Навоий вилоятида мол ўғрилари қўлга олинди

    Навоий вилоятида аҳолининг чорва молларини ўғирлаш билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ фош этилди.

    Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.

    Аниқланишича, вилоятда охирги ойларда чорва моллари ўғирланиши ҳолатлари кузатилган. Ички ишлар органлари ўтказган тезкор тадбирлар натижасида Навбаҳор, Нурота, Хатирчи ва Кармана туманларида фаолият юритган жиноий гуруҳ фош этилди.

    Терговда аниқланишича, гуруҳ аъзолари бир неча ой давомида 15 та ҳолатда фуқароларнинг молларини ўғирлаб, 100 миллион сўмга яқин моддий зарар етказган.

    7–8 июнь кунлари навбатдаги ўғирликни амалга ошириш чоғида йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан қўлга олинган шахслар айбини тўлиқ тан олди. Ўғирланган молларнинг асосий қисми эгаларига қайтарилди.

    Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ички ишлар органлари аҳолини чорва молларини қаровсиз қолдирмасликка ва огоҳ бўлишга чақирди.