Ушбу семинар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ногиронлар ассоциацияси ва Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда, Европа Кенгаши Ҳамкорлик дастурлари бошқармасининг Марказий Осиё учун “Қонун устуворлиги” бўйича HELP дастури доирасида ташкил этилди.
Тренингда асосий эътибор ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тарғиб этиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ва илғор амалиётларни ўрганишга қаратилди. Унда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини миллий ва халқаро даражаларда янада самарали амалга оширишга ёрдам берадиган аниқ стратегия ва услублар атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда Олий Мажлис палаталари, Олий суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, манфаатдор вазирликлар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтлари, илмий ҳамжамият ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.
Европа Кенгаши маслаҳатчилари Евгений Голошапов ва Ксения Симинчук, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Котибиятининг катта ҳуқуқшунос-маслаҳатчиси Наталья Воробьева эксперт сифатида сўзга чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ўз видеомурожаатида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг аҳволини яхшилаш ва инклюзив жамият қуриш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари, элчи Шарлотт Адриан ўз нутқида Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини такомиллаштириш соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлигини қайд этди.
Европа Кенгашининг “Марказий Осиёда HELP” лойиҳаси раҳбари Кристина Хохлова ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Европа Кенгаши фаолиятида катта ўрин тутишини таъкидлади. Хусусан, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари” бўйича HELP дастурининг мавзули курси ўзбек тилига таржима қилиниб, миллий қонунчиликка мослаштирилди ҳамда бепул фойдаланиш учун HELP платформасига жойлаштирилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси Комил Абдуллаев мамлакатимизда қабул қилинган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатида ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қоидалар ўз ифодасини топгани хусусида сўз юритди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 630 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти айни йўналишда самарали иш олиб боряпти.
Ўқув-семинарда хорижий экспертлар ва миллий мутахассислар ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
Тренинг якунида иштирокчилар томонидан ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қатор тадбирларнинг аҳамияти юзасидан тавсиялар қабул қилинди. Хусусан, миллий қонунчиликни таҳлил қилиш ва халқаро стандартларга мослаштириш; давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари учун тематик ўқув дастурларини жорий этиш; жамоат жойларида, транспортда, таълим муассасаларида ва ишхоналарда тўсиқсиз муҳитни таъминлаш; ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан иш берувчиларни рағбатлантириш, кадрлар тайёрлаш ва касбий қайта тайёрлаш, шунингдек, мослаштирилган ва инклюзив иш ўринларини яратиш дастурларини ишлаб чиқиш тавсия этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг матбуот хизмати.