Маълумотга кўра, шу куни соат 21:00 ларда Янгиқўрғон туманидаги хонадонларнинг бирида қариндошлари билан тўй маросимида бўлган 2018 йилда туғилган вояга етмаган қизнинг номусига тегилган.
Зудлик билан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни содир этганликда гумон қилинган 1987 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаро аниқланиб, қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан Янгиқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда жиноят иши доирасида тегишли экспертизалар тайинланган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввалроқ ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Наманганда 7 ёшли қиз тўй пайтида ўз қариндоши томонидан зўрлангани ҳақида хабар тарқалганди. Тергов маълумотларига кўра, 1987 йилда туғилган Б.С. 2025 йил 14 октябрь куни тоғасининг хонадонида бўлиб ўтган тўйда иштирок этган. У тўй пайтида тоғасининг невараси — 2018 йилда туғилган вояга етмаган И.К.ни алдаш йўли билан четга олиб чиқиб, унинг номусига тегган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳозирда жабрланувчи шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанмоқда.
Маълум бўлишича, Б.С. аввал ҳам бир неча маротаба оғир жиноятлар учун судланган. У 2020 йил 26 февралда Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) билан айбли деб топилиб, 10 йил 2 ойга озодликдан маҳрум этилган. 2025 йил 19 февралда унинг ўталмаган жазо қисми ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган.
Бундан ташқари, 2014 йил 15 январь куни у ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, шунингдек, жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш ва безорилик моддалари бўйича айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2015 йилда эса қолган жазо муддати ҳам ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган.
Қидирув тадбирлари натижасида эркак 2 кундан кейин қўлга олинган. 2025 йил 16 октябрь куни Янгиқўрғон туман суди уни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида ажрим чиқарган.








