Иккинчи энг енгил вазн тоифасида япониялик мутлақ жаҳон чемпиони Наоя Иноуэнинг келгуси режалари бўйича маълумот берилди.
Top Rank промоутерлик компанияси раҳбари, Иноуэнинг промоутери Боб Арумнинг сўзларига кўра, Наоя 24 январь куни Сэм Гудман билан жанг қилганидан сўнг, май ёки июнь ойида Лас-Вегас (АҚШ) шаҳрида WBC камарини Алан Пикассодан ҳимоя қилади.
Арумнинг айтишича, шундан сўнг навбат Муроджон Аҳмадалиев билан жангга етиб келади. Ўзбекистонлик собиқ жаҳон чемпиони билан баҳс шу йил охирида ёки 2026 йил бошида Саудия Арабистонида ўтказилиши режалаштирилган.
Аввалроқ, япониялик чарм қўлқоп устаси WBA Interim чемпиони Муроджон Аҳмадалиевга: "Агар жанг қилишни истасанг, ғалабангни "қийматини" ушлаб тур ва кут", дея мурожаат қилганди. WBA ташкилоти мазкур жангга ҳозирга қадар икки маротаба буйруқ берган.