Немис ишбилармонлари Олмалиқда

    Ўзбекистон ва Германия ўртасида бир неча йиллардан буён ривожланиб бораётган ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари доирасида олмон компаниялари ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳам фаол ҳамкорлик қилиб келяпти.

    Бугун ушбу ҳамкорлик алоқалари доирасида комбинатга Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, доктор Тило Клиннер бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

    Ташриф давомида Германия иқтисодиётининг Марказий Осиё ҳудудидаги вакиллиги ҳамда немис ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация аъзолари комбинат таркибий бўлинмалари, жумладан, Қалмоққир ва Ёшлик-1 конларидаги технологик жараёнлар ҳамда янги барпо этилаётган 3-Мис бойитиш фабрикаси билан танишди. Меҳмонлар комбинатда маҳаллийлаштириш дастурининг бош ижрочиси бўлган Марказий таъмирлаш механика заводида амалга оширилаётган ишларни ҳам кўзда кечирди.

    Бундан ташқари, комбинат раҳбарияти билан немис делегацияси ўртасида келгусидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказилди.

    Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ҳамкорлик алоқалари доирасида 2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтган халқаро иқтисодий форумда Германиянинг BASF концерни, Helaba банки, “Menzel”, Takraf GmbH“ каби компаниялари билан бир қатор манфаатли шартномалар имзоланган. Шунингдек, Чирчиқ шаҳрида комбинат ва Германия давлати билан ҳамкорликда “Deutsche IT-AGMK” қўшма корхонаси ҳам ташкил этилган.

    Бундан ташқари, жорий йилда янги барпо этилаётган 3-Мис бойитиш фабрикаси учун Германиянинг AUMUND Fördertechnik компанияси томонидан 54 дона занжир тасмали пластинасимон конвеер ленталари етказиб берилиши режалаштирилган.

    - Бугун яна Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташриф буюрдик. Делегациямиз таркибида йирик корхона вакиллари борлигидан ҳам уларнинг комбинатга қизиқиши баландлигини англаш қийин эмас. Биз комбинат билан узоқ йиллардан буён манфаатли ҳамкорлик қилиб келаяпмиз ва бу ҳамкорлик ришталарини келгусида ҳам давом эттирамиз. Ўйланманки, бугунги ташриф ҳам ҳар икки томон учун фойдали бўлди. Ишбилармонларимиз комбинат билан яқиндан танишдилар,- дейди Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси, доктор Тило Клиннер.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates