Йўл ҳаракати хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, воқеа 2 апрель куни соат 17:10 атрофида туманнинг Порлоқ маҳалласида содир бўлган.
Маълумотларга кўра, Янги Наманган туманидаги 2-мактаб ўқувчиси “Nexia 3” машинасини 150 минг сўмга вақтинча ижарага олган. Улар автомашинани бошқариб бораётиб ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва ўз йўналишида ҳаракатланиб кетаётган “Shacman” билан тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида енгил автомобиль ҳайдовчиси ва унинг синфдоши бўлган йўловчи оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Хусусан, йўловчи ўқувчида бош мияси ва жағ суяги синиши, чап болдир суяклари синиши кузатилган. У хушига келган, бироқ ҳолати ўртача оғир ҳолатда қолмоқда.
Расмийларга кўра, мактаб ўқувчиларига машинани ижарага берган фуқаронинг ўзи ҳам автомобилни ижарага олган бўлган. Унинг ўзи ўқувчилардан ижара учун 150 минг сўм олган, ўртада воситачи бўлган 11-синф ўқувчиси эса 70 минг сўм олган.
Автомобилни ижарага берган йигитнинг отаси ва юк машинаси ҳайдовчиси жамоатчиликка мурожаат қилиб, ёш болаларнинг рулга ўтиришига рухсат бермасликни сўраган.









