Нажот – тафаккур ва қалб уйғунлигида

    Таниқли адабиётшунос Раҳмон Қўчқор билан бўлган ушбу суҳбатда айни даврда аксарият ўлкаларда бетоқатлик, тажовузкорлик, зўравонлик кайфиятлари кучайиб бораётгани, маънавий иммунитетни, руҳий барқарорликни мустаҳкамлаш учун нималар қилиш лозимлиги ҳақида мулоҳазалар билдирилган.

    Президентимиз 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселекторда шундай дея таъкидлади: “Бугун ҳаёт янгича фикрлаш ва ишлаш, миллий “ақл марказлари”мизни шакллантиришни талаб этмоқда. Лекин, афсуски, дунёдаги, ён-атрофимизда кечаётган сиёсий-ижтимоий жараёнларни чуқур тушуниб, таъсирчан ва оммабоп шаклда етказиб берадиган таҳлилчи ва экспертларимиз жуда кам”. Дарҳақиқат, айни пайтда дунё айвонида юз бераётган воқеликлар ҳар доимгидан-да кўпроқ мушоҳада юритишни, нафақат бугунимизга, эртанги кунимизга ҳам ҳушёрлик билан назар солишни талаб қилмоқда. Ва ушбу талабга жавоб бера оладиган бугунннинг зиёлилари, етук шахслар ҳозирги маънавий-маърифий жараённи тўлдира оладиган қандай таклифларни ўртага ташлай олади? Адабиётшунос Раҳмон Қўчқор билан бўлган мулоқотимиз сизни бефрқ қолдирмайди, деган умиддамиз.

    – Раҳмон ака, давлатимиз раҳбари таъкидлаган миллий “ақл марказлари”ни шакллантиришда бугунги кунда нималарга эътибор қаратишимиз зарур, деб ўйлайсиз? Ҳар қандай ижтимоий-сиёсий жараённи тўғри англашда маънавий-маърифий бохабарлик катта ўрин тутади. Шундай эмасми?

    – Мен табиий, техник фанлар мутахассислари меҳнатини, улар олиб бораётган изланишлар самарасини, албаттаки, ҳурмат қиламан, мазкур соҳаларнинг мамлакат иқтисодиёти ҳамда ижтимоий ҳаётида тутган ўрнини қадрлайман. Бироқ бу борада юзаки қараганда сезилмайдиган, аҳамиятига кўра эса ниҳоятда муҳим бир фарққа уларнинг-да эътиборини тортмоқ истардим. Дейлик, Хитой ёхуд Германиядан сотиб олиб келинган техника ва технологиялар ёрдамида бизнинг Тошкентимиз ёки Жомбойимизда ҳам ҳар турли буюмлар, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин. Ёки бошқа бир мисол: киши африкалик бўладими ёхуд австралиялик, америкалик бўладими ё андижонлик – ҳамманинг жисмидаги юрак, ўпка, ошқозон, жигар ва бошқа жамики ички ва ташқи органлар бир хил хусусиятларга эга. Шу туфайли ҳам, айтайлик, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Тримол” отлиғ дорини (“дори воситаси” эмас!) хотиним бошим “оғриқдан ёрилай деганда” ниҳоят ичишга берса, бу дардисардан халос бўлишим мумкин. Ҳатто, Ўзбекистондаги бемор танасида ўтказилаётган мураккаб жарроҳлик амалиётини дунёнинг нариги қитъасида ўтирган уста дўхтирлар масофадан бошқариб туриши бугун оддий ҳолга айланган.

    Айтмоқчи бўлган гапимни тушунгандирсиз: техника, технология, аниқ ва табиий фанлар универсал – ҳаммабоп характерга эга. Улар на мамлакат, на-да миллат танлайди – ҳамманинг корига бирдай ярайверади.

    Шу нуқтаи назардан энди бояги – жигари, ўпкаси, ошқозони бир хил одамларнинг қалбига, сажиясига, кайфияти ва дунёқарашига қарайлик: бирортаси бошқасини такрорлайдими? Кўчасида қўшни турадиган, мактабда ҳам битта партада ўтирган икки ўспириннинг – икки йигит ёхуд қизнинг ички оламида, “мен”лигида бирор ўхшаш ёхуд уйқаш манзил топиладими? Бирининг отасига, онасига, бугунги ҳаёти ёхуд келажагига бўлган муносабати партадошида ҳам айнан такрорланадими? Бир сўз билан айтганда, бир одамнинг маърифати ва маънавиятига кор қилган руҳий дармон (ўгит, танбеҳ, насиҳат, маслаҳат, ёрдам, кўмак... ) бошқа одамда ҳам худди шундай эффект – самара ҳосил қилишига кафолат борми?

    Маънавий-маърифий соҳанинг, унинг мутахассисиман деб юрган одамлар зиммасидаги вазифанинг бор мураккаблиги, оғирлиги ва масъулияти мана шу – боя айтганимдек, юзадан сезилавермайдиган, бироқ ниҳоятда муҳим фарқлар ва жиддий ҳолатлар билан боғлиқ.

    Шу туфайли ҳам, тенгдошларидан кўра олтита китобни кўпроқ “ўқиб қўйган” ҳар қандай одамнинг бу соҳада ҳам ўзини “улоққа урмоғи” фойдадан кўра кўпроқ зарар етказишини биз ортиғи билан кўрдик, кузатдик.

    Ахир, ўйлаб кўринг: бир болажоннинг ёнбошига бир марталик шприцда оддийгина “Пенициллин” уколини қилиш учун ҳам одамдан камида уч йил тиббиёт коллежида ўқиш талаб қилинса-ю, миллий ғоя ва маънавият масаласи билан кимнинг қўли бўш бўлса, шуғулланаверса! Шу аҳволда эришиладиган натижа, самара ҳам муносабатга яраша – номига, ҳисобот учун, хўжа (раҳбарият) кўрсинга бўлмай, нима бўлар эди?

    Шу талаблардан келиб чиқиб айтаманки, мамлакат Президенти қўйган вазифа – маънавий-мафкуравий соҳадаги ақл марказларини шакллантириш учун бизга минглаб кучли мутахассислар – бугунги дунё ройишини, уни кутаётган эртанги кунни аниқ-тиниқ кўра оладиган, ишончли прогноз қила биладиган, шуларга асосланиб халқимиз, мамлакат раҳбарияти не йўллар тутмоғи ҳақида амалий таклифлар тайёрлай оладиган сиёсатшунослар, жамиятшунослар, психолог – инсоншунослар, маънавиятшунослар, мафкурачилар армияси керак.

    Масалан, мамлакати ва миллати келажагига бефарқ бўлмаган кўплаб давлатлар, жумладан, Ғарбнинг энг ривожланган, демократик давлатларида ҳам интернет хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли онгу шуурини бузғунчи ғоя ва даъватлардан иҳота этувчи турли хизматлар йўлга қўйилганини ёдда тутишимиз лозим.

    – Кейинги пайтда зиёлиларимиз маънавий-маърифий тарғиботнинг илмий асосланган замонавий технологиялари ва янги шаклларини, таҳдидларга қарши самарали усулларини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида турлича фикрлар билдиришмоқда. Бу жараёнда маълум бир усуллар асосида ютуқларга эришган хорижий давлатлар тажрибаси ҳам мавжудми? Ёки менталитетимиз ўзига хос усул ва ёндашувларни талаб қиладими?

    — Бу борада аввал бир шахсий фикрни айтиб кетишимга рухсат берасиз: агар Ўзбекистонда ҳар турли рангли инқилоблар юз бермаган, бир миллат иккинчисини, бир дин вакили бошқасини қирғинбарот қилмаган, гоҳ ичдан, гоҳ ташқаридан амалга оширилган ҳар турли қуролли, мафкуравий, ғоявий хуружларга фақат махсус хизматлар ходимлари томонидан эмас, бутун халқ миқёсида қатъий қаршилик кўрсатилган бўлса, бир сўз билан айтганда, она юртимиз тупроғи инсонларнинг беайб тўкилган қони билан булғанмаган бўлса, билайликки, бу натижаларга эришилувида айнан маънавий-маърифий, мафкуравий соҳада амалга оширилган – ҳар доим ҳам қўл билан ушлаб, кўз билан кўриб бўлавермайдиган машаққатли меҳнатнинг ҳам ўзига яраша улуши бор!

    Бугун айрим оғзига кучи етмаганлар “яна маънавиятми”, “маънавиятчилар жонга тегди”, “уларнинг тарғиботисиз ҳам яшаса бўлаверади” сингари, моҳият-мақсадига кўра ниҳоятда хатарли хитобларни ҳар қанча баланд овозда, оғзидан кўпик сачратиб майдонга отишмасин, мана шу миллионлар билан – сиз билан бизнинг болаларимиз, ака-укаларимиз, ота-оналаримиз билан кимдир юракдан суҳбатлашмоғи, ёнига бориб уларнинг дарди-дунёси билан қизиқмоғи керак.

    Ҳамма гап ўша мулоқотларнинг қанчалар самимий, амалий, фойдали бўлмоғида, бунинг учун эса маънавият соҳаси мутахассисларининг илми чуқур, виждони пок, инсоний салоҳияти юксаклигида қоляпти.

    Хорижий тажрибани яқиндан, бевосита билмоқ учун эса ўша хорижга чиқмоқ, кўз билан кўриб, ақл ва қалб билан ҳис қилмоқ талаб этиладики, камина бу борада кўп ҳам мақтана олмайман...

    – Мутахассислар пандемия шароитида айрим ўлкаларда бетоқатлик, тажовузкорлик кайфиятлари кучайиб бораётганини айтишмоқда. Президентимиз таъкидлаганларидек, “...иқтисодий камбағалликни қисқартириш бўйича катта ишлар қилдик. Лекин маънавий қашшоқликни қандай қисқартирамиз? Фикр қарамлигидан қандай қутиламиз? Ислоҳотларимиз учун зарур бўлган маблағ ва инвестицияларни қийинчилик билан бўлсаям топяпмиз, аммо маънавий иммунитетни мустаҳкамлаш учун руҳий ресурсни қаердан топамиз?” Менимча, бу савол айни пайтда миллат ва Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонни ташвишга солмоқда...

    — Абдулла Қаҳҳор ёзган “Сароб” романининг 1936 йилги нашрида бир гап бор: “Ким қандай яшаса, шундай ўйлайди”, деган. Афсуски, жуда кўпчилигимиз бу гапни ниҳоятда юзаки тушунамиз ва шундан келиб чиқиб таҳлилу талқин қиламиз. Яъни “қандай яшаш” деган гапни фақат иқтисодий, моддий ҳолатга ишора, деб тушунамиз ва ... “ақлли хулосалар” ясаймиз: “Сув сойга оқар, бой бойга боқар”, “Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг боласи гапирсин”, “Камбағал тушида ҳам гўшт кўради” қабилидаги.

    Ҳолбуки, масалан, “султоннинг ғазнасига (бугунги тушунчада – давлат бюджетига!) қарз бериб турган”, шунга қурби етган Алишер Навоий ҳазратларининг энг биринчи, энг оғир, энг кўп ўйлари айнан эл-улус аҳвол-руҳияси ҳақида бўлганки, бу мақомга ул зотнинг моддий ҳолатлари халал бермаган, аксинча, мадад бўлган эди.

    Демоқчиманки, “ким қандай яшаса” деган гапни – “ким не эътиқод-маслак билан, не ўй-ташвишу не умид ва орзу билан, не мақсад-муддао билан яшаса” тарзида кенгроқ тушунилса ва шундан келиб чиқиб мулоҳаза юритилса, тўғрироқ бўларди. Ана шунда сиз билан биз суратга эмас, кўпроқ сийратга боққан, шу сийрат – инсоннинг маънавий, маърифий, интеллектуал, маданий сифатларига қараб уни баҳолаган – ё эъзозга ёхуд эътирозга лойиқ топган бўлур эдик.

    Мен тасаввуримизни шоширадиган миқдордаги моддий бойликка эга бўла туриб, халқининг кечаги, бугунги ва эртанги куни билан заррача қизиқмайдиган, миллатининг келажагини ўйлагандан кўра шоҳона уйидаги қимматбаҳо хитойи вазалар сонини ўйлашни кўпроқ хуш кўрадиган одамларни, ҳатто дипломли “зиёли”ларни биламан. (Уларнинг исму шарифи кирадиган дафтар “Бриллиант дафтар” аталса, ажаб эмас...)

    Ва бунинг тескариси – бутун умри шу миллат дарду ташвишида ўтган, халқи тақдирини енгиллатиш, уни маърифат ва маънавият билан ошно этиш илинжида кунни тунга улаган чинакам зиёли устозларим – Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимовларнинг қотган нонни чойга ботириб истеъмол қилишни ўзларига ор билмаганларига-да гувоҳ бўлганман.

    Гапни нимага олиб келяпман?

    “Маънавий қашшоқлик” деганлари одам боласи учун ниҳоятда оғир, балки шифоси топилмаётган дардлардан-да хавфли, қўрқинчли, аянчли ҳолат ҳисобланади. Бу ҳолатни олтину зарлар билан устини беркитиб, дабдабали тўй ёхуд иморатлар билан ўрнини тўлдириб бўлмайди.

    Балки шунинг ҳам Яратган эгам муқаддас каломида, “Ўзи тузалишни истамаган қавмнинг ишларини тузатмаймиз”, мазмунида огоҳлантиргандир...

    – Сиз тенги адабиётшунослар авлоди икки аср фарзанди сифатида кўплаб ижтимоий-сиёсий ва адабий жараёнларга гувоҳ бўлдингиз. Айни жараёндаги адабий мезонлар ва мавзуларни қиёслаганингизда қандай хулосалар кўнглингиздан ўтади?

    — “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган, ардоқли адиб Асқад Мухтор ижодига бағишланган мақоламда Асқад оғанинг “Тундаликлар” асаридан бир битикни келтирган эдим: “Шундай кунларни кўрдикки, бахтли бўлиш уят эди”. Назаримда, бу саволингизга жавобни ёзувчининг шу гапини бироз ўзгартирилган ҳолда айтиб бошласам, тўғри бўлади: “Шундай кунларни кўрдикки, бефарқ бўлиш уят эди!”

    Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 80-90-йилларида халқимизнинг эрки ва озодлиги, руҳининг ва тилининг ҳурлиги, тақдирини ўз қўлига олиши йўлида кечган ҳаёт-мамот курашларининг шоҳиди бўлиш, гоҳ мақола, гоҳ маъруза, гоҳ умумхалқ юришларидаги иштирок билан қўлдан келганча шу шарафли курашда қатнашиш бахтини насиб этганидан Яратганга шукроналар айтсак арзийди. Ҳолбуки, ўша пайтда ҳам, устоз Эркин Воҳидов тили билан айтганда “Бизда ҳам бола-чақа бор...” деган баҳона билан ўзини панага тортган, бошқа бир шоир Мирзо Кенжабек топиб номлаган “чеккагир қаламкашлар” анча-мунча топилар эди.

    Бироқ, энг муҳими, миллатимизнинг ҳар бир онгли, виждони тирик вакили она Ватанининг истиқлол йўлини ёритишга баҳоли қудрат ўзини фидо қилган, бунда ҳар турли майда, бачки ҳиссиётлардан баланд тура билганди. Адабиёт, театр ва кино санъати, ҳатто тасвирий санъатнинг энг фидойи намояндалари, яна Мирзо ака айтганидек, истеъдодларини “қурбонликка сўй”ишган эди.

    Кутубхонамдаги айни йиллар чоп этилган китоблар, журнал ва газета тахламлари ўзининг туриши биланоқ бошқа йиллар нашрларидан шундоқ ажралиб кўринадики, ҳали ҳамон улар бағридан озодлик насимлари эсиб, озод тафаккур зиёлари таралаётгандек.

    – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган “Менинг биринчи китобим” лойиҳаси муҳокамаларидан сўнг ёшлар сизнинг эътирофингиз ва танқидий мулоҳазаларингиз борасида катта ҳаяжон билан гапиришди. Янги авлод ижодкорларидаги ўзига хосликлар ва камчиликлар нимада?

    — Сиз айтаётган янги авлоднинг сафи шу қадар кенг, ижодий изланишлари шунчалик ранг-барангки, уларнинг барчаси хусусида дабдурустдан ягона, хулосага даъво қиладиган гап айтиш мумкин ҳам эмас, керак ҳам эмас. Чунки улар орасида шоирлик ҳамда ёзувчилик ишини “қаламнинг кетини тишлаб”, “уфққа тикилиб” ёхуд “файласуфона сўлиш олиб” (“Истеъфо” номли қисса ва “Лолазор” романидан, яъни ҳаммаси М.М.Дўст иборалари!) расмга тушиш деб биладиган ва кечаси бедор чироқ остида ўтириб қалби буюрганини ёзишдан кўра, ижтимоий тармоқларда бир-бирини мақтаб саводсиз мадҳ битишни кўпроқ қотирадиганлардан тортиб, Шодмонқул Салом, Беҳзод Фазлиддин сингари ўзининг ижод салтанатини жимгина, бироқ илоҳий илҳом ва инсоний машаққат-ла бунёд этаётган ўзбекнинг умидли фарзандларигача бор.

    Айтганимдек, бу жиддий ижодкорларнинг ҳар бири алоҳида талқину таҳлилни талаб этадиган асарлари хусусида йўл-йўлакай гап айтиш инсоний қисмат дарж этилган гўзалликнинг, санъатнинг, куй ва симфониянинг ёнидан шунчаки ғизиллаб ўтиб кетишдан бошқа нарса бўлмайди. Мавриди билан улар хусусида алоҳида мақолалар ёзилар, кўнгилли суҳбатлар қурилар, иншааллоҳ.

    Ҳозир эса Сиз суҳбатимиз бошида айтганингиз масалани қайта эслашнинг айни мавриди назаримда. Яъни маънавий-маърифий соҳада иш кўражак “ақл марказлари”га мен юқорида номларини тилга олган шоирлар ва улар сингари яна бошқа истеъдодли ижодкорларни, албатта, жалб қилиш талаб этилади. Шунда ақл билан руҳ, бедор тафаккур ҳамда ижодкор кўнгил уйғунлигига эришилади, бу эса миллионларнинг қалбини забт этиш имконини пайдо қилади. Ахир Ҳазрат бобомиз Навоий ҳам бежиз ташвиш чекмаганлар-да:

    Кўзни ўкуш саъй ила забт этгамен,

    Етса кўнгил забтига иш, нетгамен,

    дея. Демак, халқимизнинг бугунги авлоди елкасида, айниқса, чинакам зиёлилари зиммасида шу ташвишни аритишдек жуда улкан, машаққатли, бироқ ғоят шарафли вазифа турибди.

    — Самимий жавобларингиз учун ташаккур.

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    Мухтасар Тожимаматова суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates