Нуфузли глобал рейтинглар эътирофи

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил  29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида мамлакатимизда юридик таълим ва фанни ривожлантиришга қаратилган муҳим ва стратегик масалалар қаторида Тошкент давлат юридик университетини халқаро тан олинган таълим муассасалари рейтингига киритиш вазифаси ҳам белгиланган эди. 

    Ушбу вазифани амалга оширишда университетда ўқув-илмий фаолият билан шуғулланишни янада такомиллаштириш, профессорўқитувчиларнинг Scopus ва Web of Science халқаро илмий техник базаларидаги журналларда мақолалар чоп этишини фаоллаштириш ва уларни муносиб рағбатлантириш, университет академик нуфузини ошириш мақсадида таълим жараёнига хорижлик малакали мутахассисларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди.

    Шу билан бирга, нафақат талабалар, балки университет ходимларининг хорижий тилларни билиш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган. Мухтасар айтганда, сўнгги бир ярим йил мобайнида бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди. Ана шу ишларнинг илк натижалари бугун ўз самарасини бера бошлади. Хусусан, университет томонидан Буюк Британиядаги Times Higher Education ташкилотининг бир нечта йўналишлардаги рейтингларида иштирок этиш учун ариза топширилди. Куни кеча эълон қилинган THE Impact Ranking ҳам ушбу ташкилотнинг нуфузли рейтингларидан ҳисобланади.

    Таъкидлаш керак, Times Higher Education ташкилотининг “THE Impact Rankings” рейтинги дунё мамлакатлари университетлари томонидан БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги муваффақиятларини баҳолайди. Ушбу рейтингда Тошкент давлат юридик университети дунёнинг 94 та минтақа ва давлатларидан қатнашган мингдан ортиқ университетлар орасида 401-ўринни эгаллади. ТДЮУ мазкур рейтингда иштирок этган мамлакатимиз олий таълим муассасалари орасида энг юқори натижани қайд этди.

    Университетимиз “THE Impact Rankings”нинг еттита: таълим сифати, гендер тенглиги, муносиб иш жойи ва иқтисодий ўсиш, саноат, инновация ва инфратузилма, тенгсизликни қисқартириш, тинчлик, адолат ва кучли институтлар, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳамкорлик йўналишларида иштирок этиб, яхши натижаларни қайд этди.

    Албатта, биз ушбу натижалар билан чекланиб қолмасдан, бу борадаги ишларимизни давом эттириб, халқаро QS ва THE ташкилотларининг минтақавий ва глобал рейтингларида ҳам иштирок этиш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқдамиз. Айни пайтдаги иштирокимиз нуфузли рейтингларда қатнашишга йўл очади.

    Нодирбек САЛАЕВ,

    Тошкент давлат юридик университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates