Навоийдан узоқлашган авлод биздан эмас...

    Биз тенги авлоднинг болалик хотираларида “Алишер Навоий” видеофильми катта ўрин тутади. Қиш оқшомларида барчамиз сандал атрофига тўпланиб, кечки овқат ейишга ҳозирланган чоғимизда телевизор кўришни хуш кўрмайдиган бобом раҳматли видеофильм бўлиши ёдига тушиб, шошиб қолар, бизга: “Телевизорни тезроқ ёқинглар, Навоий бобомиз ҳақидаги фильмни, албатта, кўришимиз керак”, дерди.

    Шундай талабчан, қаттиққўл бобомизнинг бу иштиёқи бизга ҳам кўтаринки кайфият бағишлар, видеофильмни диққат билан томоша қилар эканмиз, дадам раҳматли унда тасвирланган ҳар бир воқелик, ўзаро суҳбатлар ва тарихий маълумотларни таҳлил қилиб, бизни мулоҳаза юритишга ундагани ҳам эсимда.

    Шундай кезларда Турсуной бувим: “Бизнинг авлод актёрлар Раззоқ Ҳамроев, Олим Хўжаевлар ижросидаги фильмларни кўриб, ҳазрати Навоийни ўша фильмлар орқали таниб ва ардоқлаб катта бўлганмиз. Мана, бугун сизлар Навоий бобомизни Ёқуб Аҳмедов ижросидаги образ орқали тасаввур қиляпсизлар, яхши кўряпсизлар”, дея бот-бот таъкидлаган. Чиндан ҳам биз фильмдаги Алишер Навоийнинг ҳар бир хатти-ҳаракати, гап-сўзларидан сабоқ олар эдик. Айниқса, видеофильмдаги бир лавҳа хотирамга муҳрланиб қолган. Алишернинг отаси Ғиёсиддин Кичкина (актёр Рихсивой Авазов) дўстлари билан суҳбатлашиб ўтирганида, беш ёшли ўғли (актёр Дониёр Содиқов) уларнинг даврасига салом бериб кириб келади. Шунда отасининг дўстларидан бири Алишерга: “Ўғлим, диловарлиқ машқларинг нечук? Отни севармусен, Алишербек?”, дея савол беради. “Ёмон эрмас, отни ҳам кўп севармен, лекин фикр тулпори ҳар қандай отдан тезоброқ кўринур”, дейди зукко бола. “Диловар йигит ҳар мақсадга етгусидир”, дея таҳсин ўқийди меҳмонлардан бири. Шунда укам: “Дада, диловар йигит қандай бўлади?” дея савол берди. Дадам бироз ўйланиб турди-да, кейин қатъият билан: “Диловар йигит миллати, ватани, оиласи учун ҳар не синовга, машаққатга тайёр шеримард, баҳодир, жасур йигитдир”, деди.

    Менга эса кичик Алишербекнинг: “Фикр тулпори ҳар қандай отдан тезоброқ кўринадир”, деган гаплари жуда ёққан. Шундан сўнг Ойбекнинг “Навоий” романини мактабимиз кутубхонасидан топиб ўқиганим, бу асарга маҳлиё бўлиб кутубхонада анча вақт қолиб кетганим ва ўқитувчиларимдан дакки эшитганим ҳам эсимда.

    Видеофильмдаги яна бир ёдимизда қолган лавҳа ёш Алишернинг бобоси (актёр Файзулла Аҳмедов) билан суҳбати эди. Видеофильмни кўраётган чоғимизда укамнинг қувлиги тутиб: “Бобо, Алишердан ўрнак олинглар, шу ёшида ўқиган китоблари, ёзган шеърлари, форс тилидан қилган таржималарини кўриб ақлим шошади, дейсиз. Алишернинг бобоси доим набираси билан мушоира қилади, най ясаб, куйлар чалиб беради”, деди жилмайиб. Бобом дарҳол гап нимада эканини тушуниб кулиб қўйди. Дадам ва бобом ҳар ҳафта жума куни Қўқондаги жомеъ масжидга борар эди. Бу сафар борганларида бозорга кириб роса най излабди. Тополмасдан, миттигина доирачалар харид қилибди. Тушлик қилаётган чоғимизда бобом уйимизга кўтаринки кайфиятда кириб келди-да хўрозқанд, сочҳолва, нўхатшўракларни ва бир жуфт доирачани ҳам бизга берганида жуда хурсанд бўлиб кетган эдик. Ўшанда ўзи билганича доира чалиб, биз миттивойларни рақсга чорлагани, ёдлаган шеърларимизни тинглаганини кўриб бувим ҳам ҳайратланган эди.

    Энди мулоҳаза юритсак, ёдимизда қолган шу лавҳаларнинг барчаси фильмнинг биргина қисмидан ўрин олган экан. Чиндан ҳам ушбу фильмдан олган сабоқларимиз ҳаётимизга ўзгача янгилик ва ёруғликлар олиб кирган. Ҳар сафар қайсидир ҳақиқатни англаганимизда бобом ўта жиддийлик билан: “Мутафаккир бобомизни кўп-кўп ўқишимиз керак. Алишер Навоийдан узоқлашган авлод биздан эмас!” дегани ҳалигача қулоғим остида жаранглайди.

    Бугун-чи? Бизнинг болаларимиз – бугунги авлод қалбига мутафаккир бобомиз сабоқлари, ҳикматлари катта экранлар, телеканаллар орқали тез-тез ташриф буюряптими? Ахир, улар асосан ижтимоий тармоқларда сайр қилишади-ку... Балки уларнинг диққатини жалб қиладиган янги тарбия усулларини ўйлаб топишимиз керакдир... Нега кейинги пайтда режиссёрларимиз ва сценарийнависларимиз Алишер Навоий ҳақидаги фильмларга камроқ мурожаат қилишмоқда? Буюк мутафаккир образини яратиш ижодкордан қандай масъулиятни талаб қилади? Иззат Султон ва Уйғун ёзган драма ғоялари бугунги кун талабига қай даражада жавоб беради?

    Бу саволлар атрофидаги мулоҳазалар сизни ҳам бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.

    Шу бир ижро учун келдим ҳаётга!

    1982 йилда ўзбек томошабинларига атоқли ўзбек ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекнинг “Навоий” асари ва Мақсуд Юнусовнинг сценарийси ва режиссёрлиги асосида суратга олинган “Навоий” видеофильми тақдим этилди. Ушбу кўп қисмли сериалда Алишер Навоий образини Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов гавдалантирди. Шунингдек, видеофильмда Зикир Муҳаммаджонов, Тўйчи Орипов, Пўлат Саидқосимов, Эркин Комилов, Маҳмуд Дўстматов, Машраб Юнусов, Ҳожиакбар Нурматов каби кино ва театр дарғалари роль ижро этишган. Фильм ўзбек кинематографиясининг олтин фондидан жой олган. Бугунги кунда кўплаб ижодкорларнинг устозига айланган санъаткор Ёқуб Аҳмедовдан айни фильм билан боғлиқ хотираларини айтиб беришини сўрадик:

    – Биласизми, театр дунёсига қўйган илк қадамим ҳам Намангандаги Алишер Навоий номидаги театрдан бошланган. Маҳалламизда яшовчи ҳофиз акаларимиз ўша театрда ишлар, биз болалар уларга жуда катта эҳтиром ва ҳавас билан қарар эдик. Бир куни ўша акаларимиз биз болаларни тўплаб: “Ўзбекистон халқ артисти Муҳиддин Мансуров ёшлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Ғунчалар” деб номланган спектакль саҳналаштиряпти. Бизга актёрликка қизиқадиган болалар керак. Сизлар ҳам бориб ўз маҳоратингизни синаб кўринглар”, дейишди. Жуда хурсанд бўлиб кетдик. Муҳиддин ака 5-6 тамизни танлаб олганидан сўнг ёдлашимиз керак бўлган матнларни бизга тарқатди.

    ***

    Ўшанда таниқли актёр ва режиссёр Муҳиддин Мансуров кўзларида ўт ёниб турган болалардан дабдурустдан: “Хўш, болалар, қани айтинглар-чи, бизнинг театримиз нима учун Алишер Навоий номи билан юритилади? Навоий бобомиз қандай инсон бўлган?” деб сўраб қолади. Шунда ҳамма болалар жавоб беришга ийманиб туришганида Ёқубжон дадиллик билан: “Навоий бобомиз улуғ мутафаккир ва тенги йўқ катта шоир бўлган”, дея жавоб беради. Бу йигитчанинг ҳозиржавоблиги ва ўзига бўлган ишончини кўрган режиссёр: “Баракалла, ўғлим. Агар ижод қилишдан ва изланишдан толмай меҳнат қилсангиз, сизлар келажакда ана шу буюк бобомизнинг образини ҳам ижро этишингиз мумкин”, дейди. Муҳиддин Мансуровнинг бу гапларини эшитган Ёқубжон бир куни, албатта, Навоий бобомизнинг образини ижро этиш менга насиб этсин, дея ният қилади. Ниҳоятда ҳаяжонланганидан кечаси билан ухламай чиқади. Лекин бир куни чиндан ҳам бу масъулиятли образни яратиш вазифаси зиммасига тушишига унчалик ишонмаган.

    – 1981 йилда Мақсуд Юнусов режиссёрлигида суратга олиниши режалаштирилган “Алишер Навоий” видеофильми учун танлов эълон қилинди, – дейди Ёқуб Аҳмедов. – Ўзига ишонган актёр борки, бу улуғ инсон образини яратишни орзу қилиши табиий. Мен ҳам ушбу танловга астойдил тайёрландим. 1959 йилдан бери Миллий театрда ишлаб келаётганим боис устоз санъаткорларимиз Тўла Хўжаев, Аброр Ҳидоятов, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Зикир Муҳаммаджоновдан сабоқ олишга улгурган эдим. Олим Хўжаев, айниқса, ҳар соҳада менга устоз эди: юриш-туриши, кўриниши, кийиниши, муомаласи, энг асосийси, моҳир актёрлиги. “Алишер Навоий” спектаклида бирга роль ижро этганимизда ўзимни худди ўзга оламга, тарихимизнинг сирли гўшаларига тушиб қолгандек ҳис қилганман. Улуғ шоиримизнинг устозим ижросидаги образини бутун вужудим билан кузатар, ижродаги ўзим англамай қолган жиҳатларни аниқлаштирмагунимча устозни ҳоли жонига қўймас эдим.

    Ниҳоят, истеъдодли актёр Ёқуб Аҳмедов Алишер Навоий образига тасдиқлангани ҳақида хабар келади. Шу кундан бошлаб ижодкорнинг ҳаяжони янада кўпаяди. “Қанийди, агар Навоий бобомизнинг мақбараси юртимизда бўлса, ҳар куни зиёрат қилар эдим”, дейди устози Олим Хўжаевга. “Сен дуо қил, Аллоҳдан сўра, Навоий ҳазратлари авлиё инсон бўлган. У кишини қачон дуо қилиб йўқласанг, ўша заҳотиёқ ҳозиру нозир бўлади. Чин эътиқод ва ихлос билан шундай образ яратгинки, шу бир ижро учун келдим ҳаётга, дея фахр билан келгуси авлодга айта олгин”, дейди устоз ва севимли шогирдига оқ фотиҳа беради.

    – Ҳозирги пайтда режиссёрларимиз ва драматургларимиз Алишер Навоий ҳақидаги асарларга ва мутафаккир бобомиз ёзган асарларга камроқ мурожаат қилишяпти, деган фикрларга қўшиламан, – дейди Ёқуб Аҳмедов. – Бобомиз ҳақидаги асарларга кўпроқ мурожаат қилишимиз керак. Бу улуғ инсоннинг ғоялари ҳамиша ёдимизда, қалбимизда бўлиши зарур. Мен бир ижодкор сифатида устоз санъаткорларимиз Раззоқ Ҳамроев, Олим Хўжаев, Аброр Ҳидоятов қатори улуғ бахт менга ҳам насиб этгани учун ҳаётимдан розиман!

    Драматурглар, уйғонинг: қачон Гули афсонасига барҳам берилади?

    1947 йилда Ҳамза театрида Иззат Султон ва Уйғун сценарийси асосида режиссёр Маннон Уйғур “Алишер Навоий” спектаклини саҳналаштирди.

    “Алишер Навоий” драмаси икки ҳамкор муаллифнинггина эмас, академик театр, қолаверса, умумўзбек саҳна санъати, унинг мухлислари бахти ва қувончи, умрбоқий мумтоз томошаси бўлиб қолди. Ундаги Алишер Навоий ва Гули диолог ва монологлари Ҳамлетнинг “Ё ўлиш, ё қолиш”, Отеллонинг “Қораманми, мен”, “Сорлочиним” монологлари сингари, балки улардан-да бошқачароқ таъсир кучи билан саноқсиз муҳлислари дилларидан ўрин олди. Тилдан тилга кўчиб, ёд бўлиб кетди. Ана шу ёд бўлиб кетишнинг сабаби асар боқийлигининг таъсир кучида эди. Мазкур синоат томошабин, ўқувчи, айниқса, ижрочиларга Навоий нафаси, унинг шеърият даҳосига яқинлик, шоир сиймосини тасаввурида жонлантириш имконини берди”, деб ёзади санъатшунос Тошпўлат Турсунов “Ўзбек театри тарихи” китобида. Афсуски, бу дунёқараш ва таърифлар мафкура таъсирида ёзилган саҳна асарига берилган баҳо эди. Бугунги кун томошабини эса Алишер Навоий бобомизнинг ҳаётий қарашлари, мезонлари, асл эътиқоди борасида бутунлай бошқача фикрлайди, мулоҳаза юритади.

    Киношунос Ҳамидулла Акбаровнинг олим ва драматург Иззат Султон билан “Олим заковати, драматург маҳорати” суҳбатида бундай савол бор: “Иззат Отахонович, сиз тилга олган севгилисидан ажралган шоирнинг бадарға этилиши, “зада бўлган қушлардек саройни тарк этган дўстлар”, икки тарихий шахс ўртасидаги конфликт ривож топиб бориши, асарингизнинг финал қисмида шоир саройни, Султон Ҳусайнни тарк этиши тарихий ҳақиқатга зид эмасми? Ўша кўринишлар ўтган асрнинг 40-йилларида ҳукм сурган мафкура таъсирида, тазйиқ остида ёзилмаганми?” Ушбу саволга Иззат Султон: “Тазйиқ ҳам бўлган. “Навоий” сценарийси муҳокамасига партия органлари “ишончли вакиллари”ни юбориб, “Навоийдан айб топинг”, “Султон Ҳусайн билан шоир Навоий адоватда бўлганини кўрсатинг”, деган талабларни ҳам қўйган. Бизга Бобур таърифи ёрдам бергандек кўринган эди. “Бобурнома” муаллифи Ҳусайн Бойқаронинг кайф-сафога берилганини қайд этгани маълум”.

    Суҳбатдан кўриниб турибдики, Гули ва Навоий ўртасидаги муҳаббат ва ушбу муҳаббат туфайли Алишер Навоийнинг бу дунёдан тоқ ўтиши Иззат Султон ва Уйғуннинг “тўқимаси” маҳсули бўлган. Минг афсуски, орадан етмиш олти йил ўтишига, Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди бўйича янгидан-янги тадқиқотлар қилинганига қарамай, ҳалиям ўзбек драматургиясида ҳақиқий маълумотларга асосланган драма яратилмади.

    Шу боис бўлса керак, 2016 йилда Ўзбек Миллий академик драма театрида “Алишер Навоий” спектакли Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ артисти режиссёр Рустам Ҳамидов томонидан Иззат Султон ва Уйғун драмаси асосида яратилди. Ушбу спектаклда Алишер Навоий образини истеъдодли актёр Беҳзод Муҳаммадкаримов, Гули образини эса Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Дилноза Кубаева маҳорат билан ижро этишган. Бироқ Алишер Навоий ижодини бугун ўзгача ёндашув ва маълумотларга кўра ўрганаётган бугунги авлодни ушбу спектакль билан овунтириб бўлармикин?

    – Театримиз ижодкорлари “Алишер Навоий” спектаклига, адашмасам, еттинчи ёки саккизинчи марта мурожаат қилган, – дейди режиссёр Рустам Ҳамидов. – Маннон Уйғур уни саҳналаштирганидан бери театримизнинг шу кунгача бўлган авлодларининг энг машҳур актёрлари роль ижро этган. Яъни ушбу спектакль орқали жуда катта маҳорат мактаби бунёд бўлди. Яхши томонларини ҳам айтиб ўтишимиз керак, тўғрими? Энди эътирозингизга келадиган бўлсак, 2016 йилда “Алишер Навоий” спектаклини мен ҳам янгича қарашлар ва маълумотлар асосида саҳналаштиришга бел боғлаган эдим. Лекин ўша пайтда театримиз бадиий кенгашга топширилган 5-6 та янги драманинг ҳеч қайси бири талабимизга жавоб бермади. Ва... биз яна Иззат Султон ва Уйғун драмаси устида иш олиб боришга қарор қилганмиз. Биз ижодкорлар Алишер Навоий асарларига, унинг ҳаёти ва ижоди борасидаги ибратли воқеликларга қайта-қайта мурожаат қилишимиз жуда зарур. Ўзингиз кўриб турибсиз, айни пайтда дунёдаги талотўплар, келишмовчиликлар – барча-барчаси тинчлик, меҳр-оқибат, саховат деб номланган фазилатларнинг қадрланмай қўйилгани эвазига кўпайиб бормоқда. 2021 йилда ёзувчи Исажон Султоннинг “Алишер Навоий” романи нашр этилди. Уни ўқиб чиқиб, ёзувчи асарни ёзишдан олдин жуда кўп манбаларни ўргангани, мутафаккир бобомиз ҳақидаги кўплаб тушунмовчиликларни ойдинлаштиришга ҳаракат қилганидан хурсанд бўлдим. Қанийди худди шу роман каби драматургияда ҳам бугунги авлоднинг маънавий эҳтиёжини, талабини қондирадиган бир драма яратилса... Мен ўзим бажонидил биринчилардан бўлиб саҳналаштирган бўлар эдим.

    Адабиётшуносларнинг янги қарашларига ўрин бердик

    2021 йилда Кинематография агентлиги буюртмаси асосида “Халқ юраги” туркумига кирувчи “Алишер Навоий” ҳужжатли тарихий фильми суратга олинди. Ушбу фильм Алишер Навоий шахсига бўлган қарашларнинг янгича талқини асосида ишлангани билан диққатимизни тортди. Унда тарихий-бадиий реконструкциялар, компьютер графикаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти универститети вакиллари – навоийшунос олимларнинг интервьюларидан фойдаланилган.

    – “Алишер Навоий” ҳужжатли фильмини илмий маслаҳатчиларимиз - филология фанлари докторлари Шуҳрат Сирожиддинов, Дилнавоз Юсупова, Каромат Муллахўжаева билан ҳамкорликда ёздик, – дейди сценарий муаллифи Фурқат Усмонов. – Шуҳрат Сирожиддинов Алишер Навоийнинг Ҳусайн Бойқаро билан ўзаро муносабатлари собиқ шўролар даврида, мафкуравий таъсирда қандай талқин қилингани-ю, аслида тарихий манбаларда қандай маълумотлар келтирилгани тўғрисида сўзлаб берди. Дилнавоз Юсупова билан Алишер Навоийнинг муҳаббат, мансаб, дунё ҳавасларига бўлган муносабати борасида кўплаб суҳбатлар қилдик ва сценарий учун ниҳоятда қимматли маълумотлар олдик. Суҳбатдошимиз бизни кўплаб янги манбалардан хабардор этиб, биргаликда таҳлиллар олиб боргани, ижодий жамоамиз билан фильм устида астойдил излангани, меҳнат қилгани учун олимамизга ижодий гуруҳ номидан миннатдорлик билдираман. Каромат Муллахўжаева эса Алишер Навоийнинг асарларидаги “ёр” талқини бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди. Жумладан, олима бундай деди: “Навоий асарлари мазмун-моҳиятини ташкил этган ишқни мукаммал тушуниш учун унинг асарларини тўлиқ ўқиш керак. Шоирнинг асарлари тизимли адабий олам. Ундаги бир масалани тушуниш учун иккинчисига мурожаат қилиш ва учинчисидан асосли шарҳ топиш мумкин. Шоир бир достонида: “Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасун, Икки жаҳон демаки, жон бўлмасин”, деган бўлса, бошқасида “Эй ишқ ғариб кимёсан…”, деган фикрларини беради. “Маҳбуб ул-қулуб”да ишққа мукаммал таъриф бериб, унинг даражаларини кўрсатади. Булар Навоийнинг бошдан-оёқ ишқнинг сирларига кўмилган минглаб ғазалларини тушунишда бир очқич вазифасини ўташи мумкин”.

    Жаҳон киноси тарихида янгилик бўлиши кутилаётган фильм

    2021 йил 10-11 июнь кунлари Тожикистонга ташрифи давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг икки давлат киноижодкорлари ҳамкорлигида “Жомий ва Навоий” тарихий-бадиий фильмини яратиш ҳақидаги таклифи Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон томонидан қўллаб-қувватланган эди.

    Кинолойиҳани амалга ошириш бўйича ҳар икки давлат киноижодкорлари, адабиётшунос ва тарихчи олимлари бир неча бор онлайн ва юзма-юз музокаралар ўтказишди. Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва “Тожикфильм” давлат муассасаси раҳбарлари ўртасида 2021 йил 2 октябрь куни “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали доирасида “Жомий ва Навоий” бадиий фильмини суратга олиш бўйича меморандум имзоланди.

    – 2022 йилнинг 29 апрель куни Ўзбекистон Кинематография агентлигида “Жомий ва Навоий” бадиий фильми кенгайтирилган синопсис муҳокамаси ва видеотақдимоти бўлиб ўтди, – дейди сценарийнавис ва навоийшунос Рустам Жаббор. – Унда фильмни суратга олиш бўйича шу пайтга қадар қилинган ишлар ҳақида сўз юритилди. Шундан сўнг фильм ҳақидаги видеотақдимот иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Мазкур видеотақдимотда синопсиснинг мазмун-моҳияти, фильмнинг мақсади, суратга олиш механизмлари хусусида маълумот берилган.

    Фильм сценарийси Рустам Жабборов, Юсуф Розиқов, Сафар Ҳақдодов томонидан ёзилди. Сценарий дастлаб ўзбек ва тожик тилларида ёзилиб, кейинчалик рус ва инглиз тилларига таржима қилинди. Шунингдек, мазкур сценарий икки давлат вакилларидан иборат экспертларга ҳавола қилинган.

    Бадиий фильмга Ўзбекистон Кинематография агентлиги ҳамда “Тожикфильм” давлат муассасалари раҳбарларининг ўзаро келишуви асосида хориждан маслаҳатчи сифатида франциялик таниқли продюсер ва режиссёр Люк Бессон жалб қилинадиган бўлди. Шунга кўра, 2022 йил 14-18 сентябрь кунлари бўлиб ўтган “Ипак йўли дурдонаси” XIV халқаро кинофестивалда nожикистонлик ҳамкорлар ҳамда Люк Бессон иштирокида “Жомий ва Навоий” фильмини суратга олиш бўйича мулоқотлар, маҳорат дарси ташкил қилинди. Мулоқот давомида Люк Бессон Жомий ва Навоий ҳақидаги мазкур бадиий фильм лойиҳаси жаҳон киноси тарихида янгилик бўлишини қайд этди. У кинолойиҳа туфайли икки буюк мутафаккир, уларнинг тинчлик ва дўстлик борасидаги хатти-ҳаракатларига юқори баҳо берди ва лойиҳада иштирок этишга розилик билдирди. Бадиий сценарий унга маъқул келганини айтиб, бир қанча тавсиялари билан ўртоқлашди.

    Кинофестиваль доирасида Кинематография агентлиги ва “Тожикфильм” ДМ ўртасида “Жомий ва Навоий” тарихий бадиий фильмини суратга олиш юзасидан икки томолама шартнома имзолаш маросими ўтказилди.

    Айни пайтда сценарий муаллифларидан бири ва кинорежиссёр Юсуф Розиқов Люк Бессоннинг тавсиялари асосида режиссёрлик сценарийсини ёзиш арафасида. Ҳар икки мамлакат киноижодкорлари томонидан фильмни суратга олишга тайёргарлик бошлаб юборилган.

    ***

    Албатта, бу каби халқаро ижодий лойиҳалар кўнглимизга ёруғлик олиб киради. Шундай кезларда устоз актёр Раззоқ Ҳамроев талқинидаги Алишер Навоий беш юз йил олдин қатъият билан таъкидлаган мана бу сўзлар ёдимизга тушади: “Бир куни келгуси авлодлар тинчлик, биродарлик ва дўстлик борасида, албатта, мени ҳамкорликка чорлайдилар. Шунда мен “Лаббай!” дея ўз шеърларим ва асарларим билан жавоб берурман!”

    Дарҳақиқат, биз ҳамиша сизнинг маънавий сабоқларингиз, маслаҳатларингиз, тенгсиз ғояларингизга муҳтожмиз, Ҳазрати Навоий! Асарларингиз барча асрларни ҳушёрликка, бедорликка, асл ишқ ёғдусига чорлагувчи абадий эзгулик қўнғироғи бўлиб янграши шубҳасиздир!

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates