнинг асосий вазифаларидан.
Марказ ходимлари фикрича, бахшичилик синфларини муносиб жиҳозлаш, уларга мос ўқув-услубий қўлланма ва дарсликлар яратиш учун бахшичилик ва достончилик санъатини назарий ва амалий жиҳатдан яхши биладиган фольклоршунослар, соҳа мутахассисларини жалб этиш мақсадга мувофиқ. Бахшичилик синфхоналарида устоз бахшиларнинг шажара тахтаси, ижро услуби, бахшичиликка оид адабиётлар, достон қаҳрамонлари акс эттирилган кўргазмали воситалар жойлаштирилиши болаларнинг бахшичилик тарихи ҳақида керакли маълумотларни олишида катта ўрин тутади. Масалан, “Алпомиш” достони асосида тайёрланган суратлар адолат, миллий ғурур, она юрт ҳимояси учун тайёрлик ҳиссини тарбиялашга хизмат қилса, ўз ҳудудида яшаб ижод қилаётган таниқли бахшиларнинг ҳаёти ва ижодидан бохабарлик бу туйғуни кучайтиради. Қисқаси, бахшичилик санъати билан танишиш болаларнинг миллий ғурурини юксалтириб, нутқини бойитади. Дунёга муносабатини шакллантиради, ҳар томонлама камол топишида беқиёс ўрин тутади.
Чекка ҳудудларга эътибор
Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб болалар мусиқа ва санъат мактабларининг анъанавий август кенгашлари кўтаринки ўтказиляпти. Бу тадбирлар улар фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилиши кутиляпти.
— Борини борича айтганимиз яхши. Бугунги болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базаси етарли. Чолғу асбоблари ҳам мунтазам етказиб бериляпти. Мана, ўқувчиларимиз халқаро танловларда олий ўринларга сазовор бўляпти. Бу, биринчи навбатда, яратилган имконият самараси. Кейин истеъдодли ўғил-қизларнинг меҳнати, интилиши, ота-оналарнинг қўллаб-қувватлови ҳосиласи, — дейди Жиззах вилояти маданият бошқармаси бош мутахассиси Илҳом Умрзоқов. — Ота-оналарнинг фаолиятимизга ишончи ортди. Ҳозир 3000 мингдан ортиқ ўқувчимиз бор. Янаги йилда улар сонини 4000 дан оширмоқчимиз. Очиқ эшиклар куни, маҳорат дарслари, амалий семинарлар ўтказишимиз натижасида қабул бошидан шу кунгача 800 дан ортиқ ўғил-қиз ариза топширди.
Зоминлик Умида Ҳамдамованинг уч фарзанди тумандаги 12-болалар мусиқа ва санъат мактабига қатнайди.
— Катта қизимнинг мусиқа мактабида ўқигани касб танлашида катта фойда берди. Мактабни тугатганидан кейин Жиззах санъат коллежига ўқишга кирди. Уни ҳам тамомлаб, ҳозир Ўзбекистон давлат хореография академиясида ўқияпти, — дейди Умида Ҳамдамова. — Ўртанчаси Беньков номидаги республика рассомлик коллежига ўқишга кирди. Халқаро мукофот лауреати, олтин медаль соҳибаси бўлди. Кенжа қизим ҳам рақс йўналишида ўқияпти. Фарзандларимнинг ютуқларини кўрсам, хурсанд бўламан. Бир онага бундан ортиқ бахт борми!
Зомин туманидаги 12-болалар мусиқа ва санъат мактаби 2011 йилдан буён фаолият юритади. Шу пайтгача уни тамомлаган ёшлардан 55 нафари нуфузли олий таълим муассасаларида санъат йўналишида ўқияпти. Уларнинг издоши — 5 йилдан бери анъанавий ижрочилик йўналишида таълим олаётган Маҳлиё Маматқулова жуда кўп танловларда қатнашган. Айниқса, Бўзатов фестивалида фахрли ўрин эгаллагашида мусиқа мактабининг ҳиссаси беқиёс бўлди. У келгусида Тошкент давлат консерваториясининг хонандалик йўналишида ўқиб, миллий санъатимиз равнақига ҳисса қўшмоқчи.
Болалар мусиқа ва санъат мактабларига ўғил-қизлар интилишининг яна бир сабаби бор: ойлик бадал пули бошқа тўгаракларга нисбатан кам. Масалан, туманларда базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи, вилоят марказида 30 фоизи, пойтахтда 50 фоизи ҳисобида бадал пули тўланади. Бу чекка ҳудудларда мусиқа таълими олаётган болаларнинг ойлик тўлови 100 минг атрофида бўлади, дегани.
“Бир муаммомиз бор эди...”
Узоқ йиллар Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги 25-болалар мусиқа ва санъат мактабига директорлик қилиш мобайнида соҳада ўзига хос тажриба орттирган Исмоил Давлатов 2008 йилгача болалар мусиқа ва санъат мактабларига эътибор жуда суст бўлганини эслайди. Ўша кезлари атиги 6-7 йўналиш бўлган, дейди. Айни пайтда у вилоят маданият бошқармаси бош мутахассиси. Айтишича, бундан 10-15 йил олдин 2,5-3 минг бола мусиқий таълим олган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 8 мингга етган.
— 2015 йилдан халқаро танловларга чиқишга рухсат берилди, — дейди Исмоил Давлатов. — Ўша йили Пахтаобод туманидаги болалар мусиқа ва санъат мактабларидан ахбор рубоб йўналиши бўйича Санкт-Петербургга бориб, 1-ўринни олганмиз. Шу йилнинг ўзида яна бир бор Санкт-Петербург ва Италияда ўтказилган халқаро танловларда иштирок этганмиз. Ҳозир эса ҳар йили 100 дан зиёд бола чет элдаги танловларда қатнашиб келяпти. Бунинг учун шароит етарли. Аввал битта мактабда 1-2 та пианино бўлган бўлса, ҳозир 10 дан зиёд. Роял ва бошқа қимматбаҳо чолғу асбоблари давлат ҳисобидан олиб келиняпти. Мактаблар сони ҳам кўпайди. Ўқитувчилар бор меҳрини бериб ишлайдиган шароит яратилди. Ҳар бир мураббий алоҳида хоналарда эмин-эркин дарс беради, ўз устида ишлайди. Президентимизнинг “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари раҳбар, ўқитувчи ва концертмейстерлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори асосида ўқувчилари эришаётган натижаларга кўра мураббий 40 фоизгача устама оляпти. Бир муаммомиз бор эди, у ҳам бўлса, мактабни иситиш масаласи. Бу ҳам кластер тизимига ўтказилди. Бундан буёғига мактабларимизни иситишда ҳам муаммо бўлмайди, деб умид қиляпмиз.
Тажрибали педагог Исмоил Давлатов бир таклифни илгари сурди. Унинг айтишича, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўртасида ҳар уч йилда бир ўтказиладиган театр тўгараклари танловини ҳар йили ташкил этиш мақсадга мувофиқ. “Бу билан театр санъатимизнинг бўлғуси умидли вакилларини ҳар йили кашф этиш баробарида халқаро танловлардаги фаоллигимиз янада ортади. Педагогларга эса юқори натижаларни қўлга киритгани учун устама олиш имконияти янада кенгаяди”, дейди у.
Мусиқа мактаблари ҳам рақамлаштирилса...
Маданият вазирлиги мутасаддиларининг маълум қилишича, 2019–2021 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида фойдаланишга топширилган 13 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, шунингдек, 8 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатни зарур жиҳоз ва чолғу асбоблари билан таъминлаш учун 2023 йилги тегишли дастур доирасида 50 миллиард сўм ажратиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилади.
Болалар мусиқа ва санъат мактабларида фаолият юритаётган олий маълумотли ўқитувчилар салмоғи 50 фоизга етказилади. Шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини тўлақонли мувофиқлаштириш ҳамда уларга услубий-амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жамоатчилик кенгашларини ҳар бир ҳудудда ташкил этиш назарда тутилган.
Энг муҳими, болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолияти рақамлаштирилади. Бунинг учун ягона электрон рақамли платформа ишлаб чиқилиб, бошқа платформалар билан интеграция қилинади. Рақамлаштириш орқали, биринчи навбатда, барча, айниқса, чекка ҳудудларда жойлашган таълим муассасаларида эришилаётган ютуқлар, мавжуд муаммолар тўғрисидаги маълумотларни онлайн кузатиб бориш имконияти туғилади. Бу эса камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳудудий ҳокимликлар, вазирлик бошқармалари билан ўз вақтида манзилли чора-тадбирларни кўриш имкониятини яратади.
Мусиқа санъатини англай билиш, илмий асосларини эгаллаш инсоннинг соғлом дунёқараши шаклланиши, тафаккури ва салоҳияти янада бойишида муҳим ўрин тутади. Шу маънода, ҳаётимизда болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ўрни беқиёс. Шунинг учун бугун боласида мусиқий илмга қизиқишни қўллаб-қувватлайдиган ота-оналар сафи кенгайиб боряпти. Уларга ҳавас билан боқарканмиз, йилдан йил яхшидир, кундан кун яхши, дегимиз келади.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири








