Мустақиллик байрами шукуҳи берган куч-ғайрат ­– ватанимиз равнақининг янги саҳифаларини очгувчи калит

    Таълим 3 сентябр 2021 6189

    Аждодларимизнинг азалий орзуси ҳамда улкан саъй-ҳаракатлари натижасида халқимиз истиқлолга эришганига бу йил 30 йил тўлди. Мустақилликка эришиш, албатта, осон кечгани йўқ – машаққатли меҳнат, миллатимиз зиёлиларининг бошдан кечирган мураккаб синовлар, йўқотишлар ва қурбонлар эвазига бугунги фаровон кунларга эришдик. Бу ҳақда Президентимиз байрам тантанасидаги нутқларида «Халқимиз қалбидаги ҳуррият сари эзгу интилишни ҳеч қандай босқин, зулм ва зўравонликлар йўқота олмади. Бунга кўҳна тарихимизнинг ўзи гувоҳ» дея сўз юритдилар. Тарих сарҳадларига эътибор қарата туриб, бугунги кунимизнинг қадрига етиш айнан шу кунларда халқимиз қалби, онги шуурида акс этиб турганига асло шубҳа йўқ. Чунки мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрам тантаналари тарихимизда ҳеч бўлмаган янгича руҳ билан ўтди десак муболаға бўлмайди.

    «Янги Ўзбекистон» боғининг шунчалар тез муддатда барпо этилиши ва у ерда ниҳоятда кўтаринки кайфиятда ташкил этилган байрам тантаналари ҳар биримизнинг юрагимизда ифтихорни юқори чўққиларга олиб чиқди дея оламан.

    Тарих ва келажакни боғловчи ушбу тантаналар шукуҳи, мамлакатимиз раҳбарининг кенг ва таҳлилий нутқи, аввало, кимларнинг аждодлари эканимизни, Яратганнинг эзгу назари тушган заминда яшаётганимизни, яқин тарихимизда нималар бўлдию, нималар қилаётганимиз, ва албатта бу улуғликка муносиб нималар қилмоғимиз даркорлигини кўрсатиб берди.

    Охирги йилларда кўп янгратган ва айнан ўз йўлимизда азму қароримизни мустаҳкам қадамлар билан олдинга юришимизда таянч бўлиб қолган ватанпарварлик, фидойилик, янги Ўзбекистон, Учинчи ренессанс сўзларининг мазмуни бу байрам кунларида янада тиниқлашди, десак адашмаймиз.

    Айнан мана шу ҳолат мамлакатимизда олиб борилаётган улкан ўзгаришлар ва шиддат билан ўтказилаётган ислоҳотларнинг кўламини кўз олдимиздан ўтказди ва албатта келажак учун масъулият ҳиссини оширди.

    Шахсан мен Президентимизнинг катта ишонч билдириб раҳбар лавозимларда ишлашга тайинланган ўзбек аёли сифатида жуда катта ифтихорни ва албатта масъулиятни ич-ичимдан туйдим. Янги Ўзбекистон ислоҳотларида фаол иштирокчига айланаётган ўзбек аёлларига раҳбар сифатида берилаётган ишонч ва имкониятлар албатта мамлакатимиздаги буюк ўзгаришларнинг мисоли ҳисобланади.

    Жонажон ватанимиздаги охирги пайтлардаги ўзгаришлар ва бизга берилаётган муҳим вазифалар ҳақида айрим муҳим нуқталарни баён этмоқчиман.

    Янги Ўзбекистонни барпо этишга азм қилар эканмиз, халқ фаровонлигини таъминлаш, одамлар турмушини яхшилаш вазифалари давлатимиз раҳбари томонидан стратегик вазифа сифатида белгилаб берилганидан келиб чиқиб, ҳар биримиз ўз соҳамиз, раҳбарлигимиздаги жамоанинг ривожига жиддий масъулият билан ёндашишимиз талаб этилади.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим соҳаси мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим талабларидан бири сифатида эътироф этилиб: «Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб, хизмат қилиши лозим», – деган ғоя илгари сурилди.

    Байрам нутқидаги «Агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса – бутун жамиятимиз ўзгаради» деган фикрлари биз – таълим-тарбия учун масъул бўлган раҳбарлар ва педагоглар учун жуда катта чақириқдир. Жамиятимиз ўзгариши эса ҳамма жабҳаларда шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотлар асосида бўлиши билан, ҳар бир соҳани замонавий билимларга эга кадрлар билан таъминлашга боғлиқ.

    Узлуксиз таълим тизимидаги ўзгаришларни айтайлик. Мактабгача таълим тизимининг яратилганлиги, янги турдаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилганлиги, у ердаги шароитлар ва болажонларимизнинг кайфияти ва иштиёқини кўриб қувонамиз. Нодавлат таълим масканлари давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани ҳам янгича ёндашувларни кенгайтиришга омил бўляпти.

    Буларнинг барчаси ўз ижобий натижасини бераётгани раҳбаримиз томонидан таъкидланди: «Буни 2017-2020 йилларда ўқувчиларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадаларида 30 та медални қўлга киритгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ёшларни талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш учун ўтган ўқув йилида 339 та касб-ҳунар мактаби, 194 та коллеж ва 195 та техникум фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда ислоҳотларимиз талаби, ҳаётнинг ўзи олий таълим соҳасини жадал ривожлантиришни тақозо этмоқда. Шу боис юртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Қабул квотаси 3 баробар оширилди.

    Эндиликда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан – шунга эътибор беринг – 28 фоизга етказилди. Яқин келгусида ушбу кўрсаткични 50-60 фоизга етказиш мўлжалланмоқда».

    Буларнинг барчаси мамлакат ёшлари учун яратилаётган катта имкониятлардир.

    Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси соҳадаги янги ислоҳотлар учун дебоча вазифасини бажаряпти.

    Бу борада фан, таълим ва маориф соҳасида қатор тизимли ишларни амалга ошириш, инновацион таълим механизмларини барпо этиш белгилаб берилган вазифаларга эришишнинг тамал тоши бўлиб хизмат қилади.

    Кейинги йилларда мамлакатда таълим сиёсати қайта кўриб чиқилиб, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари жамият зиёли қатламининг асоси эканлиги, миллат тафаккурини ўзгартирувчи куч эканлиги алоҳида эътироф этиляпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, адолатли ислоҳотлари, таълим соҳасига кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги соҳанинг ривожига, эртанги кунга нисбатан ишонч ва фахр туйғусини уйғотади. Бу эса, ўз навбатида, жамиятимизда, мамлакатимизда устоз-мураббийларимиз қадр-қиммати, обрў-эътиборининг мустаҳкамланиб боришига хизмат қилмоқда.

    Бугунги кунда Президентимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турганини, ушбу йўл осон бўлмаслигини таъкидлашлари билан, дадил олдинга боришимиз, халқимиз манфаатларига жавоб берадиган келажакни яратишимиз зарурлигини уқтирадилар. Бу борада ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш олий таълим муассасалари олдига турган энг муҳим, долзарб масалалар сифатида қаралиши лозим.

    Кейинги йилларда ҳаётимизда юз бераётган ўзгаришлар, ислоҳотлар барча соҳалар каби педагогик таълим соҳасида ҳам кузатиляпти. Йиллар давомида ҳал қилинмаган муаммолар, тизимдаги камчиликлар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётий зарурат эканлигини кўрсатади.

    Олий таълим тизимида малакали ва рақобатбардош кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш долзарб масала бўлиши билан бирга, мамлакат ижтимоий-иқтисодий соҳасининг ривожланишининг муҳим омилидир.

    Шу сабабли, ҳукумат томонидан таълим тизими ходимлари олдига олий таълим билан қамров даражасини босқичма-босқич ошириш; соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш; таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш; ОТМларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш; таълимда нодавлат ва хусусий секторнинг ролини ошириш; нуфузли чет эл олий ўқув юртлари билан яқиндан ҳамкорликни кучайтириш каби қатор вазифалар қўйиляпти ва босқичма-босқич ҳал этиляпти.

    Шу ўринда аниқ мисол тарзида ўзим бошқариб келаётган, ўзига хос анъаналарига эга катта бир олий таълим даргоҳи – Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳаётида Янги Ўзбекистон шароитида юз бераётган ўзгаришлар ҳақида баён этишим жоиз. Президент қарори асосида Шарқшунослик соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ комплекс билимларга эга малакали кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, илм-фанни жадал ривожлантириш, профессор-ўқитувчиларнинг салоҳияти, педагогик маҳоратини узлуксиз ошириб бориш, талаба-ёшларни шарқона қадриятлар асосида тарбиялашни такомиллаштириш мақсадида қатор вазифалар белгилаб берилди ва бу ишларни университет мақомида давом эттириш белгиланди.

    Ўтган икки йил мобайнида шарқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш ва уни модернизация қилиш, ёшларимизнинг фаоллигини оширишга қаратилган тизимли ишлар амалга ошириляпти. Аниқ режалар ёритилган тасдиқланган дастур ижроси ва мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун жамоамиз бир тан-бир жон бўлиб ҳаракат қиляпти. Бинобарин, ҳозирда факультетлар сони 4 тадан 7 тага, таълим йўналишлари сони 7 тадан 11 тага, магистратура мутахассисликлари сони эса 10 тадан 14 тага етказилди. Талабалар сони ҳам 2 ярим баробар ортди.

    Тошкент давлат шарқшунослик университети 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтди. Мазкур тизимга ўтиш Университетга ўқитишнинг инновацион шакл ва услубларини жорий этиш ҳамда ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, дастурий таъминотлар, замонавий ахборот-коммуникация воситалари, ўқув, замонавий лингафон хоналари ва илмий лабораториялар, китоблар, журналлар, ўқув адабиётларини харид қилиш ва чоп эттириш масалаларида маблағларни мустақил сарфлаш ҳуқуқи берилди. Шу билан бирга, профессор-ўқитувчиларнинг моддий ва маънавий рағбатлантирилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Замонавий дастурлар асосида яратилган ўқув адабиётлари ва лимий асарлар ёзган профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди. Олимларларнинг илмий мактабларини кучайтириш, ёшларни устозларга бириктириш ва мунтазам ўз устида ишлашига шароит яратиш борасида ҳам ҳаракат қилиняпти. Янги ўқув бинолари бунёд этиляпти, замонавий моддий-техник таъминот ва инфраструктура яратиляпти.

    Ўзбек шарқшунослигининг замонавий тарздаги фаолияти асосида кўплаб халқаро илмий конференциялар ташкил этилиб, мустақил ҳамдўстлик мамлакатлари орасида, шунингдек, хорижий шарқ мамлакатлари, қўшни Марказий Осиё давлатларидаги нуфузли олий таълим муассасалари ўртасида мамлакатда илм-фан ва олий таълим соҳаларида олиб борилаётган жиддий ислоҳотларни намойиш этиб, янги замонга мос имиджини мустаҳкамлашга эришилди. Ҳозирда яқин ва узоқ шарқ мамлакатларидаги катта-катта университетлар биз билан ҳамкорлик қилиш таклифини киритаётганликлари, қатор меморандумлар асосида кўп қиррали халқаро ҳамкорликни қўлга қўйганимиз олдимизга қўйилган вазифаларни илғор хорижий тажрибаларни олиб киришимизда муҳим аҳамият касб этяпти. Хусусан, таълим жараёнига кўплаб хорижлик олимлар ва мутахассисларни жалб этишимизга кенг йўл очилди, пандемия шароити бўлишига қарамасдан, ўтган ўқув йилида 70 яқин чет эллик олимлар ва хорижнинг нуфузли универсиетларида ишлаётган ватандошларимиз университетимиз таълим жараёнида иштирок этиб, ёшларимизга хорижий тилларда дарс беришди. Кўплаб шарқшунос мутахассисларимиз ҳакмкор университетларнинг олимлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишди, замонавий методологияларни эгаллаш мақсадида кўплаб малака ошириш тренинглари ташкил этилди. Белоруссия, Корея, Ҳиндистоннинг нуфузли университетлари билан қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилди. Эндиликда талабаларимиз бир ўқиш муддатида 2 та давлатда таълим олиб, 2 та университетнинг дипломига эга бўла оладилар. Янги ўқув йилида ҳам Россиянинг энг нуфузли универсиетларидан бири — Санкт-Петербург давлат университети, Туркиянинг Хожи Байрам Вали университети, Хитойнинг Ляонин педагогик университетлари билан ҳам шундай қўшма таълим дастурлари очилади.

    Ёшлар – халқимизнинг асосий таянчи ва суянчи. Мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асоси сифатида майдонга чиқяпти. Айнан замонавий билим олган, илғор касб-ҳунарларни, инновацион технологияларни, хорижий тилларни пухта эгаллаган ёшлар юртимизни янада тараққий эттиришда етакчи ўрин тутади.

    Давлатимиз раҳбари дастлабки кунлардан бошлабоқ ёшларни тарбиялаш, уларга замонавий билимлар бериш, таълим сифатини ошириш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларни тайёрлашга катта эътибор бериб келяпти. Юртбошимиз мамлакатимиз ёшларига халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли куч сифатида қарайди.

    Университетимизда ҳам «Беш ташаббус» доирасида қатор ишлар амалга оширилди. Ёшларда турли юқори даражадаги танловларда иштирок этиш истаги кучайди, ғолибликлар эса янада катта иштиёқ уйғотяпти. Шарқ тилларини мукаммал эгаллаган талабаларимизнинг нотиқлик санъати бўйича халқаро танловларда ғолиб бўлаётганлиги, хорижий тил эгаларининг таҳсинига сазовор бўлаётганлиги кишини ғурурлантиради.

    Шаҳримизда «Адиблар ҳиёбони»нинг ташкил этилганлиги ва шарқшунослик университетига мумтоз аллома Муҳаммад Ризо Огаҳий ижодини тарғиб этиш Президентимиз томонидан белгилаб берилган жамоамизга алоҳида куч бағишлади. Аниқ режалар асосида ишлаб чиқилган йўл харитаси асосида узлуксиз тарзда ишлар амалга оширилди, аллома меросини ўрганган олимлар жамланиб, Халқаро огаҳийшунослар кенгаши ташкил этилди, кенгаш муҳокамаларидан ўтган янги нашрлар дунё юзини кўрди, шоир ижодидан намуналар шарқ тилларига таржима қилинди. Айниқса, жамоамиз адиблар меросини тарғиб этишдаги фаоллиги юқори баҳоланиб, республика миқёсида «Илҳом» мукофоти танловида 2-ўринни эгаллаганимиз жамоамизга янада катта куч-ғайрат қўшди. «Ўзбеккино» давлат корхонаси билан ҳамкорликда Огаҳий ҳаёти ва ижодини ёритувчи фильм устида ҳамкорликда ишланди ва шу кунларда фильмнинг тақдимоти бўлиши кутиляпти.

    Мамлакатимиз раҳбари ҳамиша ёшларни қўллаб-қувватлаб, уларнинг ютуқларидан фахрланиб, самимий қувонишларини доим кузатамиз. Ҳозирги кунда бир нечта тилларни мукаммал ўрганиб, рақобат кучли соҳаларда ўз ўрнини топишга иштилаётган ёшларимиз, уларнинг шижоати ҳақиқатан ҳам ҳаммамизни хурсанд қилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузурида ташкил этилган Ёшлар Парламенти раиси ва бир неча аъзолари ҳам ёш шарқшунос кадрлар эканлиги, турли нуфузли вазирлик ва идораларда, ҳокимликларнинг халкаро алоқалар бўлимларида, тадбиркорлик соҳаларида, илм-фан, туризм йўналишларида, шунингдек, хорижий мамлакатрларнинг обрўли университетларида фаолиятни давом эттириб, катта интилиш билан ишлаётган битирувчиларимиз билан албатта фахрланамиз.

    Президентимиз ташаббуслари билан Тошкентда ташкил этилган қатор нуфузли, юқори даражадаги халқаро форумларда ҳам шарқшунос талабаларнинг таржимон сифатида фаол иштирок этиб, хорижий экспертларнинг ижобий баҳоларига сазовор бўлаётганликлари албатта уларнинг ўз устида ишлаши, янги давр талабларига мос ўқиб-ўрганаётганлари, энг муҳими – юракларида ватанга муҳаббат ҳиссининг кучли эканлиги намойиши деб биламан.

    Бу борада ёшларимизга ўрнак бўлаётган ҳурматли профессорларимиз жаҳондаги нуфузли шарқшунослар уюшмаларига аъзо бўлаётганликлари, халқро экспертлар сифатида илмий анжуманларга таклиф этилаётганликлари, илмий тадқиқотларнинг натижалари хорижий мамлакатларда чоп этилаётганлиги университет илмий марказларининг танилиб бораётганлигидан далолат беради.

    Давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган вазифаларни тўлиқ адо этиш университетимиз ва умуман олий таълимда кескин бурилиш ва ривожланиш сари муҳим қадам бўлади, деб ишонаман.

    Шу ўринда мустақиллик бизга берган яна бир муҳим неъмат, янги Ўзбекистонда бундан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратилган ва ислоҳотлар жараёнида жиддий ўзгаришларга омил бўлаётган бир масалага тўхталмоқчиман.

    Бу ҳам бўлса, халқимиз, зиёлиларимиз ва тадбиркорларнинг ҳам оммавий ахборот воситаларида эркин фикр баён этишлари, ижтимоий фикрни кенг ёритиш, муносабат билдириш, эркин мулоқот баёнига қаратилган йўналиш жуда тез ривожланди. Ишлар кўламини ёритиш, ҳар бир соҳа олдида турган вазифалар ва уларнинг кечиш жараёни ҳақида оммавий ахборот воисталарининг турли шаклларидан самарали фойдаланиш, ижтимоий тармоқлардаги фаолликнинг ошиши барчамизнинг ўзаро тажриба алмашишимизда муҳим ўринга эга бўлмоқда. Сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги, таклифларнинг бемалол айтилиши, ташаббусларнинг қўллаб-қувватланиши – буларнинг барчаси меҳнаткаш, ижодкор инсонлар учун кенг йўл ва ишонч белгиси ҳисобланади. Авваллари фақатгина айрим соҳа вакилларигина, саноқли зиёлиларгина ислоҳотлар бўйича чиқиш қилса, ҳозирда исталган соҳа вакилининг эмин-эркин фикрларини баён этаётганини, ўз соҳасининг ривожи учун қилаётгани шалрани ёрита олаётгани, соҳадошларига тажрибаларини улашаётгани, фаровон ҳаёт учун қилиш мумкин бўлган кўплаб ташаббуслари борлигини кўтаринки руҳда баён этаётгани ҳам ниҳоятда катта ўзгариш деб биламан. Ҳаётидан мамнун бўлган, келажагига ишонган, оиласининг фаровонлигига интилаётган бундан фаол инсонлар, айниқса ёшларнинг тобора кўпайиб бораётгани раҳбаримиз ғояларининг татбиқи ҳақиқатдан ҳам ҳаётда жорий этилаётганлигидан далолатдир.

    Мустақиллик байрами тантаналарида Президентимизнинг келажакка катта ишонч уйғотувчи қуйидаги сўзлари ҳар биримиз учун бугунги кунимиз, миллатимиз тарихини муносиб яратишга масъул эканлигимизни яна бир бор таъкидлайди:

    «Орадан ҳали қанча йиллар, асрлар ўтади. Юртимизда янги-янги авлодлар дунёга келади. Миллий давлатчилигимизни тиклаб, бизга тараққиёт ва фаровонликка эришиш йўлида мана шундай беқиёс имкониятларни яратиб берган истиқлолимиз жонажон Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин, ўчмас саҳифа бўлиб қолади».

    Дарҳақиқат, Ватанимиз тараққиёти, мамлакатимизнинг дунёдаги нуфузи ортишида, фаровон ва бахтли ҳаётимизни кун сайин яхшиланишида, ёшларимизнинг келажакка ишончи кучли бўлишида ҳар биримиз масъулмиз.

    Гулчеҳра Рихсиева, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates