Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик қисмига Мирзо Улуғбек туманида автомобил олиб қочилгани ҳақида хабар келиб тушади.
Маълум бўлишича, номаълум шахс Миришкор кўчасида очиқ қолдирилган «Mercedes-Benz» русумли автомобилни ўғирлаб қочиб кетган.
Таъкидлаш ўринлики, Тошкент шаҳрида автомобилни олиб қочиб, уни яшириш имконсиз. Кузатув камералар ёрдамида жиноятчи ҳам, транспорт воситаси ҳам топилади.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан машинани топиш ва эгасига қайтариш чоралари кўрилди.
Олиб қочилган транспорт воситаси Учтепа тумани Заргарлик кўчасида тўхтатилди. Гумонланувчи фуқаро ва олиб қочилган транспорт воситаси Жиноят қидирув ходимларига топширилди.
Транспорт воситасини 1998 йилда туғилган Шерзод исмли шахс очиқ қолганидан фойдаланиб, олиб қочиб кетган.
— Машинамни қулфламасдан, калитни ичида қолдириб, бир жойга кириб кетдим. Чиқсам, машинам йўқ. Аввалига кимдир мен билан ҳазиллашди, деб ўйладим. Кейин "102"га қўнғироқ қилдим. Ишонасизми, 10 дақиқа ўтмай машинамни топиб беришди, — дейди Шукурулло Исроилов.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 267-моддаси билан иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Мазкур моддага кўра, 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.