ОАВ вакиллари даставвал Сайхунобод туманида жойлашган «Қаҳрамон-Зилола» фермер хўжалигида бўлиб, ҳашарчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Пахта даласида ўтган суҳбатда меҳнаткашларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
— Асли ўзим Фарғона вилоятининг Бағдод туманиданман, — дейди 65 ёшни қаршилаган Раҳима ая. — Умрим пахта ичида ўтди, 9 ёшимдан бери пахта тераман. Мен пахта меҳнатини яхши кўраман. Кўпчиликка қийин туйилган бу меҳнат шунча йил давомида бизнинг ризқимиз бўлиб келди.
Фермер хўжалиги ҳамда кластер раҳбарлари томонидан ишчиларнинг келиб-кетишлари учун алоҳида автобуслар тайинланган, уларнинг ётоқ жой ҳамда кундалик озиқ-овқатларининг харажатлари ҳам кластер томонидан қопланади.
— Биз бугун пахтанинг бир килосига 1 430 сўмдан тўлаяпмиз. Бу республика бўйича энг юқори нархдир. Бундан ташқари, жорий йилдаги теримга давлат идораларида ишловчи бирор ходим мажбурий меҳнат учун жалб этилмаган, — дейди кластер вакиласи Шаҳноза Ашурова.
Ҳашарчиларнинг яшашлари учун тайёрланган «Меҳнат-роҳат шаҳарчаси»да тиббиёт хонаси, маънавият хонаси, аёллар ва эркаклар учун алоҳида ётоқхона, овқатланиш, кир ювиш, ювиниш хоналари мавжуд.
Сайхунободдан сўнг Боёвут туманига борган пресс-тур иштирокчилари у ерда ҳашарчилар учун яратилган шароитлар билан танишишди.