Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, ЙПХ ходимлари тўхташ ишорасини берган «Onix» русумли автомашина ҳайдовчиси тегишли ҳужжатларга эга бўлмагани боис қочишга уриниб, қонун талабларига бўйсунмаган.
Рация орқали узатилган маълумотдан кейин хизматни олдинда олиб бораётган катта сержант Ваҳобжон Мўминов автомашинани тўхтатишга уринган. Шу пайт ҳайдовчи юқори тезликда ҳаракатланиб, ходимни уриб кетган ва унга оғир тан жароҳати етказган.
Тезкор чоралар натижасида транспорт воситаси тўхтатилган, ҳайдовчи эса қўлга олинган.
Афсуски, катта сержант Ваҳобжон Мўминов тиббиёт муассасасига етказилганда вафот этган.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди.
Маълум қилинишича, Мўминов 2007 йилдан буён ички ишлар органларида фидокорона хизмат қилиб келган. Унинг ортидан турмуш ўртоғи, икки қизи ва бир ўғли қолди.








