Бугун янги Ўзбекистонда буларнинг барчасини амалга оширишга имконият ва шароит, куч ва шижоат, энг асосийси, юксак сиёсий ирода мавжуд.
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 5 март куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида бу масала янада кескин ва очиқ муҳокама қилинди. Хусусан, Президентимиз мамлакатда коррупция билан боғлиқ муаммоларни бирма-бир кўрсатиб, чуқур таҳлил қилди, амалга ошириш зарур бўлган устувор вазифаларни белгилаб берди.
Коррупция даражасини пасайтириш, унинг олдини олиш бўйича энг қуйи бўғингача тушишга эътибор қаратилмагани ва тизимли камчиликларга йўл қўйилаётган соҳа ҳамда йўналишлар санаб ўтилди, уларнинг ечими айтилди.
Коррупцияга қарши превентив механизмларни жорий этиш бўйича махсус тузилмалар фаолияти самарали ташкил этилмагани, кўплаб соҳаларда ҳали-ҳануз коррупция даражасини пасайтириш чоралари кўрилмаётгани танқид қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан қатор вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21 апрелдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу вазифаларни ҳаётга самарали татбиқ этиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича бошланган ислоҳотларни янги босқичда давом эттириш учун катта қадам бўлди.
Биргина фармон билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш кенгайтирилган йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқиладиган 21 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат рўйхати ва амалий чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Улар орасида халқимиз узоқ вақтдан бери кутаётган давлат хизматчиларининг даромади ва мол-мулкини декларация қилиш, давлат фуқаролик хизматчилари реестрини белгилаш, кадрларнинг коррупцияга мойиллик даражасини ўрганиш, коррупция жиноятининг аниқ рўйхати ҳамда бу борада жазо чораларини кучайтиришга қаратилган долзарб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бор.
Уларнинг ҳар бири аниқ тартиб, механизм, масъул орган, муддат ва натижа билан белгиланган. Шунинг учун ҳам вазирлик ва идоралар раҳбарларига ушбу фармон ва унинг доирасида белгиланган вазифаларни сифатли, ўз вақтида ва сўзсиз бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилди. Бу шунчаки жавобгарлик эмас, давлат бошқарувидаги кескин талаб. Унда кечиктириш, узр, қарама-қаршилик ва “сабаби бор” каби баҳоналарга энди ўрин йўқ. Бундан буён раҳбарлар ҳисобот эмас, аниқ ва амалий натижа учун масъулиятни янада кучайтириши зарур. Шунчаки “маъруза”лар даври тугади, энди натижа керак!
Сиёсий масъулият ва шахсий жавобгарлик
Фармонга кўра, миллий кенгаш ҳар йили ҳудудлар кесимида коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш, жумладан, маиший коррупцияга барҳам бериш, коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича “йўл харита”сини тасдиқлаб, ижроси устидан назоратни таъминлайди. Бу дегани, энди кураш фақат марказдагина эмас, жойларда ҳам амалий ва қатъий кўринишда бўлади. Олий Мажлис палаталари ҳар йили бюджетдан энг кўп маблағ оладиган учта вазирлик ва идорада коррупциявий омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритади.
Шубҳасиз, бюджет — халқ пули, уни назорат қилиш ҳам халқ вакилларининг бурчи. Шунинг учун бундай тизим коррупциянинг манбаларига фақат текшириш органлари эмас, балки парламентнинг сиёсий масъулияти орқали ҳам таъсир ўтказиш имконини беради деб ҳисоблайман.
Фармон билан сўз ва амал уйғунлигини таъминлайдиган янги сиёсий маданият шакллантирилмоқда. Гап шундаки, энди вазир ва ҳокимлар лавозимига номзодлар тегишлича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашларида кўриб чиқилаётганда улар томонидан коррупциянинг олдини олиш бўйича аниқ режа ҳимоя қилинишига оид тартиб йўлга қўйилади.
Бунинг аҳамияти шундаки, эндиликда раҳбарлик лавозимига тайинланмоқчи бўлган шахснинг дунёқараши, билим ва тажрибаси билан бирга коррупцияга нисбатан муносабати унинг режа ва стратегияларида аниқ акс этиши ҳам энг муҳим мезонлардан бири ҳисобланади. Бу билан сиёсий масъулият ва шахсий жавобгарлик бир пайтда талаб қилинмоқда.
“Жиноятчиликка қарши курашиш ҳафталиги” давомида ҳар ойнинг 1-5-саналарида режа асосида “қизил” тоифадаги маҳаллаларга тушиб, ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари таҳлил қилинади ҳамда прокурор ва ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ тавсиялар берилади. Демак, муаммо “Қайси маҳаллада нималар бўляпти?” деган савол билан эмас, “Нега бундай бўлди, нималар сабаб бўлди ва ким жавобгар?” деган ёндашув билан ўрганилади.
Коррупцияга қарши курашишнинг долзарб йўналишларидан бири давлат харидлари ва йирик инвестиция лойиҳаларида шаффофлик ва рақобатни таъминлаш саналади. Эндиликда давлат харидлари вақтида маҳсулот ёки хизматнинг бозордаги ўртача нархига нисбатан катта фарқ билан амалга оширилган харид учун мансабдор жавобгар бўлади. Бу шунчаки тартиб эмас, чин маънода молиявий адолатни таъминлаш воситаси.
Тўғридан тўғри шартномалар орқали амалга ошириладиган харидларни икки баравар қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Бу бежиз эмас, чунки тўғридан тўғри шартномалар коррупция учун энг қулай “эшик”, десак муболаға бўлмайди. Бу янги тартиб эса шаффофликни оширади, тендерсиз, “таниш-билиш”лар орқали шартнома беришга чек қўяди, рақобат муҳитини яхшилайди.
Халқ давлат хизматини баҳолайди: “қониқарсиз”, демак, раҳбар жавобгар
Фармондан ўрин олган муҳим янгиликлардан яна бири — энди халқимиз давлат хизматларини ўзи баҳолайди, ўзи назорат қилади. Бунинг учун 2026 йил 1 январга қадар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар томонидан кўрсатиладиган барча давлат хизматларини туман (шаҳар) кесимида аҳолининг ўзи баҳолайдиган тизим жорий этилади. Бунда аҳоли томонидан “қониқарсиз” деб баҳоланган давлат хизматларини кўрсатувчи вазирлик, идора раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимларининг шахсий жавобгарлиги белгиланади. Агар аҳоли “қониқарсиз” деб баҳоласа, раҳбар шахсан жавобгар бўлади. Мана шу халқчил ислоҳот!
Жамиятдаги ҳар бир инсоннинг ҳуқуқий муаммоларга эътибор қаратиши ва уларни ҳал қилиш учун осон ва ишончли механизмлардан фойдаланиши муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда интернет ва мобил илова орқали кўп иш қилиш мумкин, жумладан, ҳуқуқий масалаларда ҳам. Шуни инобатга олиб, фармонда аҳолининг кундалик ҳаётда учрайдиган саволларига мобил телефон орқали содда ва қулай шаклда жавоб олиш имкониятини берадиган онлайн платформани ишга тушириш белгиланди.
Бунинг мантиқий давоми сифатида фуқароларга сифатли юридик ёрдам кўрсатилишида адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши кун тартибига чиқмоқда. Ҳозирги кунда адвокатлар фаолиятида кўпинча турли қийинчилик ва босимларга дуч келаётганига кўп гувоҳ бўляпмиз ва бу жуда ташвишли. Улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш нафақат адвокатлар фаолиятини енгиллаштиради, балки аҳолининг ҳуқуқий ёрдамга эҳтиёжини ҳам аниқ ва сифатли таъминлашга замин яратади.
Комплаенс назорат: янги тартиб ва аниқ мезонлар асосида
Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқий асослар, жазо чоралари ва ташқи назорат муҳим, албатта. Аммо ички, яъни комплаенс назорат ҳақиқий барқарор тизим яратишнинг асосидир. Комплаенс назорат — фақат ҳуқуқий талабларга эмас, балки ахлоқ ва этикага ҳам боғланган тизим. У коррупцион ҳолатларни аниқлаш, уларга қарши чоралар кўриш, ташкилотлардаги шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга ёрдам беради. Шу боис, 2021 йилдан бошлаб мамлакатимизда 117 та давлат органи ва ташкилотида бундай тузилмалар фаолияти йўлга қўйилди. Ўтган давр мобайнида уларнинг кўмагида сезиларли натижаларга эришилди, буни тан олмай илож йўқ. Аммо қўйилган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш, афсуски, кутилганидек бўлмади. Шу ўринда бунга нималар тўсқинлик қилди деган ҳақли савол туғилиши табиий.
Биринчидан, шу пайтга қадар ички назорат тузилмаларининг ҳуқуқий мақоми, вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинмаган.
Иккинчидан, тизимда коррупцияга қарши курашишга доир чора-тадбирларни амалга оширишда раҳбар ходимларнинг шахсий намунаси, ташаббуси ва масъулияти етишмади.
Учинчидан, қонунчиликда ички назорат тузилмалари масъул ходимлари фаолияти самарадорлигини мақсадли кўрсаткичлар — KPI асосида баҳолаш ва аттестациядан ўтказиш тартиби белгиланмаган.
Тўртинчидан, ички назорат тузилмаларининг иш берувчиси вазирлик ва идоралар раҳбарлари бўлгани сабабли ташкилот тизимида мавжуд қонун бузилиши ҳолатларини фош қилиш учун уларда мустақиллик етишмади. Шунинг учун йиғилишда тузилмалар фаолияти давлатимиз раҳбари томонидан ҳам ўринли танқид қилинди ва назорат бўлинмалари ишини янгича тизим асосида ташкил этиш лозимлигига алоҳида урғу берилди.
Шу мақсадда янги қарорда комплаенс назорат тузилмаларининг аниқ устувор вазифалари белгиланди. Уларнинг мустақил фаолият юритиши, реал таъсир кучига эга бўлиши учун муҳим асос яратилди. Яъни қарорга кўра, коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ўз фаолиятида бевосита ташкилотнинг биринчи раҳбарига, уставига кўра давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида эса кузатув кенгашига бўйсунади ва унинг олдида ҳисобдор бўлади. Давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмалари, таркибий ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари ва ходимлари республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари томонидан тайинланади ҳамда фаолияти мувофиқлаштирилади.
Яна бир муҳим янгилик — ходимларнинг моддий рағбатлантирилишини ташкил этишда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг тақдимномаси мажбурий асосий ҳужжат ҳисобланишидир.
Қарор билан давлат органлари ва ташкилотлари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларида коррупцияга қарши ички назорат бўлинмаларини ташкил этишнинг минимал мезонлари тасдиқланди. Бу жуда муҳим. Аниқ ва ягона мезоннинг мавжуд эмаслиги амалиётда қатор қийинчилик, тушунмовчилик ва муаммоларни келтириб чиқараётган эди. Янги тартибга кўра, ҳудудий тузилмалар ва таркибий ташкилотлар мавжуд бўлмаган давлат ташкилотларининг марказий аппарати штат бирлиги сони 150 тагача бўлса, 1 нафар масъул ходим, 150-400 тагача бўлса, марказий аппаратда 2 нафар ходимдан иборат бўлинма, 400 ва ундан ортиқ бўлса, марказий аппаратда 3 нафар ходимдан иборат бўлинма фаолият юритади.
Ҳудудий тузилмалар ва таркибий ташкилотлар мавжуд бўлган давлат ташкилотларининг марказий аппарати штат бирлиги сони эса 150 тагача бўлса, марказий аппаратда 2 нафар ходимдан иборат бўлинма, ҳар бир ҳудудий тузилма ва таркибий ташкилотларда 1 нафардан масъул ходим, 150-400 тагача бўлса, марказий аппаратда 3 нафар ходимдан иборат бўлинма, ҳар бир ҳудудий тузилма ва таркибий ташкилотларда 1 нафардан масъул ходим, 400 ва ундан ортиқ бўлса, марказий аппаратда 4 нафар ходимдан иборат бўлинма, ҳар бир ҳудудий тузилма ва таркибий ташкилотларда 1 нафардан масъул ходим фаолият юритади.
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг белгиланган умумий сони ва ажратилган маблағлар доирасида ўзларининг коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари учун ушбу минимал мезонларда назарда тутилганидан кўпроқ штат бирликларини белгилаши мумкин. Бунда белгиланган масъул ходимлар штат бирликлари сони 7 ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда бошқарма, 2 ва ундан ортиқ бўлган ҳолларда бўлим ташкил этилади.
Яна бир ҳолат: тизимдаги таркибий ташкилотнинг умумий штатлари сони 400 ва ундан ортиқ бўлса, минимал мезонлар татбиқ этилади. Бу эса назоратнинг марказдан ҳудудларгача етиб боришига имкон яратади.
Соғлиқни сақлаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги, Сув хўжалиги вазирликлари ҳамда “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзсувтаъминот” каби аҳамиятли тармоқларда 2027 йилгача тажриба тарзида тўғридан тўғри Коррупцияга қарши курашиш агентлигига бўйсунадиган бўлинмалар ташкил қилинади.
Нима учун айнан шу бешта идора? Чунки улар халқ ҳаётига бевосита таъсир қилувчи асосий соҳалар. Бу амалиёт янги тизим самарадорлигини синовдан ўтказиш учун муҳим тажриба мактаби бўлади. Ушбу ташкилотларда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари раҳбарлари тўғридан тўғри агентлик томонидан тайинланади ва бевосита унинг назоратида бўлади. Бу эса тизимли ютуқлар ва хато-камчиликларни аниқлашда “жонли лаборатория” сифатида хизмат қилади.
Эътиборли жиҳатлардан яна бири, комплаенс ходимлари энди махсус стажировка, малака ошириш курслари ва аттестациядан ўтади. Уларнинг фаолияти KPI, яъни аниқ самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳоланади ва натижалар ҳар ярим йилда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига тақдим этилади.
Коррупцияга қарши курашишда мақсадларимиз тобора қатъийлашяпти, саъй-ҳаракатларимиз аввалгидан-да жиддий тус оляпти. Бу кураш умуммиллий ҳаракат, сиёсий ирода ва шахсий масъулият масаласига айланди. Аммо қабул қилинаётган қарорлар ва жорий этилаётган механизмлар қанча пухта бўлмасин, агар ижро этилмаса, барчаси қоғозда қолиб кетиши ҳеч гап эмас.
Албатта, ҳар биримиз коррупциядан холи жамиятда яшашга сўзсиз ҳақлимиз, лекин бунга, аввало, ўзимиз масъулмиз. Шу боис, ўзгаришлар фақат давлатдан эмас, ҳар биримизнинг ҳалолликка интилишимиздан бошланади. Шахсий манфаатларимиз олдида ожизлик, қўрқоқлик, номардлик қилмасак, ҳалоллик учун курашиб, турли баҳоналар билан ўзимизни оқламай, айбни бошқалардан изламай, бефарқликни енгсак, кутган натижамиз, ўйлаган мақсадларимизга эришамиз. Бу ҳақиқат ва уни тан олишимиз керак!
Улуғбек МУҲАММАДИЕВ,
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги
жамоатчилик кенгаши аъзоси








