Жигар ҳажми катталашиши ёхуд илмий тил билан айтганда, гепатомегалия хасталиги борасидаги саволларга Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асилова жавоб берди.
— Гепатомегалия хасталигининг келиб чиқиш сабаблари қайсилар?
— Жигар ўлчамининг катталашиши бир қатор касалликлар натижасида юзага келиши мумкин. Энг кўп тарқалган этиологик омиллардан бири — аъзо қон томирлари касалликларидир.
Кўпинча гепатомегалияга дарвоза венаси ва жигар венаси зарарланиши (тромб ҳосил бўлиши натижасида), кам ҳолатларда жигар артериялари шикастланиши сабаб бўлади.
Бундан ташқари, инфекцион-вирусли касалликлар ҳам жигар катталашишига олиб келиши мумкин. Гепатомегалия ўсма касалликларининг асосий белгиларидан биридир.
Шунингдек, гепатомегалия жигар тўқималарининг дегенератив ўзгаришлари (стеатогепатоз, стеатогепатит, юрак-қон томир тизими патологияларида иккиламчи ўзгариш), амилоидоз, гепатотоксик моддалар (алкоголь, дори препаратлари, айрим сунъий моддалар) таъсирида ҳам юзага келади.
— Ушбу касаллик белгилари қандай?
— Жигар ўлчамининг катталашиши асосий касаллик белгилари билан аниқланади. Ўртача гепатомегалия (вирусли гепатит, болаларда овқатланишнинг бузилиши билан юзага келувчи ҳолатлар)да беморни безовта қиладиган белгилар юзага чиқмаслиги мумкин.
Жигар ўлчами яққол катталашадиган бўлса, ўнг қовурға ости соҳасида оғирлик ҳисси, оғриқ (ҳаракатланган вақтда кучаювчи) сезилиши мумкин. Бундан ташқари, терида тошмалар, қичишиш, диспептик белгилар (кўнгил айниши, ич келишининг бузилиши, қорин дам бўлиши), оғиздан бадбўй ҳид келиши ҳам жигар катталашганлигидан далолат беради.
Вирусли гепатит фонида келиб чиқадиган гепатомегалия ҳолатларида жигар паренхимаси қаттиқлашади ва пальпацияда осон аниқланади. Интоксикация жигар катталашиши кўз склераси ва тери қопламаларининг сарғайиши билан намоён бўлади.
Жигар циррозида гепатомегалия ҳолати гепатоситлар зарарланиши натижасида ва улар ўрнида бириктирувчи тўқима ҳосил бўлиши ҳисобига келиб чиқади. Бунда аъзо қаттиқлашади, доимий оғриқ ҳисси бўлади, терининг яшил-сарғиш тусдалиги, қон кетишга мойилликнинг ортиши кузатилади.
Юқоридаги белги ва ўзгаришлар кузатилганда, албатта, ўз вақтида гепатолог шифокорга мурожаат қилишингиз лозим бўлади.
Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.









