Хоразм вилояти Урганч туманида 2 млрд сўмликдан зиёд табиий газдан ноқонуний фойдаланган новвойхона аниқланди, дея хабар қилди «Ўзенэргоинспексия».
Инспекциянинг Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида Урганч туманида фаолият юритаётган «Э.К.» МЧЖга қарашли новвойхонада ҳисоблагичдан ташқари яширин йўл билан тўғридан-тўғри тармоққа уланиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.
Ушбу қоидабузарлик оқибатида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра газ таъминоти корхонасига 2 млрд 92 млн сўмлик зарар етказилгани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.