Нега дунёда халқаро миграция кўлами тоборо ортиб бормоқда?

    Фикр 21 апрел 2024 422

    Бугунги замонавий дунёда вужудга келаётган долзарб муаммоларга ҳамоҳанг равишда ривожланиб бораётган халқаро ҳуқуқ олдида янада кенгроқ вазифаларни туғдирмоқда.

    Бу вазифалар авваломбор, давлатлараро муносабатларда вужудга келаётган ва ечими нафақат давлатлар учун, балки уларнинг фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларига бевосита дахлдор бўлган вазиятлардан келиб чиқмоқда. Шу нуқтаи назардан кейинги пайтларда янада кенг авж олаётган миграциявий жараёнлар ва бу жараёнларни салбий оқибатлари, яъни одам савдоси ва у билан боғлиқ трансмиллий жиноятчилик, у ёки бу давлатларда мигрантлар билан боғлиқ равишда вужудга келаётган миллатчилик кайфиятлари, бандлик муаммолари ва бошқа шу каби муаммолар ҳалигача тўлиқ ўз ечимини топгани йўқ.

    Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда дунёда халқаро миграция кўлами тоборо ортиб бормоқда, сўнгги 50 йил ичида мигрантлар сони уч бараварга кўпайиб, бу кўрсатгич дунёдаги геосиёсий вазият, иқтисодий ривожланишдаги нотенгликлар, қуролли мажаролар, табиий офатлар ва инсон ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари таъсирида ўсишда давом этмоқда. Хусусан, Халқаро миграция ташкилоти (IOM) маълумотларига кўра, 2022 йилда дунёда 281 миллиондан ортиқ одам туғилган юртидан бошқа мамлакатда яшаган бўлса, Жаҳон банки (World bank) маълумотларига асосан 2023 йилда бу кўрсатгич 295 миллионни, яъни дунё аҳолисининг тахминан 3,7 фоизини ташкил қилмоқда. Шунингдек, Камбағаллик ва тенгсизликка қарши халқаро ташкилот Оксфам (Oxfam) мутахассислари хулосаларига кўра, дунёда бой ва камбағаллар ўртасидаги тафовут кенгайишда давом этмоқда ва сўнгги йилларда миллиардерларнинг бойлиги кунига ўртача 2,7 миллиард АҚШ доллари миқдорида ўсмоқда, бу вақтда эса, инсониятнинг энг камбағал ярми 11 фоизга қашшоқлашган. Айни дамда қашшоқлик ноқонуний миграция сабабларидан ҳисобланиб, экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, трансмиллий жиноий уюшмалар ҳар йили 1 миллиондан ортиқ ноқонуний мигрантларни давлатлар чегараларидан олиб ўтади ва бу жиноий фаолиятдан тушган даромад фақатгина АҚШнинг ўзида йилига 3,5 млд доллардан ошади.

    Шу жиҳатдан ҳам бугунги замонавий дунёда иккита тенденция кузатилаётганлигини кўриш мумкин. Уларнинг биринчиси – очиқ иқтисодиёт ва шунга мувофиқ равишда меҳнат ресурслари ҳамда аҳолининг эркин кўчиб юриши бўлса, иккинчиси – протекционизм ва халқаро миграциянинг чекланиши ҳисобланади. Шу жиҳатдан ҳам инсон ресурслари, халқаро иқтисодий муносабатларнинг нафақат объекти, балки унинг субъекти сифатида намоён бўлмоқда. Чунончи, халқаро миграция жараёни донор–мамлакатларга ҳам, қабул қилувчи мамлакатларга ҳам нафақат иқтисодий, балки кўп томонлама ижтимоий, демографик ва ижтимоий-руҳий таъсир ўтказади.

    Зотан, бугунги кунда меҳнат миграцияси мослашувчан меҳнат бозорини шакллантириш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқтисодиёт субъектларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ва мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Шу сабабли, донор ва қабул қилувчи мамлакатлар ўртасидаги ишчи кучи экспортини тўғри баҳолаш дунё иқтисодиёти ривожланишида муҳим омиллардан ҳисобланади.

    Гарчи, миграциянинг турларидан бири сифатида меҳнат миграцияси, авваламбор, муносиб ҳаёт тарзини яратиш мақсадида иш қидираётган шахсларнинг ҳудудий ҳаракатланиши билан боғлиқ жараёнларнинг мажмуини намоён этади. Шу жиҳатдан ҳам мамлакатда сўнгги йилларда Ўзбекистонда миграция жараёнларини тартибга солиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Меҳнат миграциясига муносабат тубдан ўзгариб, давлатнинг меҳнат миграцияси сиёсатида эътиборга молик ўзгартиришлар киритилди. Мустаҳкам қонунчилик асослари яратилган ҳолда ҳорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларга кўплаб имконият ва шароитлар яратишга эътибор қаратилди.

    Ҳозирги кунда республикамизда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун халқаро шартномалар тузиш, уларнинг республика ташқарисида иш жойларига хавфсиз тарзда етиб боришини таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш каби муҳим масалаларга эътибор тобора кучайиб бормоқда, лекин Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграциясига оид давлат сиёсатини янада такомиллаштириш зарурати ҳамон сақланиб қолмоқда. Хусусан, меҳнат миграцияси соҳасини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари етарли даражада тизимлаштирилмаган. Мазкур ҳолат меҳнат миграциясининг назорациз ўсишига олиб келади ҳамда хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ ҳимоя қилишга тўсқинлик қилади.

    Сўнгги йилларда мамлакатимизад меҳнат миграцияси соҳасида 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган бўлиб, улардан 30 дан ортиғи Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг буйруқларидир. Бироқ, мамлакатимизда ҳозирги кунда миграция масалаларини тартибга солувчи махсус қонун қабул қилинмаган. Гарчи, ҳозирда бир қатор ҳорижий давлатларда «Миграция тўғрисида» (Тожикистон), «Аҳолининг миграцияси тўғрисида» (Қозоғистон), «Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясида миграция пропискаси тўғрисида» (РФ), «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонунлар мавжуд (Беларусь, Қирғизистон). 1991 йилдан бери Германия Федератив Республикасида «Хорижий фуқароларнинг Германия Федератив Республикасида яшаши, меҳнат фаолияти ва интеграцияси тўғрисида», «Иммиграцияни назорат қилиш ва чеклаш тўғрисида, шунингдек, истиқомат ва яшаш жойларини тартибга солиш тўғрисида»ги қонунлар амал қилади. Европа Иттифоқи давлатлари хорижий ишчилар учун Европа Иттифоқи меҳнат бозорига кириш ва қолиш бўйича бир қанча кўрсатмаларни қабул қилган. Таъкидлаш жоизки, меҳнат миграциясини ташкил этишнинг етарли даражада тартибга солинмаганлиги, ишчиларни ишга олишдан (ёллашдан) тортиб, меҳнат шартномаларини тузишгача «меҳнат қуллари» савдосининг кучайишига олиб келмоқда.

    Бугунги кунда маамлакатмизда мигрантларга нисбатан уюшқоқлик билан фақат Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Польша ва бошқа айрим давлатларга юборилмоқда. Маълумотларга кўра, Россия, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Жанубий Кореяда уч миллиондан беш миллионгача Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилмоқда. Қонунчилик ташаббусларига қарамай, самарали тезкор назорат ва меҳнат мигрантларини жалб қилишни тизимли ташкил этишнинг мавжуд эмаслиги мигрантларни алдов йўллари билан айрим шахсларга алданиб қолишларига шароит яратмоқда.

    Ҳозирда мамлакатимизда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва унинг ҳудудлардаги филиаллари ҳамда Ўзбекистондан ташқаридаги ваколатхоналари ташкил этилган. Аммо, Агентликнинг меҳнат мигрантларини хорижга уюшган ҳолда жалб этиш ва ишлашга йўналтиришига қарамай, меҳнат мигрантларининг асосий қисми мустақил равишда хорижга ишлашга бормоқда. Бинобарин, чет элга кетаётган барча фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашга қаратилган ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бугунги кунда чет элда ишлаш истагини билдирган мигрантларнинг етарлича катта қисми учун чет элда қонуний иш билан таъминлашда қийинчиликларга дуч келмоқда. Шу муносабат билан, меҳнат мигрантларининг аксарияти ушбу Агентликнинг хизматларидан фойдаланмайди, чунки чиқиш тартибига кўра, меҳнат миграцияси учун чет элга кетаётган шахсларнинг мажбурий касбий тайёргарлиги тўғрисида сертификат талаб қилинади, шунинг учун кўпчилик фуқаролар хавфсизлигини хавф остига қўйиб, Россия ёки Қозоғистонга боришни афзал кўрадилар. Ушбу ҳолат шубҳали воситачиларнинг хизматларидан ёки «одам савдогарлари»дан фойдаланишга катта ҳисса қўшади.

    Яна бир долзарб муаммо, чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ягона маълумотлар базаси ҳамда ишончли хорижий иш берувчилар рейстрининг мавжуд эмаслигида ҳисобланади. Бу – мамлакат фуқароларида ишга ёлловчилар фирмаларнинг таклифлари нисбатан ишончсизликка олиб келади. Натижада ўзбекистонлик мигрантларнинг алданиши, меҳнат ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари тез-тез учраб туришига сабаб бўлади.

    Ўзбекистон меҳнат бозорида ҳар йили меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 700 минг кишигача ошиб бораётгани ҳамда расман тан олинган ишсизларнинг умумий сони эса 5-6 миллион кишини ташкил этишини ҳисобга олсак, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги чет элда ишламоқчи бўлган барча фуқаролар истакларини қамраб ололмайди. Мамлакатимизда хусусий меҳнат агентликлари фаолиятига рухсат берилган, аммо уларнинг кўпчилиги аҳолида ишонч уйғотмайди.

    Ташқи меҳнат миграциясининг яна бир муаммоларидан бири меҳнат мигрантларини чет элда ишга жойлашиш учун ишчиларга кредит бериш (ссуда) тизимининг йўқлиги, шунингдек, чет элда ишга жойлашиш, малакали мутахассислар тайёрлашдаги камчиликлар ҳисобланади.

    Бундан ташқари Ўзбекистонда ички меҳнат миграциясининг уюшган шаклларини яратиш, маъмурий-ҳудудий бирликларнинг иш билан таъминлаш имкониялари тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлигини таъминлаш вазифаларни аниқ ҳал этиш механизми ҳамда буни назорат қилувчи электрон (шаффоф) тизим фаолияти самарали даражада йўлга қўйилмаган.

    Меҳнат мигрантларига иш берувчилар томонидан меҳнат ва солиқ қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя этилиши устидан самарали назоратнинг аниқ механизми мавжуд эмас.

    Чет элда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларнинг пенсия (нафақа) ва бошқа ижтимоий кафолатлар олишга доир етарлича норматив-ҳуқуқий базанинг мавжуд эмас.

    Ўзбекистонда меҳнат миграциясини тартибга солишга масъул бўлган мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими йўлга қўйилмаган.

    Юқориидагилардан келиб чиққан ҳолда миграция жараёнларидаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш мақсадида қуйидагилар амалга ошириш мақсадга мувофиқ:

    1. Меҳнат миграцияси йўналишларини қайта йўналтириш. Иқтисодий жиҳатдан ривожланган (АҚШ, Германия, Франция, Финляндия, Белгия, Польша, Хитой, Япония каби) давлатлар билан Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда ишга жойлаштиришга оид ҳамкорлик келишувларини имзолаш ҳамда уларда қуйидагиларга эришиш:

    ишчи визаларни расмийлаштириш кафолатига эришиш;

    меҳнат миграциясида иштирок этувчи шахсларни республикадан ташқарига чиқишда мажбурий суғурта қилиш тизимини жорий этиш ва хорижий давлатларнинг ваколатли суғурта компаниялари билан шартномалар тузган ҳолда, шу давлатларда ушбу мажбурий суғурта полисини амал қилишига эришиш;

    хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларнинг касбий малакаси ва тил билиш даражасини баҳолаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан баҳолаш жараёнларини амалга ошириш ва сертификат билан таъминлаш ҳамда мазкур сертификатларни битим тузилган давлатларда амал қилишига эришиш.

    2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузурида доимий асосда ишловчи Миграцияни тартибга солиш бўйича экспертлик қўмитани ташкил этиш ва унда миграция соҳасида мутахассисларни (демограф, иқтисодчи, ҳуқуқшунос) жалб этган ҳолда, мамлакатда миграция ҳолати, ундаги муаммолар ва тенденциялардан ушбу соҳани тартибга солиш хулоса ва таклифлар ишлаб чиқилиш вазифасини белгилаш мақсадга мувофиқ.

    3. Меҳнат мигрантлари ҳуқуқларига оид халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш мақсадида Ўзбекистон фуқароларининг хорижда қонуний ва хавфсиз меҳнат фаолиятини ташкиллаштириш, уларни хорижга ишлашга кетишидан олдин касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими яратиш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида«Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги Қонунни қабул қилиш жараёнини тезлаштириш мақсадга мувофиқ.

    4. Мамлакатимизда миграция ва меҳнат миграцияси соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича алоҳида шифрни жорий этиш ва Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетларида мазкур соҳалар учун бакалавр ва магистр йўналишида мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш. Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кадрлар захирасини ушбу ўқув юртларини битирган замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассислардан шакллантириш лозим.

    5 Консуллик ташкилотларининг меҳнат миграцияси масалалари бўйича Атташелари, Агентликнинг раҳбар ва ходимларини ҳамда меҳнат миграция соҳада фаолият олиб бораётган бошқа мутахассисларни икки йилда камида бир маротаба Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб чиқиладиган малака ошириш ўқув дастурлари асосида малака оширишга ихтисослаштирилган таълим муассасаларида «Меҳнат миграцияси жараёнларини бошқариш», «Миграция соҳасидаги давлат ташкилоти органларининг фаолияти» каби курслар бўйича малака ошириш курсларини мақсадли ва тизимли равишда йўлга қўйиш.

    6. Ўзбекистоннинг миграция масалалари бўйича концепциясини қабул қилиш, унда соҳага оид малакали мутахассисларни тайёрлаш борасида ташкилий ва ҳуқуқий асосларни яратиш масалаларини назарда тутиш мақсадга мувофиқ бўлади ҳамда ушбу концепция билан меҳнат миграцияси соҳасида 2024-2026-йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш керак ва унда қуйидагиларни назарда тутиш таклиф қилинади:

    ривожланган давлатлар меҳнат бозорини мониторинг қилиш асосида барқарор иш ўринлари бўйича маълумотлар базасини яратиш ва юритиш;

    меҳнат мигрантларига талаб мавжуд бўлган давлатлар билан узоқ ва ўрта муддатли тегишли битимлар тузиш; тегишли тартиб-таомилларни қисқартириш ва соддалаштириш;

    Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш;

    Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва консуллик хизматларининг хорижда ишлаётган фуқароларимиз билан доимий алоқада бўлишининг замонавий шаклларини жорий этиш ва бошқалар.

    7. Миграция хизматларини рақамлаштириш. Миграция соҳасини рақамлаштириш миграция режимларини ислоҳ қилиш билан боғлиқ бўлган катта жараённинг ажралмас қисми бўлиб, унинг воситалари ва платформалари барча йўналишларда, жумладан, меҳнат миграциясини бошқариш ва мобил иловалар орқали амалга оширилиши мумкин бўлган рўйхатга олиш каби хизматлар, мигрантларга маслаҳат ва тавсиялар бериш, шу жумладан, мигрантлардан келиб чиқадиган баҳсли масалаларни ҳал қилиш иш берувчилар ва пул ўтказмалари хизматларида фойдаланилади. Рақамли воситалар бир қатор долзарб муаммоларни ҳал қилишда, жумладан, ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, миграция қоидаларини соддалаштириш ва бирлаштириш, муҳожирларнинг давлат хизматларидан фойдаланишини осонлаштириш орқали миграцияни давлат бошқаруви самарадорлигини ва миграция соҳасидаги давлат назоратининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, кўплаб муҳожирларни, узоқ туманларни қамраб олиш учун муҳим восита ва муҳожирларнинг заифлигини камайтиришда муҳим роль ўйнаши мумкин.

    8. Норасмий (меҳнат шартномасисиз) меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган мигрантлар асосий кўламининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ҳали-ҳамон таҳлика остида эканлигини инобатга олиб, ваколатли органлар (Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги)нинг хориждаги ваколатхоналари томонидан ташқи меҳнат бозоридаги йирик иш берувчилар ва рекрутинг агентликлари билан миграцияси соҳасида ҳамкорлик бўйича кенг кўламли ва тизимли музокаралар олиб борилиши, аниқ натижаларга эришилиши талаб этилади.

    9. Аҳолини максимал даражада бандлигини таъминлаш, мамлакатда олий малака талаб этмайдиган ишчи ўринлари сонини кўпайтириш, жойларда ишлаб чиқиаришга қаратилган корхоналар, фабрикалар, фермалар қуриш ва меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини аҳолининг турмуш даражасидан келиб чиққан ҳолда белгилаш.

    10. Жойларда коммуникация ва ижтимоий инфратузилма тизими ҳамда тиббий ва бошқа хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожлантириш, ушбу хизматлардан бутун Ўзбекистон бўйлаб фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, бунда олис ҳудудларда жойлашган оилаларни самаралироқ қамраб олишни таъминлаш ҳамда ҳудудларда экологик муҳитни яхшилаш чораларини кўриш.

    11. Ноқонуний миграциянинг ижтимоий хавфли оқибатларини олдини олиш ва унга қарши кураш самарадорлигини ошириш ҳамда мавжуд ижтимоий шарт-шароитларни инобатга олиб, ноқонуний миграция билан боғлиқ қилмишларни криминилизация қилиш мақсадга мувофиқ.

    Отажонов Аброржон Анварович,

    Тошкент давлат юридик университетининг

    Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга

    қарши курашиш кафедраси профессори,

    юридик фанлар доктори, профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates