Тренинг очилиш маросимида Агентлик директори Акмал Бурхонов ҳамда ЕХҲТнинг иқтисодий ва экологик фаолият бўйича мувофиқлаштирувчи идораси вакили, Иқтисодий ҳамкорлик ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳатчи Эни Гьерджи иштирок этди.
Агентлик директори таъкидлаганидек, Ўзбекистонда очиқ маълумотларга ҳукумат шаффофлигининг муҳим воситаси ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган омил сифатида катта аҳамият қаратилмоқда.
Хусусан, 2021 йилнинг 16 июнида давлатимиз раҳбари томонидан “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон имзоланди. Фармон билан Агентлик тузилмасида Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилди. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларида ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссиялар иш бошлади.
Агентлик томонидан фармон билан тасдиқланган очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни ўз вақтида белгиланган ресурсларда жойлаштириб борилиши устидан доимий мониторинг ўтказиш тизими йўлга қўйилган. Агентлик томонидан ишлаб чиқилган яна бир муҳим ҳужжат — Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 14 июндаги фармони билан очиқлик индексини шакллантиришга хизмат қилувчи Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва рейтинг баҳолаш бўйича методика тасдиқланди. Ушбу методикани ишлаб чиқишда ЕХҲТнинг экспертлари ҳам жалб этилди.
Тадбир давомида мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти, очиқлик индексини шакллантириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва рейтинг баҳолаш тартиби, бу жараёнларда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг вазифа ва ваколатларига бағишланган тақдимот ўтказилди.
Тадбир дастуридан давлат идоралари вакилларининг очиқ маълумотлар сиёсати ва уни амалга ошириш механизмлари соҳасидаги салоҳиятини оширишга қаратилган бошқа муҳим мавзулар ҳам ўрин олган.