Март ойида Қашқадарё вилояти Кўкдала туманидаги сайилда газ портлаши оқибатида салкам 40 киши жароҳатланган эди. 9 июль куни Жиноят ишлари бўйича Кўкдала тумани судида мазкур ҳолат юзасидан ҳукм ўқилди.
Суд ҳужжатларида келтирилишича, 22 ёшли Б.Ш. (эркак) 18 март куни Кўкдала тумани Тўқмор МФЙда ўтказилаётган Наврўз байрамига балиқ пишириб сотиш учун борган. 27 литрли газ баллонига газ плитасини ўрнатиб, фойдаланишни бошлаган вақтда профилактика инспектори ундан баллонни аҳоли тўпланиб турган ҳудуддан четроққа олиш ёки ерга кўмишни сўраган. Лекин бу сўров бажарилмаган. Соат 12:00 атрофида газ баллони портлаган.
Оқибатда сайилга бувиси билан борган А.Р. (аёл) юз, бўйин, кўкрак, олд қорин, иккала елка, билак, кафт, панжа, сон, болдир ва тизза соҳаларидан 80% куйиш кўринишидаги жароҳатларни олиб, орадан бир ойдан кўпроқ ўтгач вафот этган. Бундан ташқари, портлаш оқибатида 7 киши куйиб, ўртача оғир, яна 7 киши эса оғир тан жароҳати олган.
Бу ҳаракатлари орқали Б.Ш. Жиноят кодексининг 102-моддаси 1-қисми, яъни эҳтиётсизлик орқасидай одам ўлдириш ва 111-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Судда 3 нафар жабрланувчи Б.Ш.га даъвоси йўқлигини айтиб, унга енгиллик беришни сўраган бўлса, айримлар жароҳатлар учун қилинган харажатлар қопланса, унга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди. Баъзи жабрланувчилар эса қонуний чора кўришни сўраш билан чекланди.
Ҳукмга кўра, йигитга 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш ва 360 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланди. Жазо манзил тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланди.