Анжуманда 28-29 май кунлари Болгарияда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган халқаро турнир якунлари ҳамда Туркиянинг Истанбул шаҳрида ташкил этиладиган навбатдаги мусобақага тайёргарлик жараёнлари хусусида сўз юритилди.
Тадбирда таъкидландики, Ўзбекистон кураш федерацияси, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун мусобақалари хорижий давлатларда ўтказиб келинмоқда.
Дастлабки мусобақа шу йил 8-9 май кунлари Германиянинг Франфурт-Майн шаҳрида, навбатдагиси эса 28-29 май кунлари Болгариянинг Бургас вилояти Руин шаҳарчасида ташкил этилди. Мазкур мусобақанинг соврин жамғармаси 25 минг евродан иборат бўлди.
Таъкидлаш жоизки, Болгарияда 5 вазн тоифасида бўлган мусобада юртимиз шаънини атиги 2 нафар полвон ҳимоя қилди.
— Аслида ўзбек курашчиларини мусобақага юбориш ниятимиз йўқ эди, — дейди Ўзбекистон кураш федерацияси бош мутахассиси Олимжон Ҳайитов. — Мақсадимиз миллий брендимиз — курашни дунёга тарғиб қилиш бўлгани учун кўпроқ чет эллик спортчилар иштирокини таъминлашдир. Полвонларимиз уларга курашимизнинг нозик жиҳатларини ўргатишларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистондан 1 нафар аёл ва 1 нафар эркак курашчи юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун навбатдаги халқаро турнир шу йилнинг 26 июнь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида ташкил этилади.
Зебунисо Орзиқулова,
ЎзЖОКУ