Нутқни равонлигига путур етказадиган асосий беш омил

    Равон, аниқ ва ифодали нутқнинг ҳар қандай ҳусндан ортиқроқ мафтункорлик хусусияти мавжуд. Айрим инсонларни эшитсанг, ногоҳ сўзларининг жодусига чўмиб, айтганларини бажаришга интиласан киши. Бошқа бир тоифадагиларнинг эса айтаётганлари қанчалик ҳақ ва мазмунли бўлмасин, унга амал қилгинг ҳам, ҳақ деб тан олгинг ҳам келмайди.

    Кўплаб бошқа соҳа вакиллари каби ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаси вакилларининг ҳам касбий эҳтиёжларига аниқ ва равон, таъсирли мулоқот олиб бориш кўникмаси кириши ҳеч кимга сир эмас. Аксинча, бу талаб, зарурат ва фаолиятнинг айрилмас қисмидир.

    Бу борада катта чўққиларни забт этган нотиқлардан ўрнак олиш мақсадга мувофиқ. Уларда суҳбатдошга узатилаётган хабарнинг ишончлилиги, сўзловчининг уни қанчалик ишонтириб етказиб бера олаётганига боғлиқдир. Аниқ ва равон нутқ соҳиблари оилавий статус билан бирга касбий жабҳада ҳам бошқарув лавозимларни эгаллашларини атроф-муҳитдан ҳам кузатишимиз мумкин. Худди шундай, зеҳни ва мантиқий фикрлаши билан ажралиб турадиганларнинг мулоқот одатларидаги илғалмас ва яққол чекинишлар туфайли жамият томонидан жиддий қабул қилинмасликларини кўрамиз.

    Инсонни кийиниши ёки ташқи кўринишининг орасталиги унинг ҳаётдаги тутган ўрнини белгилаши мумкинлигини инкор этмаган ҳолда, омма томонидан нутқнинг орасталигига бўлган эътибор четда қолади. Ҳолбуки, ҳаттоки эътиборсизларни ҳам равон нутқ эгаларининг жозибаси жалб эта олади ва беихтиёр уларга эргашиш тенденцияси кузатилади.

    Нутқни равонлигига путур етказадиган 5та асосий омил мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардир:

    1. Паразит сўзлар ёки ифодалардан ҳаддан зиёд кўп фойдаланиш;

    (Уларнинг тез-тез такрорланиши сўзловчининг нутқидаги бўшлиқларни тўлдиришга ёрдам бериши баробарида, унинг қийта-қайта такрорланиши суҳбатдошни чалғитиб, уни паразит сўзларни санашга ундаб, натижада мулоқотнинг мазмуни умуман диққат марказидан чиқиб кетади).

    2. Номақбул иборалар (сўкиниш, қарғиш, хақорат, жаргон сўзлар)нинг нутқда учраши;

    (Номақбул иборалар ва равон нутқ бир-бировига зид тушунчалар бўлиб, бу каби иборалар фақатгина зиёлиларни танқид қилувчи маълум ижтимоий қатлам вакилларининг сўзлашув қуроли саналади).

    3. Нутқнинг ҳаддан зиёд узун ва давомлилиги;

    (Узун гаплар ва узоқ давом этувчи нутқлар тингловчини маълумотнинг эгасини, кесимини ва умуман кўзланаётган мақсадини англашга тўсқинлик қилади. Мулоқотни бошидаёқ чалкашиб кетган суҳбатдош, табиийки, зерикади ва мулоқот охирига етмасданоқ чекинади).

    4. Сўз бойлигининг жуда озлиги ёки аксинча фақат маълум соҳавий терминлардан кўп фойдаланган холда гапириш;

    (Берилаётган маълумотнинг одатий бўлмаган, лекин тилга хос бўлган қандайдир бошқача усулда тақдим этилиши аниқ суҳбатдошнинг диққатидан четда қолмайди. Лекин фақатгина тор соҳага доир ибораларни қўллаб фикрни ифода этиш тингловчини толиқтириб, маълумотни қабул қилиш иштиёқини сўндиради)

    5. Овознинг жуда баланд тембрда бўлиши;

    (Бунда, табиийки, ўта паст овозда гапириш илгари сурилаётгани йўқ. Чунки жуда суст овоз ҳам ишончсизлик ишораси саналиб, суҳбатдошда айрим иккиланиш ҳисини уйғотади. Лекин овоз тембрининг қуйи оҳангларда бўлиши албатта берилаётган маълумотнинг тасирли бўлишига хизмат қилади).

    Хулоса қилиб айтсак, гапларимизнинг таъсирли бўлишида нутқимизнинг ортиқча иборалардан холи бўлиши, қисқа ва лўнда маълумотларни тақдим этилиши, фойдаланилаётган ибораларнинг ўринлилиги ва албатта, овозимизнинг меъёрида бўлиши асосий омиллардан саналади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates