Нукусда велоспорт бўйича мамлакат чемпионатига старт берилди

    Спорт 18 август 2021 2930

    Бугун Қорақалпоғистон Республикасида велоспорт бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатига старт берилди. Унда 2007-2008 йилларда туғилган ёшлар ғолиблик учун баҳс олиб боряпти.

    Мусобақада Республикамизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрган 100 нафарга яқин ёш велопойгачилар ўз маҳоратларини намойиш этяпти. Регламентга кўра, бугунги кун дастурида спортчилар 5 километр масофага шахсий пойга бўйича яккалик беллашувларини ўтказишди.

    Қизиқарли кечган баҳсда ғолиблик мезбон жамоа вакили Бексултан Курбаниязовга насиб этди. Иккинчи натижани Миллий гвардия қошидаги «Динамо» клуби вакили Нурсултан Турсунов қайд этган бўлса, кучли учликни Никита Еремов якунлаб берди.

    Таъкидлаш жоиз, ушбу чемпионатни Нукусда ўтказишдан мақсад Республикамизнинг барча ҳудудларида спорт тарғиботини янада кучайтиришдир. Қорақалпоғистон эса сал кам 40 йил ичида илк бор ушбу спорт туридаги Республика чемпионатига мезбонлик қиляпти, деб хабар беради Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.