Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, нуфузли мусобақада юксак натижаларни қўлга киритган спортчилар орасида вилоятимиз вакилларининг ҳам борлигини фахр билан тилга олди.
Алоҳида эътироф этиш керакки, Ханчжоу шаҳрида ўтказилган XIX ёзги Осиё ўйинларида Навоий вилоятидан 10 нафар спортчи иштирок этиб, уларнинг 4 нафари ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Хусусан, Кураш спорт тури бўйича Умид Эсанов Осиё ўйинларининг ғолибига айланиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт тури бўйича жамоавий баҳсларда эса Шаҳризода Мавлонова, шунингдек футбол бўйича 23 ёшгача бўлган Ўзбекистон Миллий терма жамоаси сафида тўп сурган 2 нафар футболчимиз Шерзод Эсанов ҳамда Жасур Жалолиддинов 3-ўринни эгаллаб, бронза медалига сазовор бўлишди.
Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов Осиё уйинларида олтин медални қўлга киритган Умид Эсановга 100 миллион сўм пул мукофоти ҳамда икки хонали уйнинг калитини тантанали равишда топширди. Шунингдек, спортчилар ва уларнинг мураббийларига пул мукофотлари топширилди.