Нурафшон Ўзбекистонда биринчи “Smart City”га айланади

    Урбанизация 23 июн 2020 5424

     Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, 2050 йилга бориб ер юзи аҳолисининг 70 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади. Аҳоли зич яшай бошлайди, кўчаларда юриш мураккаблашади, ресурслардан самарали фойдаланишнинг имкони бўлмайди.  Ҳар йили бир миллион киши қишлоқлардан кўчиб кетмоқда. Шундай экан, албатта, катта шаҳарларда катта муаммолар ҳам бўлиши табиий. Шу боис, бир қатор давлатларда замонавий ахборот- коммуникация технологиялари билан таъминланган шаҳарлар, яъни “Smart City”лар пайдо бўлмоқда.

    Тошкент вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланган Нурафшонни ҳам мамлакатимиздаги биринчи ақлли шаҳарга айлантириш режалаштириляпти. Мазкур концепцияга мувофиқ, шаҳарда маъмурий бинолар, замонавий тураржойлар, бизнес марказлари, меҳмонхоналар, спорт мажмуалари, Ёшлар ижодиёт марказлари, кутубхоналар, мактаблар, кўп тармоқли шифохоналар бунёд этилади. Савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, истироҳат боғлари, яшил майдонлар, пиёдалар ва велосипедчилар учун хиёбонлар, йўллар қурилади. Жамоат транспорти ҳаракати ҳам йўлга қўйилади. Уч йил давомида эса эски, пана-пастқам уйжойлар, тор ва уйдим-чуқур ички кўчалар, таъмирталаб автомобиль йўллари, хуллас, шаҳардаги бутун инфратузилма янгиланиб борилади.

    Умумий майдони 217 гектар гектардан иборат бўлган Тўйтепа шаҳарчаси ўрнида вужудга келган Нурафшон шаҳрининг жами майдони бугунги кунда қарийб 16 баравар кенгайган бўлиб, айни пайтда 3248,2 гектарга тенг. Мавжуд 22 та маҳалла фуқаролар йиғинида 48,5 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади.

    Бугун шаҳардаги улкан қурилиш ишлари давом этмоқда. Хусусан, шаҳар маркази Тошкент йўли кўчасида 213 та объект бузилиб, жой эгаларига маҳаллий бюджет ҳисобидан 24,5 миллиард сўм товон пули тўлаб берилди. Марказий кўчада 172 та бино ва иншоот қад кўтариши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 36 тасида қурилиш ишлари олиб бориляпти. Тоза ичимлик суви ва канализация тармоқлари тортилмоқда.

    – Канализация тизими, ичимлик сув, газ ва электр энергияси таъминотлари бутунлай янгидан йўлга қўйилади, – дейди халқ депутатлари Нурафшон шаҳар кенгаши депутати Аҳмадали Сармонов. – Канализация ва ичимлик сув қувурлари учун ҳукуматимиз томонидан 141 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, 4 минг куб сувни тозалайдиган иншоот барпо этилмоқда. Тошкент йўли кўчасида 9 та банкларнинг бинолари бунёд этилди. Бир-икки йил мобайнида 96 та ана шундай иншоотлар қурилади. Ҳозирги кунда 14 та етти қаватли тураржой биноси фойдаланишга топширилди.

    Шу билан бирга, шаҳарда Ёшлар иттифоқининг вилоят кенгаши, вилоят Адлия, Молия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари маъмурий бинолари, автосалон қурилиб, фойдаланишга топширилди.

    Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, жорий йилдаги дастурга мувофиқ, Нурафшон шаҳрида умумий қиймати 782 миллиард 500 млн. сўмдан иборат бўлган 41 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши белгиланган.