"Ноукастинг" ёндашувига асосланган истиқбол модели ИТИМ томонидан 2021 йилдан буён қўлланилиб келмоқда ва ялпи ички маҳсулотнинг чораклик кўрсаткичларида аниқлаб бўлмайдиган алоҳида жиҳатларини очиб беришга имкон беради
2022 йил 3-чорагида ҳафталик ЯИМ динамикаси ўсиш тенденцияси давом этиб келмоқда. Бундай ҳолат жорий йилнинг 2-чорагида ҳам кузатилган эди. 2022 йил 3- ва 4-чоракларида ўсиш тенденцияси ортиб бориши биринчи ярим йиллик кўрсаткичларига нисбатан йиллик ҳисобда ЯИМнинг камида 0,75 фоизга ошишига олиб келиши кутилмоқда.
Биринчи чоракдаги сезиларли пасайишдан кейин иқтисодиётнинг тикланиши ташқи савдо айланмаси ҳажми ўсиши, хизмат кўрсатиш соҳасида ишбилармонлик фаоллиги ва давлат ёрдамининг ошгани билан боғлиқ. Хусусан, товар ва хизматлар ташқи савдо айланмаси август ва сентябрь ойларида мос равишда 14 фоиз ва 12 фоизга ошди. Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам фаоллик сезиларли даражада кўпайди. Буни “бизнес ва саноат” (14,5 фоизга ўсиш), “дам олиш ва ҳордиқ” (9,7 фоиз) каби тоифалар бўйича интернет сўровлари кўпайгани кўрсатмоқда.
Юқоридаги омилларни ҳисобга олган ҳолда, 3-чорак якуни бўйича ЯИМ ўсиш прогнози 5,81 фоизни ташкил этмоқда (прогноз диапазони 5,78-5,83 фоиз даражасида белгиланди). Шу билан бирга, марказ прогнозига кўра, қисқа муддатда иқтисодий ўсишда сезиларли тебранишлар кутилмаяпти, чунки фундаментал иқтисодий омиллар барқарорлигича қолмоқда.
4-чоракда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати 2022 йилнинг 3-чораги даражасида сақланиб қолиши кутилмоқда. Жорий йилнинг август ойида 2022 йил учун марказ томонидан эълон қилинган аввалги ЯИМ ўсиши прогнози 5,77 фоиз эди.