Саноат ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича комбинат томонидан жорий йилда зарур маблағлар ажратилиб, ҳозирги кунда комбинат балансидаги электр тармоқларининг 253 километри мавсумга шай ҳолатга келтирилиб, 269 та подстанция жорий таъмирланди. Иссиқлик тармоқларининг 16 километри жорий ҳамда капитал таъмирланиб, 12 та қозонхонанинг 68 та қозони жорий таъмирдан чиқарилди. Сув таъминоти объектларининг 19,2 километр тармоқлари жорий ҳамда капитал таъмирланди, 100 дан ортиқ сув насослари мавсумга шай ҳолатга келтирилди.
— Барча ишлаб чиқариш объектларида 24 соат фаолият олиб борадиган тезкор авария гуруҳлари тузилиб, махсус техника ва керакли материаллар ажратилган. Комбинат ишлаб чиқариш тармоқларининг бир маромда, барқарор, беталофат ишлаши таъминланади. Бунга барча имкониятлар мавжуд, — дейди “НКМК” АЖ бош энергетиги ўринбосари Икромжон Шукурлаев.
Шунингдек, газ таъминоти тизимларининг тармоқлари ҳамда 63 та газ тақсимлаш пунктлари ҳам мавсумга тайёр. Ишлаб чиқариш объектларининг 21 минг метр квадрат том қисми жорий ва капитал таъмирланди. Ҳозирги кунда комбинатда 1 800 тонна мазут ёқилғиси ва 1 000 тонна техник туз захираси шакллантирилди.
“НКМК” АЖ Матбуот хизмати
Реклама