Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти соҳасига назар: нималар ўзгармоқда?

    Сўнгги тўрт йилда фуқаролик жамиятининг энг асосий институти ҳисобланадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 20,7 фоизга ошиб, 187 та йирик республика нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятини бошлади.

    Сўнгги йиларда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, уларга қулайликлар яратиш, фаолияти эркинлигини кафолатлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Натижада сўнгги тўрт йилда фуқаролик жамиятининг энг асосий институти ҳисобланадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони 20,7 фоизга ошиб, 187 та йирик республика нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз фаолиятини бошлади.

    Бугунги кунда юртимизда тўққиз мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, улар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришишда муҳим роль ўйнамоқда.

    Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларига қулайлик ва енгилликлар яратиш мақсадида замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. Бунинг натижасида 20 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ҳукуматнинг қарорлари қабул қилинди.

    Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти эркинлигини янада таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майда ПФ – 5430-сон “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон билан нодавлат нотижорат ташкилотларига ўз фаолиятини амалга оширишда қатор қулайликлар яратилди, хусуан Фармонга асосан, 2018 йил 1 июндан нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар ҳақида адлия органлари билан келишиш шартлари бекор қилинди ҳамда хабардор қилиш тартиби жорий этилди.

    Натижада нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятидаги бюрократик тўсиқлардан бири бартараф этилиши натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўтказилган тадбирлар сони бир йилнинг ўзида 10 665 тага ошди.

    Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳисобварақларига чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан уларнинг уставларида (низомларида) назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун келиб тушган пул маблағларидан ва мол-мулкдан, уларни олиш рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг, бирон-бир тўсиқларсиз фойдаланиши белгиланди.

    Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019-йил 1-декабрдан нодавлат нотижорат ташкилотларига қулайлик яратиш мақсадида уларнинг фаолияти билан боғлиқ бир қатор хизматларни электрон тарзда амалга ошириш имкониятини таъминловчи www.e-ngo.uz портали ишга туширилди.

    Ушбу портал орқали электрон тарзда:

    - нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ва қайта рўйхатдан ўтказиш;

    - нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш;

    - нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботлар тақдим қилиш;

    - нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш;

    - нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет эл фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғидаги оила аъзоларини аккредитациядан ўтказиш учун электрон тарзда ҳужжатлар тақдим этиш амалга ошириб келинмоқда.

    Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида вилоятлар марказида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил этилиб, 500 тага яқин нодавлат нотижорат ташкилотларининг бино билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди ҳамда уларнинг ижтимоий фойдали фаолияти қайта тикланишига эришилди. Жумладан, ушбу уйларга янги ташкил этилган, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотлари текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилди.

    Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўлами кенгайтирилиб, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ҳузурида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари ташкил этилди. Ҳудудларда фуқаролик жамияти институтларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди ва жорий йилда илк бор ушбу манбалардан ижтимоий лойиҳалар молиялаштирилди.

    Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг адлия ва солиқ органлари олдидаги ҳисобдорлиги енгиллаштирилганли ва тўлиқ электронлаштирилганлигини таъкидлаш лозим. Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ўз вақтида ва сифатли ҳисобот топшириш кўрсаткичи 35 фоизга ошди.

    Нодавлат нотижорат ташкилотларига қулайлик яратиш ва улар фаолиятини эркинлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида 2021 йил 3 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ – 5012-сон “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида«ги қарор қабул қилинди.

    Мазкур қарор билан 2021 йил 1 мартдан бошлаб:

    - нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан юз бараваригача оширилди;

    - нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати бир ойдан ўн беш кунгача қисқартирилди;

    - ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундириш бекор қилинди;

    - ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилиши белгиланди;

    - нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланиши, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинди.

    Шунингдек, 2021 йил 4 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–6181-сон Фармони билан тасдиқланган “2021 – 2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»да белгиланган вазифалар доирасида, 50 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида малака ошириш курслари ташкил этилди ва курсларни тамомлаган тингловчиларга тегишли сертификатлар топширилди.

    Таъкидлаш лозимки, нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат томонидан қулайлик ва енгилликлар яратиш, улар фаолиятининг эркинлигини таъминлаш соҳасида босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлсада, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ажратиладиган давлат ижтимоий буюртмалари сонини ошириш, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларини ижтимоий аҳамиятга эга грант лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда уларни амалга ошириш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадга мувофиқ.

    Шу билан бир қаторда, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, қонунчиликда белгиланган талаблардан хабардор этиш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини жалб этган ҳолда малака ошириш курслари ва туркум семинар тадбирларини ташкил этиш лозим.

    Хулоса қилиб айтганда, амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларига кўмак бериш, улар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг барча босқичларида нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланишига хизмат қилади.

    Амангелди Пренов,

    Адлия вазирлиги бўлим бошлиғи

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates